Суперлигадан четлатилган ҳакам билан эксклюзив суҳбат ёхуд Ҳасан Рўзиев барчасини айтди
Ушбу мавсумда чемпионатимиз ўйинларини бошқараётган ҳакамлар ҳам бир неча бор асосий ўринга чиқиб қолишаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Суперлиганинг биринчи босқичи давомида ПФЛ томонидан бир қатор ҳакамлар жазоланганини қайд этиш керак. Яъни, чемпионатимизда 10 га яқин учрашувлардаги ҳакамларнинг иши кўриб чиқилиб, уларга тегишли жазолар тайинланганди. Улардан охиргиси эса 21-турда “Металлург” ҳамда “Қизилқум” ўртасидаги ўйин билан боғлиқ бўлди. Ўшанда тошкентлик Ҳасан Рўзиев беллашувни бошқарганди ва бекободликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Ўйиндан кейин эса меҳмонлар бош мураббийи Ҳамиджон Актамов бош ҳакам ҳақида ўта кескин танқидий гапларни айтган ҳолда “бу Ҳасан Рўзиевнинг ўйини бўлди” деганди. Кейин эса ПФЛ уни октябрь ойига қадар ўйинлардан четлаштиришга қарор қилди. Чиндан ҳам маълум бўлишича, у 35-дақиқада “Металлург” дарвозасига соф пенальтини белгиламаган бўлиб чиқди.
Орадан маълум вақт ўтди. Энди Рўзиев қилган хатоси учун жазо муддатини ўташга мажбур. Сентябрь ойида Суперлиганинг иккинчи босқичи бошланади. Демак, ушбу ойда ҳам у ҳакамлик қилмайди. Эндиликда унинг ўзи ҳам бўлиб ўтган ишларни обдон таҳлил қилиб, хатоларидан хулосалар чиқараётган бўлса ажаб эмас. Аслида эса Ҳасан Рўзиев чемпионатимиздаги тажрибали ҳакамлардан бири ҳисобланади. Бунгача ҳали четлатилмаган рефери бу сафар ушбу ҳолатни четлаб ўта олмади. Шунингдек, уни илгари “Локомотив”нинг ҳаками ҳам дейишарди. Умуман олганда, ҳакамлик қилиш ҳам осон иш эмас. Биз эса орадан бироз вақт ўтганини инобатга олиб, ушбу ҳакам билан гаплашиш фурсати етди деб ўйладик. Зеро, боя айтганимиздек, унда барчасини ўйлаб, таҳлил қилиш учун етарли вақт бўлди. Айтиш жоизки, у суҳбатлашиш таклифимизга ижобий жавоб берди. Одатда бошқа ҳакамлар хадиксирабми ёки бошқа сабабми ОАВ билан мулоқотга киришавермайди. Дарвоқе, суҳбатни бирданига “Металлург” – “Қизилқум” ўйини ҳақида бошлашни ўзимизга эп кўрмадик. Аввало, суҳбатга киришиб олиш учун дастлаб бу йилги чемпионатимиз ва ундаги ҳакамлик ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик ва шундан кейин асосий мавзуга ўтдик. Ўзаро суҳбат чоғида Рўзиев очиқ ва дангал гапларни ҳам айтди. Энг муҳими, у қилган хатосини тан олган ҳолда кечирим сўради.
