Суперлигада давом этаётган саргузаштлар
Суперлиганинг 20-тури бизга жорий мавсумдаги мамлакат чемпиони номини расман аниқлаб берди. Бунга кўра кутилганидек «Пахтакор» клуби «мавсум-2019» ғолиби сифатида тарихдан жой олди. Умуман айтганда, ушбу турда ҳам яна бир қатор қизиқарли ва эътиборга молик воқеалар ҳам кузатилди. Қуйида шулар ҳақида тўхталамиз.
«Пахтакор» - 12 карра чемпион!
Аслида ҳам воқеалар ривожи шунга қараб кетаётганди. «Локомотив» билан ўртадаги очколар фарқи турдан-турга катталашиб бораётганди. Футболни унчалик тушунмаган инсон ҳам турнир жадвалига қараб «Пахтакор»ни чемпион деб ҳисоблаётганди ҳам. Шунчаки, ҳаммасини расмийлаштириш қолганди холос. Аксига олиб, «Локомотив» бу турда ҳам дуранг ўйнаб қўйди. Натижада «Пахтакор» ғалаба қозонса, 1-ўринни муддатидан олдин ўзиники қилиб олиши аниқ бўлиб улгурганди. Устига-устак, «Шерлар» ушбу турда ўзининг бир қатор футболчиларини берган «Металлург»га қарши тўп суришди. Очиғи, мазкур ўйинда «Пахтакор»нинг ғалабасига ҳеч кимда шубҳа қолмаганди. Кутилганидек, якуний натижа «Шерлар»нинг фойдасига – 1:2. Ўйиндан кейин эса чемпионликни нишонлашди ва айтиш керакки, бу Шота Арвеладзенинг мураббийлик фаолиятидаги дастлабки чемпионлиги ҳисобланади. Бундан ташқари, «Пахтакор» ниҳоят, «Локомотив»нинг уч йил гегемонлигига ҳам чек қўя олди. Охирги марта 2015 йили олтин медалга эга чиққач, 2016, 2017 ва 2018 йилги мавсумларда «Локомотив» чемпионликни нишонлаганди. Бунга қадар эса «Пахтакор» 1992, 1998, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2012, 2014 ҳамда 2015 йилги мавсумларда муваффақият қозонганди. Бу сафаргисини қўшиб ҳисоблаганда эса 12-чемпионликни расмийлаштиришди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. «Пахтакор» бунга қадар Ўзбекистон Кубоги ва Лига Кубогининг ярим финалига етиб келган ва Ўзбекистон Кубогида финалга йўл олди. Энди улар ўтган йилгидек, ҳал қилувчи баҳсда яна АГМК билан куч синашишади. Умуман айтганда, «Пахтакор»да мавсумни хет-трик кўринишидаги муваффақиятлар билан якунлаш имконияти мавжуд.
«Динамо»нинг «яшин тезлиги»да шўнғиётгани…
Биринчи давранинг қаҳрамонларидан бирига айланган «Динамо», иккинчи давра антиқаҳрамонга айланмоқда. 20-тур доирасида самарқандликлар ўз уйида Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган «Андижон»ни қабул қилди. Биринчи даврада Андижондаги баҳсда 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб, мағлубиятсиз сериясини давом эттирган «Динамо», бу сафар ўша рақибига ўз майдонида ютқазиб мағлубиятли сериясини давом эттирмоқда. Икки тур олдин жамоанинг муваффақиятсиз ўйинлари туфайли Самарқанд вилояти ҳокими «Динамо» клубининг мураббийлари ва футболчилари билан учрашиб, уларни руҳлантирганди ва бош мураббий Даврон Файзиевга ишонишини таъкидлаганди. Лекин шундан кейин ҳам жамоа яна ютқазишда давом этяпти. Натижада Файзиев барибир истеъфога чиқди ва ўрнига Тачмурод Агамуродов тайинланди. Шу тариқа, самарқандликлар 8 та ўйиндан бери фақат мағлубиятга учраб келишмоқда. «Яшин тезлиги» каби пастга шўғнишда давом этаётган «Динамо» бу кетишда антирекорд ўрнатмоқчи шекилли. Яъни, биринчи даврадаги ажойиб ўйинлар ва натижалардан кейин 18 очко билан 7-ўринни эгаллаганди. Ўша пайтларда самарқандликларнинг «иштаҳаси карнай» эди. Айниқса, 13 та ўйиннинг фақат 3 тасидагина мағлубиятга учрашганди холос. Ҳозир эса вазият қандай? Мағлубиятлари сони 10 тага етди! Қўрқинчлиси шундаки, «Динамо»ни қолган олтита ўйинда кимлар кутиб турибди? Сафарда «Навбаҳор», уйда «Пахтакор», сафарда «Сўғдиёна» билан «Металлург», уйда «Сурхон» ва яна сафарда «Насаф» билан ўйнайди. «Андижон» устози Александр Хомяков айтганидек, лигада қолиш учун курашаётган жамоалар орасида чиндан ҳам «Динамо»нинг тақвими мураккаброқ кўринмоқда. Хўш, энди Агамуродов вазиятни қанчалик ўзгартира оларкин?
