Суперлигада турнинг марказий ўйини таҳлили. Диққат марказимизда “Сурхон” – “Насаф” тўқнашуви
Бир неча соат аввал SPORTS.uz сайтида янги лойиҳа борасида хабар бериб ўтгандик. Унда Қатарда фаолият юритаётган ҳамюртимиз, кўпчилик яхши танийдиган мутахассис Алишер Никимбаев билан ҳам ҳамкорликда йўлга қўйилган Суперлигада турнинг марказий ўйини таҳлил қилинди.
Лойиҳанинг илк сонида “Сурхон” – “Насаф” учрашувига эътибор қаратилди. Унда Алишер Никимбаев қуйидагиларни баён этди.
- Нега “Сурхон” – “Насаф” учрашуви мен учун турнинг марказий ўйини? Сабаби, бу икки жамоанинг очколари бир хил эди. “Локомотив” ютқазса, иккаласидан қайси бири ўзаро беллашувда ютса олдинга ўтарди. “Темирйўлчилар” билан орадаги фарқни камайтириб, 3 очкога келтириши мумкин эди. Шунинг учун ушбу баҳсни беллашувдан аввал марказий деб ўйлагандим. Лекин ўйин сифати бўйича буни марказий учрашув дея олмайман. Чунки, термизликлар бунақа хатолари билан 3-ўринга кўтарилишга муносиб эмаслар. 3-ўринда бугунги вазият бўйича кейинги йили ОЧЛда қатнашадиган жамоа бўлиши керак. “Сурхон” қаршиликларга кўрсатган ўйини билан халқаро майдонда иштирок этишга муносиб эмас. Учта голда ҳам қўпол хатолар туфайли “Насаф” голлар урган.
Биринчи голда дарвозабон хатога йўл қўйди. Иккинчисида ҳимоячи бурчакдан тўп тепилган пайтда ишончсиз ҳаракат қилиб, йиқилиб тушди ва “аждарлар” футболчиси рақибнинг ҳеч қардай қаршилигисиз бемалол дарвозани ишғол этди. Бу билан гол осонликча урилди демоқчи эмасман. Лекин энг асосийси, ҳужумчи жарима майдонида тўпни осонликча қабул қилиб олган.
Учинчи гол қарши ҳужумда урилса-да, марказий ҳимоячи позиция танлашда хато қилди. Чунки ҳимоячи бир ёки икки қадам олдинда бўлганда, рақиб ўйиндан ташқари ҳолатга тушарди. Қолаверса, иккинчи марказий ҳимоячи шеригининг ёнида бўлиши керак эди. Шунда ҳужумчи дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқмасди.
Умуман олганда, “Сурхон” бугунги кунда турнир жадвалининг юқори ўринларида юргани ушбу беллашув орқали бу ўринга муносибмаслиги кўринди, - дея фикр билдирди Алишер Никимбаев.
Маълумот ўрнида, Термизда мезбонларнинг мағлубиятидан сўнг кўп минг сонли мухлислар жамоадан мамнун эмасликларини, клубни “тозалаш” кераклигини сўраб намойиш ўтказишгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ўз навбатида ишқибозлар яқиндагина клуб мураббийлигига олиб келинган Бахтиёр Ашурматовнинг истеъфосини ҳам сўрашган. Бунга жавобан клуб раҳбарияти кеча Ашурматов билан ўзаро келишган ҳолда шартномани бекор қилишганини эълон қилди. Шу тариқа, “Сурхон”да мураббийлар алмашинуви давом этади.
Термизликлар жорий йилнинг ўзида бир нечта мураббийни “синовдан ўтказиш”ди. Жамоа мавсумга тайёргарликни Илҳом Мўминжонов қўл остида бошлади. Бироқ Мўминжоновнинг четлатилиши туфайли “Сурхон”ни Анваржон Солиев бошқариши маълум қилинди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай “рул”ни Андрей Микляев эгаллади. Аммо учинчи ўринда бораётган пайтда клубда яна мураббий алмашди. Бу гал Бахтиёр Ашурматов “Сурхон” клуби устозига айланганди. Аммо у ҳам Термизда кўп вақт ишламади. Энди навбат кимга келганлигини яқин орада билиб олсак ажаб эмас.
Фикрлар
Paxtakor san doim oldinda Yurrr!!
Raqiblaring alamidan zor yeg'lasin.
Qon yeg'lab qaro yerni tishlasin!!
Paxtakor Buldozer,
Paxtakor Killer,
Paxtakor raqiblani yanchar Fildur.
Paxtakor bilan o'ynashma xech
Beshtani solib qo'ysa bo'ladi kech!!