“Қилган хатоимни тан оламан”
- Чемпионатимиздаги ўйинларда ҳакамлар томонидан айрим хатоларнинг кузатилаётгани – бу аввало Суперлиганинг савияси кучаяётгани билан боғлиқ, - дея суҳбатни бошлади Ҳасан Рўзиев. - Бундан ташқари, чемпионатнинг формати ўзгаргани ижобийлик бағишлади. Жамоалар ҳар бир очко учун шиддатли баҳс олиб боришяпти. Қолаверса, телевединие томонидан ўйинларнинг тўғридан-тўғри эфирга узатилаётгани ҳам муҳим ўрин тутади. Шунингдек, ҳар бир клубда легионер ўйинчилар бор. Маълумки, жамоа раҳбарлари уларни анча-мунча пулга олиб келишади. Бирортаси арзон нархга келмайди. Легионерлар учун пул тикишганидан кейин улардан шунга яраша муносиб жавобни кутишади. Майдонга тушганда эса ҳеч ким ютқазгиси келмайди. Қарс икки қўлдан чиқади, аммо баъзида бизда бу ҳол бир томондан чиқяпти. Ютқазганда ҳам буни мардларча тан олишни билиш керак. Инсон ўзини ҳурмат қилишни билмагунча бировни ҳурмат қила олмайди. Масалан, “Бунёдкор” бош мураббийи Миржалол Қосимовни чинакам профессионал инсон деб биламан. Мураббийларнинг орасидан биринчи ўринга Қосимовни қўяман. У “Бунёдкор”да шундай муҳитни яратдики, жамоадаги ҳамма ўз ишига профессионал ёндашади. Биласизми, неча маротаба “Бунёдкор” иштирокидаги ўйинларни бошқарган бўлсам, унинг футболчилари ва мураббийлари ҳақида ёмон фикрга бормаганман. Чунки жамоа ютганда ҳам, ютқазганда ҳам ёки дуранг ўйнаганда ҳам ҳакамларга умуман “осилишмайди”. Сабабини аввало ўзларидан қидиришади. Ҳозирги пайтда шу даражага “Пахтакор” анча яқинлашяпти. Шота Арвеладзе ҳам профессионал мураббий. Дарвоқе, “Насаф” ва унинг мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳақида ҳам шу фикрдаман. Бу мураббийлар ўз футболчиларига ҳакамларни ҳурмат қилиш кераклигини, маданиятни ўргатади. Майдонда уларнинг профессионаллиги биз ҳакамларга билиняпти. Баъзи-бир мураббийлар борки, жамоаси ютқазганида, аслида айб 100 фоиз ўз жамоасида бўлади, аммо айбни ҳакамлардан қидиришади. Бундай мураббийларни бирма-бир айтиб ўтиришни хоҳламайман. Ўзини ҳурмат қилган мураббий хадеб айбни бировлардан қидиравермайди. Тўғри, мураббийлар ҳам раҳбарларнинг олдида ўзини кўрсатгиси келади, мен уларни айбдор деб ҳисобламайман.
- Ҳасана ака, энди бевосита “Металлург” – “Қизилқум” ўйинида аслида нималар бўлгани ҳақида гапириб берсангиз?
- “Металлург” – “Қизилқум” учрашувида мени нима учун четлатишганини биламан. Чунки шунга яраша хато қилганман. “Металлург” дарвозаси томон белгиланмаган пенальти ҳақида гапирадиган бўлсам, аслида ўша вазиятга яқин тургандим. Лекин ўшанда футболчи менга ён томони билан турганди. Ўйинчининг қўли танасидан қанчалик чиқиб тургани менга кўринмаган. Чунки ўша вазиятдаги эпизод менга тўлиқ ҳолатда намоён бўлмаганди. Бу ерда хато атайин қилинмаган. Мен бошқа жамоаларни қанчалик яхши кўриб, ҳурмат қилсам “Қизилқум”ни ҳам худди шундай кўраман. Шундай экан, “Қизилқум”даги барча футболчиларни ҳам профессионал деб ҳисоблайман. Аммо ўша учрашувда мен хато қилдим ва ЎФА ҳамда ПФЛ олдида ўз айбимни бўйнимга оламан. Бу менинг 100 фоиз хатоим. Чунки менинг нотўғри қарорим туфайли натижага таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Балки ўшанда пенальти белгилаганимда ҳисоб ўзгариши мумкин эди. Шунинг учун айбимни тан оламан. Шу билан бирга инсон доим