«Бухоро» Қаршидаги қора анъанасига барҳам берди
«Бухоро» жамоасига ҳам тушуниб бўлмайди. Бир қарасанг, ўз уйида исталган рақибга ютқазаётган бўлади, яна бир қарасанг, меҳмонда асосий рақобатчисига учталаб гол ураётган ёки «Насаф»дек рақиб майдонидан ғалаба билан қайтаётган бўлади. 20-турда Қаршида кечган учрашувда кўпчилик «Бухоро»нинг мағлубиятини кутаётганди. Бироқ ҳаммаси аксинча тус олди ва «Насаф» аутсайдер жамоага ютқазиб қўйди. Бу ўйиннинг аҳамиятли жиҳати шунда бўлдики, бухороликлар чемпионат доирасида ҳали бирор марта Қаршида ғалаба қозонишмаганди. Тўғри, қайсидир йилларда «Насаф» майдонида дуранг ўйнашган. Аммо ғалабага келганда сира «Бухоро»нинг омади чопмасди. Шуни ҳисобга олганда, бу сафарги натижани балки кутилмаган ҳолат деб баҳоласак ҳам арзийди. Бундан аввалги сафар учрашувида эса Самарқандда «Динамо»ни 3:0 ҳисобида «янчиб» ташлаганди. Тожикистонлик бош мураббий Муҳсин Муҳаммадиевнинг олдига «Бухоро»ни Суперлигада сақлаб қолиш вазифаси қўйилган. Унинг бошчилигида эса ҳозирга қадар 10 та учрашувда иштирок этишди ва шундан учтасида ғалаба қозонишди. Лекин факт шуки, «Бухоро» Муҳаммадиев қўл остида Қаршидаги қора анъанасига барҳам бера олди.
«Қўқон-1912»нинг мағлубиятсиз серияси давом этади
«Динамо»дан фарқли ўлароқ қўқонликлар иккинчи даврага келиб «жонланишди». Ёдингизда бўлса, мавсумнинг дастлабки қисмида кетма-кет мағлубиятлар гирдобига тушиб қолишганди. Бунга эса аксарият ўйинларнинг меҳмонда ўтказилгани ҳам катта таъсир кўрсатганди, албатта. Иккинчи даврага келиб эса кутилганидек «Қўқон-1912» ўзига келди. Натижада бешинчи ўйиндирки, мағлубиятсиз сериясини давом эттириб келмоқда. Яъни, тўртта ғалаба ва битта дуранг қайд этди. Шунингдек, Кубокдаги ғалабани ҳам қўшадиган бўлсак, қўқонликлар олтита учрашувдан бери мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқдалар. Натижада яққол аутсайдерликдан қутулиб, турнир жадвалида 9-ўринга кўтарилиб олишди. Катта эҳтимол билан бу жамоа қийин даврни енгиб ўтди ва энди бемалол юқори ўринларни кўзласа ҳам бўлаверади.
