Суперлигадаги танаффус қанчалик хавотирли?
Барчага яхши маълум пандемия сабаб дунёнинг аксарият мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам оммавий тадбирлар, шу жумладан Суперлига беллашувлари номаълум муддатга тўхтатиб қўйилган эди.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директор ўринбосари Диёр Имомхўжаев чемпионатда юзага келган катта танаффус оқибатлари ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Европа билан солиштирганда ишларимиз анча яхши. Биринчидан, минг шукрки, Ўзбекистон карантин даврида касалликни юқтириш ва шу билан боғлиқ ўлимлар борасида кам талофат кўрди, ҳаммаси кутганимиздан яхшироқ назорат қилинди. Иккинчи томондан эса биз улардан фарқли равишда 2021 йилги мавсум режаларини тўла ишлаб чиқиб улгурмагандик (шу жойини минг хижолат билан ёздим). Европа клублари эса мавсумни якунлай олмаслиги катта эҳтимол, боиси улар келаси мавсум ҳақида аллақачон бош қотириб қўйишган. Ўртада эса вақтдан ютказишяпти.
Биз нимадан воз кечишимиз мумкин?
Менимча, биринчи навбатда Лига кубоги мусобақаси хавф остида қолади. Биз унга асос солинган иккинчи йилдаёқ турнирни халқаро мақомга айлантиришга муваффақ бўлгандик. Яъни, Қирғизистон ва Тожикистоннинг умумий 8 клуби ҳам мусобақаларда иштирок этиши керак эди.
Айни ҳолатда эса халқаро рейслар ва умуман мамлакатлараро кириб-чиқиш масаласида хавф бор. Шундан келиб чиқиб, турнирни бир йилга кечиктирсак, жуда кўп нарса йўқотмаймиз (ЎФА иложи борича мазкур турнирни ўтказиш тарафдори, аммо вазият бизнинг қўлимизда эмас). Аксинча, келаси йил турнирни янада яхшироқ ва янада савиялироқ ўтказишимиз мумкин. Биз бу ишни бошлай олишимизни ва бирлашишимиз мумкинлигини исботладик. Энди буни янада яхшилаш устида ишлашимизга ҳам ишонаман. Бу борада орқага қайтиш йўқ.
Тақвим масаласида нима гап?
Биз эндигина 3 та тур учрашувларини ўтказгандик. Мавсум якунига қадар яна 23 та турни ўтказиб олишга бемалол улгурамиз, менимча. Орада Ўзбекистон кубоги ўйинларини ҳам ўз вақтида ўтказиш имкониятимиз ҳозирча бор.
Бундан ташқари, ОФК ва ФИФА бир қатор халқаро ўйинларни ва саналарни бекор қилган. Бу ҳам ўз навбатида бизнинг фойдамизга йўл очади.
Шунингдек, бизда июль ойида катта танаффус бор. Энг бўлмаган ҳолатда ўша вақтга ҳам ўйинлар қўйишга мажбур бўлишимиз мумкин. Аввал ҳам айтганимиздек, муаммодан қочиш эмас, уни ҳал қилишни ўрганиш керак. Қиш совуқ, июль иссиқ деб ўтиравермай, прожекторларни яхшиласак, совутиш, иситиш тизимларига эътибор қилсак, қишин-ёзин футбол ўйнашимиз мумкин. Биз 4 фаслни кўрадиган бахтли одамлармиз, фақатгина бундан оқилона фойдаланишни билмаймиз. Футбол ўйнайб бўлмайди, деб қутилиб қўя қоламиз. Акалар, Илон Маск жаҳонни ўзгартираман деб фазоларда учяпти, Қатар бутун дунёни ортидан эргаштириб, мундиални қишга суряпти. Биз қачонгача июлни иссиқ деймиз? Биз унга ечим топиш ҳақида ўйлашимиз керак (ўтлаб кетганим учун узр албатта).
Хуллас, мана шундай гаплар. Ҳукумат мана шу санадан сизларга рухсат деса, биз ўша куннинг ўзидаёқ янги тақвим учун ўтирамиз. Кайфиятимиз оптимистик, кўп муаммо кўраётганимиз йўқ. Эл бошига келган ишни биргаликда албатта енгиб ўтсак керак".
Фикрлар