мард бўлиши керак. Яъни, у хато қилдими, албатта буни бўйнига олишни ҳам билиши лозим. Фақат лекини шунки, ушбу ўйин “Қизилқум” мураббийига қанчалик кераклигини шу пайтгача ҳали тўлиқ тушуниб етмадим. Мисол учун бошқа ўйинларда керак бўлса бундан ҳам жиддий хатолар бўлган-у, аммо ўйиндан кейин матбуот орқали бу ҳақида жар солмаган. Бироқ “Металлург”га қарши учрашувдан сўнг нима учун ОАВ орқали ҳаммаси бўрттириб айтилганининг тагига ета олмадим, бунинг сабабини билмадим. Ваҳоланки, бу “Қизилқум” жамоаси учун оддий ўйин эди. Фақат ўйиндан кейин мен ҳақимда нима учун роса бўрттириб, ёмонлаб гапиргани мен учун жумбоқ бўлиб қоляпти. Бу нарса у инсон учун шунчалик керакмиди? Мисол учун “Қизилқум” фойдасига ҳакамлар хатолар ҳам қилган бўлади, бу аниқ. Лекин нима сабабдан ўша ўйинларда рақиб жамоа мураббийлари бу ҳақида бонг уришмаган? Юқорида айтганимдек, ўзини ҳурмат қилган инсон бошқани ҳам ҳурмат қилади. Ҳамиджон Актамовни профессионал мураббий эмас деб айта олмайман. У ҳам раҳбарият олдида ўзини кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Уни ҳам ўз оиласи, бола-чақаси бор. Майли, уни ҳам омадини берсин. Лекин нима учун ўз жамоаси 10 дақиқа ичида иккита гол ўтказиб юборгани ёки бошқаси ҳақида гапирмайди? Мен эса у ҳақида ёмонлаб гапирмайман. Чунки ўша ўйинда менинг хатоим бор. Майли, мен ҳақимда ўйиндан кейин роса гапирди. Аммо ҳалигача ўша айтган гапларининг замиридаги маънони топа олмадим. Лекин ҳаммасини хотиржамлик билан гаплашиш ҳам мумкин эди. Масалан, ўйиндан кейин Актамов ёнимга келиб, мана шу вазиятда хатолик бўлди деб айтса, мен албатта уни кўриб чиқардим. Албатта, ундан узр сўраб, мени устимдан ёзсангиз ёзаверинг, хатоимни тан оламан деб айтган бўлардим. Бўлди, бундан бошқа гап бўлмасди. Мен ҳеч қачон қилган хатоимни бу меники эмас деб ўжарлик қилмайман. Мен профессионал ҳакамман. Ҳамма нарса ҳар кимнинг виждонига ҳавола. Шунчаки, мен ҳақимда бўрттириб юборилди. Ўша ўйиндан кейин ҳам улар анча жиғибийрон бўлиб юришди.
“Ҳамиджон Актамов мен ҳақида жуда бўрттириб гапирди”
- Ҳамиджон Актамовнинг ўйиндан кейин сиз ҳақингизда айтган гаплари ҳеч кимни беэътибор қолдирмади. Буни ҳамма ўқиди. Айнан унинг гапларидан кейин ПФЛ реакцияга киришиб сизни четлаштирдими? Бу ҳақида нима дейсиз?
- Ҳамиджон Актамов ўйиндан сўнг мен ҳақимда бунчалик гапирмаганида ва устимдан арз қилмаганида ҳам барибир ҳакамлар қўмитаси томонидан ўша ўйиндаги вазият кўриб чиқиларди. Менимча ҳам четлаштиришлари мумкин эди. Балки 2 та ёки 4 та ўйингами, барибир мени четлатишарди. Актамовнинг гаплари интернет тармоқларига чиқиб кетганидан сўнг ва менинг устимдан арз қилганидан кейин четлаштиришди деб айта олмайман. ЎФА ҳам, ПФЛ ҳам доим шаффофликни устун қўйиб келади. Ушбу ташкилотларнинг ўз олдига қўйган мақсад ва йўналишлари бор. Оқни оқ, қорани қора дейишади. Айнан мана шу принцип бўйича ишлашяпти. Хуллас, Актамов мени “реклама” қилса ҳам, қилмаса ҳам ПФЛ жазо кўрарди. Қилган хатоим учун ўз жазоимни оламан. Эркак бўлганимиз учун доим қилган ишимизга жавоб беришимиз керак. Ким хато қилмайди? Фақат Яратган эгам хатолардан ҳоли! Масалан, жаҳон чемпионатларида ҳам ҳакамларнинг хатоларини кўряпмиз.
- Сиз бу хатони атайин “Металлург” фойдаси учун қилган, деган гап-сўзлар ҳам бўлди...