«Локомотив» сафарда бешта ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти
Самвел Бабаян бошқарувидаги «Локомотив» клуби ушбу мавсумга келиб чемпионлик камарини «Пахтакор»га топширди. Энди улар эгаллаб турган 2-ўрнини мустаҳкамлаш ҳақида ўйлашмоқда. Ҳозирча Бабаян «Локомотив» бошқарувида барқарорликка эриша олаётгани йўқ. Айнан шунинг учун ҳам барқарор бўлган «Пахтакор» мавсум тугашига олтита тур қолганида чемпионликни нишонлади. Шу боис «Локо» бундан буёғига фақат иккинчи ўрнини сақлаб қолиш учун курашади. 20-турда эса темирйўлчилар Қўқонда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этишди. Эътиборлиси шундаки, бу жамоа меҳмондаги охирги бешта учрашувдан буён ғалаба қозона олмаяпти. Ҳаммаси 12-тур доирасида Самарқандда «Динамо»га қарши ўйин билан бошланди. Ўшанда «Локо» 1:2 ҳисобида ютқазди ва бош мураббий Андрей Фёдоров истеъфога чиқарилди. Сўнг иккинчи давранинг дастлабки турида Жиззахда охирги дақиқада урилган гол эвазига «Локомотив» енгилди ва бу Бабаяннинг чемпионат доирасида ушбу жамоа бош мураббийи сифатидаги дастлабки мағлубияти бўлди. 16-турда эса Термизда «Сурхон» билан аранг 1:1 ҳисобида дуранг қайд этишди. Шу зайлда «Бунёдкор» ҳамда «Қўқон-1912» майдонида ҳам ўша ҳисоб кузатилди. Қизиғи, ўтган турда «Локо» ўз уйида «Металлург» билан ҳам худди шу ҳисобда дуранг ўйнаганини ҳисобга олсак, улар кетма-кет учта беллашувдан бери фақат 1:1 ўйнашаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Қойил қолдиришда давом этаётган «Сўғдиёна»
«Пахтакор» сингари «Сўғдиёна» жамоаси ҳам ҳали ҳамон иккинчи даврани мағлубиятсиз ўтказиб келмоқда. Бу турда улар ўз уйида «Навбаҳор»ни қабул қилишди. Аслида майдон эгалари ғалаба қозонишлари ҳам мумкин эди. Аммо Никола Милинкович пенальтидан гол ура олмади. Ўйин эса 0:0 ҳисобида тугади. Бундан олдин «Андижон»га қарши учрашувда ҳам «Сўғдиёна» голсиз дуранг ўйнаганди. Қизиғи шундаки, наманганликлар Жиззахда охирги бор 2006 йилги мавсумда ғалаба қозонишганди. Ўшанда 0:2 ҳисобида муваффақиятга эришишган. Умуман олганда, жиззахликлар иккинчи давра бошланганидан бери тўртта ғалаба ва учта дуранг қайд этишди. Жамоани бошқараётган Улуғбек Бақоев эса «Сўғдиёна»ни Осиё Чемпионлар лигаси учун тайёрлигини айтди. Яна бир гап: «Сўғдиёна»нинг кўрсатаётган ўйини ва қайд этаётган натижалари-ю, тўплар нисбатидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, улар ниҳоятда эҳтиёткорлик билан имкони қадар барчасини аниқ ҳисоб-китоблар ёрдамида амалга оширишга ҳаракат қилишмоқда. Бунинг устига айнан натижа улар учун энг устивор вазифага айланганини ўйинлари ва ҳисоблардан билиб олиш қийин эмас. Айниқса, рақибга қараб қандай ўйнаш кераклигини улар жуда яхши билишади. Шунинг учун «Сўғдиёна» иштирокидаги учрашувларда голлар шоуси ёки катта ҳисоблар кузатилмаяпти. Масалан, иккинчи даврадан буён улар олтита гол уришди. Бир ўйинда энг кўпи билан иккита тўп киритишмоқда. Тушуниб турганингиздек, рақибларни асосан кичик ҳисобларда енгишмоқда. Шу билан бирга ўз дарвозаси дахлсизлигини ҳам муносиб даражада ҳимоя қила олишяпти. Ҳозирча иккита тўп олиб чиқишди холос. Қолаверса, боя таъкидлаганимиздек, чемпионат бошидан бери «Сўғдиёна» рақиблар дарвозасига иккитадан ортиқ гол ургани йўқ. Ўз дарвозасидан эса кўпи билан учта тўп ўтказди. Шунингдек, жиззахликлар иштирокидаги учрашувда йирик ҳисоблар ҳам кузатилаётгани йўқ. Охирги иккита ўйиннинг 0:0 ҳисобларида тугаётгани ва ундан авввалги учта беллашувда биттадан гол ургани ҳам фикримизга исбот бўла олади. Натижа учун ўйнаётган Бақоев эса ҳозирча бунинг уддасидан чиқмоқда. Ҳозирда уларнинг тўплар нисбати тенг – 22 та гол уриб, 22 та гол ўтказишган. Муҳими, «Сўғдиёна» мағлубиятсиз юришини давом эттиряпти. Олдинлари асосан лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган «Сўғдиёна»ни мана шундай даражага олиб чиқа олгани учун Улуғбек Истамовичга жиззахликлар миннатдорчилик билдиришлари керак. Унинг жамоаси кам гол урадими ёки кўп гол ўтказадими, муҳими у натижа қиляпти. Ахир қачон мавсум давомида «Сўғдиёна»нинг кучли учлик учун курашганини кўргансиз?
Биласизми, Миржалол Қосимовда энг кўп мағлубият!
Мавсум аввалида ўз олдига катта мақсадларни қўйган АГМК жамоаси бугунги кунга келиб 19 очко билан 11-ўринда боряпти. Унинг ортида эса «Динамо», «Бухоро» ва «Қизилқум» клублари бор. АГМК эса улардан бор-йўғи бир очко кўп тўплган холос. Шуни ҳисобга олганда, борган сари Миржалол Қосимов жамоаси хавфли ҳудудга яқинлашган ҳолда Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган иштирокчилар қаторига қўшилиб қолмоқда. Янада эътиборлиси шундаки, ҳозирга қадар АГМК Миржалол Қосимов бошчилигида энг кўп мағлубиятга учраган жамоа бўлиб турибди. 20 та ўйиннинг 5 тасида ғалаба, 4 тасида дуранг ўйнаган ҳолда қолган 11 та беллашувда рақибларига ютқазган. Ҳатто, ундан пастки ўринларда бўлган – «Динамо», «Бухоро» ва «Қизилқум»да ҳам 11 та мағлубият мавжуд эмас. Негадир АГМК жамоаси ушбу мавсумда беқарор ўйинлари билан кўпроқ ёдимизда қолмоқда. Бу кетишда бир мавсумда кўп мағлубиятга учраш бўйича Қосимов антирекорд ўрнатиши ҳам ҳеч гап эмас. Боиси, одатда унинг бошқарувида бунчалик кўп мағлубият қайд этилишини кузатмасдик. Лекин бу сафар вазият бошқача. Аммо шунга қарамай, олмалиқликлар бу йил ҳам Ўзбекистон Кубоги финалига чиқишди. Шунинг учун Қосимовда мавсумни соврин билан якунлаш имконияти мавжуд.
Чераннинг бир ўзи «Бухоро», «Динамо», «Қизилқум» ва «Андижон»дан кўп гол урган
«Пахтакор»нинг сербиялик ҳужумчиси Драган Черан учун мавсум ажойиб руҳда ўтмоқда. Айни пайтда у 22 та гол билан энг яхши тўпурар бўлиб турибди. Яқин таъқибчилари – Ҳумоюн Муртазоев билан Зафар Полвоновда эса 11 та гол бор. Шунинг учун Черан катта эҳтимол билан жорий мавсумда тўпурарлик мақомини ўзида сақлаб қолади. Қизиғи, айрим жамоаларнинг шу кунгача киритган умумий голлари биргина Чераннинг киритган 22 та голига ҳам тенг келмайди. Масалан, ҳозиргача энг оз гол урган жамоа – «Бухоро» бўлиб турибди. Улар 20 та учрашувда рақиблар дарвозасига фақатгина 14 та тўп кирита олишган холос. «Андижон» билан «Қизилқум» эса 18 та гол урган. «Динамо» клубининг ҳисобида эса 20 та гол бор. Чераннинг биргина ўзи эса мазкур тўрттала клубдан кўра кўп гол ургани эътиборга молик. Шунингдек, «Навбаҳор», «Металлург», «Сўғдиёна» ҳамда «Сурхон» клублари Черан билан тенг равишда – 22 та гол уришган. Ҳали мавсум тугашига яна олтита тур қолганини ҳисобга олсак, Драганда яна голлари сонини ошириш имконияти катта.
Фикрлар
Бу йилги чемпионатимиз менимча энг мазмунсиз, интригасиз, ракобатсиз чемпионат булиб, Пахтакор гегемонлигида утган нурсиз чемпионат булиб тарихда колади.
Халкаро майдондаги курсатган шармандали натижаларга шу чемпионатимиздаги кузатилаётган нурсиз (улик) томошабинсиз, хеч кимга кизиги йук учрашувларни кундан-кунга сони ортиб бориши сабаб эмасмикан ??
Агар хакикатга тик боксак хатто Ахмаджонов даврида хам сал булса хам интрига, ракобат хозиргидан анча яхши эди, хакамлар хам хато килишдан(айникса очикдан-очик) чучиб туришарди. УФА эшиклари хам хамма учун доимо очик ва шаффофрок эди.
Хозир назаримда УФА ва мухлислар уртасидаги масофа тобора узоклашаётгандек, ШАФОФФЛИК ни
хам буй-басти анча кичкиналашдек гуё.