- Ўша пайтда тўп рақибнинг қўлига текканида пенальти бўлди деган нарса хаёлимга келмади. Юқорида айтганимдек, ўша вазиятда тўп ва футболчи бир-бирига яқин эди. Қолаверса, тўп қанчалик ўйинчининг қўлига теккани менга кўрингани йўқ. Чунки менга ёт томони билан туришганди. Мен буни Худони олдида ҳам айтаман. Бу ерда инсонийлик фактори ҳам бор. Мен билан содир бўлган вазиятда хато атайлаб қилингани йўқ. Аммо буни Актамов тушунадими-йўқми, менга қоронғу. Шунингдек, у иккинчи гол киритилган вазиятда ҳам рақиб ўйинчиси дарвозабонимизнинг бошига зарба берди ва шундан кейин ўйин қоидаси бузилгач, гол урилди деб айтди. Аммо аслида ундай эмасди. Гол ҳаққоний киритилган, дарвозабоннинг бошига ҳеч ким тепмаган. Яъни, Актамов ўша гапни ҳам бўрттириб юборган. Шуни унутмаслик керакки, инсон зоти борки хато қилади. Бу ҳаётда яшаяпмизми, демак хато қилишга мажбурмиз. Беайб Парвардигор. Биз бандамизми, демак хато қиламиз.
“Қизилқум”нинг ўйинларини бошқараманми? Менда шахсий адоват йўқ”
- Демак, “Металлург” – “Қизилқум” баҳсида асосан ўша биргина белгиланмаган пенальти сабабли сизни четлаштишди. Бундан бошқа хатоингиз йўқ-а?
- Ўйлайманки, йўқ. ПФЛда ҳакамлар қўмитаси иккинчи голни ҳам кўриб чиқишди ва бунда 100 фоиз “тоза” гол бўлганини қайд этишди. Яъни, ўшанда ўйин қоидаси бузилмаган. Фақат биргина пенальти масаласида хато қилдим. Лекин шуни айтишим керакки, тўп футболчининг қўлига текканидан кейин пенальти белгиланмаган ҳолатлар олдин ҳам анча-мунча бўлган. Ҳаттоки, бу нарса ўша “Қизилқум” жамоасининг фойдасига ҳам бўлган. Ҳамиджон Актамовга маслаҳатим: ўзини ҳурмат қилсин. Миржалол Қосимов, Шота Арвелдазе, Рўзиқул Бердиев, Андрей Фёдоров, Улуғбек Бақоев, Илҳом Мўминжонов каби мураббийлар профессионал. Мисол учун Бақоевни “Атлетико”даги Диего Симеонега ўхшатишади. У жуда хиссиётли. Мана шундай инсон бирор марта ҳакамлар тўғрисида гапирганми? Йўқ, у ҳам ўзини қандай тутишни билади.
- Сизнинг четлатишингиз маълум бир вақтгача, яъни, октябрь ойигача амал қилади ва кейин яна Ҳасан Рўзиев ҳакамликка қайтади. Ўз ишингизни бошлаганингиздан сўнг вақти келиб Навоийга бориб, “Қизилқум”нинг ўйинларини ҳам бошқаришингиз табиий. Ана шундай пайтда Ҳамиджон Актамов билан ўзаро муносабатларингиз бир-бирига қанчалик таъсир қилиши мумкин?
- Мен ҳали бу тўғрисида ўйлаганим йўқ. Бу саволингизга шундай жавоб бераман: Мен профессионал ҳакамман. У ерда Актамов ёки бошқаси бўладими, менга фарқи йўқ. Майдонга чиқаман ва доимгидек ўз ишимни бажараман. Мен бўлиб ўтган ишларни майдонга “олиб чиқишим” керак эмас. Ҳаммаси ортда қолди, унутдим. Бекободдаги воқеаларнинг ҳаммаси ўша ерда қолди. Энди бўлиб ўтган ишлар ҳақида ўйлагим ҳам келмаяпти. Актамовни ҳам ҳурмат қиламан. Бундан кейин ҳам “Қизилқум” иштирокидаги ўйинларни уйда ёки сафарда бўлсин, доим ҳурмат қилган ҳолда бирдек ҳакамлик қилавераман. Бу ерда қандайдир шахсий адоватлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Мен ҳамма вақт майдонда фақат профессионал ҳакам бўлишни истайман ва шунга амал қиламан. Боя айтганимдек, ўша Ҳамиджонни ҳам ҳурмат қиламан. Тан олиш керак, у Навоийда эътиборли шахслардан бири. Кўп йиллардан бери Навоий футболини кўтаришга ҳаракат қилиб келмоқда. Шу ўринда ўша қилган хатоим учун Ҳамиджон Актамовдан кечирим сўрайман. Расман айтаман: Ҳурматли, Актамов олдингизда пенальти масаласи бўйича узр сўрайман.
“Ҳасан Рўзиев “Локомотив”нинг ҳаками дейишлари менга оғир ботади”
- Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Олдинги йилларда Ҳасан Рўзиев “Локомотив”нинг ҳаками деган гап-сўзлар ҳам роса авж олганди. Рўзиев бошқарган ўйинларда доим “Локо”нинг ғалаба қозониши эътиборга молик бўлиб қолганди. Шу ўринда мазкур ҳолатга ҳам муносабатингизни билдириб ўтсангиз.
- Адашмасам, бу йил ҳали “Локомотив” иштирокидаги ўйинда ҳакамлик қилмадим. Ёдингизда бўлса, 2016 йили Қаршида “Насаф” ва “Локомотив” ўртасидаги ўйинни бошқаргандим. Ўшанда Кубок учрашуви эди. 41-дақиқада “Локомотив” ўйинчиси Темурхўжа Абдуҳолиқовни биз ҳакамларнинг шаънига номаъқул сўзларни айтгани учун майдондан четлатиб юборгандим. Ўша ўйинда “Насаф” 2:0 ҳисобида ютганди. Агар янглишмасам, ўша учрашувни Диёр Имомхўжаев шарҳлаганди. У шарҳи давомида Абдуҳолиқовни четлатганимдан сўнг “ана сизга “Локомотив”, ана сизга Ҳасан Рўзиев” деганди. Ўйиннинг бошида Рўзиев “Локомотив”ни бошқарган ўйинлари ҳақида гапириб ўтамиз дейишганди. Мен ўша учрашувнинг трансляциясини эртаси куни кўрганман. Ўша 41-дақиқада “Локомотив” футболчисини четлатганимдан сўнг шарҳловчи умуман менинг “Локомотив” ҳаками эканлигим тўғрисида оғиз очмаган. Яъни, ўша ҳолат билан Ҳасан Рўзиев “Локо”нинг ҳаками, деган тушунча йўқ бўлиб кетган. Атайлаб ўйинни охиригача кўрганман. Мен ҳақимда яна гапирармикин деб кутганман. Аммо ҳеч нима дейилмаган. “Локомотив”ни 15-16 та ўйинини бошқарган бўлсам, 3 ёки 4 тасида дуранг ўйнаган. 2-3 тасида ютқазган ва қолганида ютган. Ҳакамлар қўмитаси бизни бирор-бир ўйинга тайинлашса, биз буни рад эта олмаймиз. Масалан, шундай ҳакамларимиз ҳам борки, улар “Пахтакор” ёки “Насаф” учун омадли ҳисобланишади. Яъни, ўша ҳакамлар бошқарганида бу жамоалар ютаверишади. Бу ҳам бир омад билан боғлиқ. Лекин бизда бу нарсани маҳкам “ушлаб” олишади. Лекин бундай ҳолат ҳамма жойда бор. Мисол учун Испанияда Барболан деган ҳакам бор. “Реал” иштирокидаги ўйинларни бошқарганида мадридликлар ҳеч қачон ютқазишмайди. Мана шундай масалалар ҳақида гапирмоқчимисан, унда факт келтириш билан изоҳлашсин. Ҳасан Рўзиев “Локомотив”нинг ҳаками, деган гапни ўқиш ёки эшитиш менга ҳам оғир ботади. Нима учун шу пайтгача Суперлигада “Локомотив” иштирокидаги ўйинни бошқармадим? Балки ҳакамлар қўмитаси яна шундай гап-сўзлар бўлмасин деб мени ҳимоялаётган бўлиши ҳам мумкин. Лекин ўша гаплар фақат асоссиз холос. Шу ўринда Умид Аҳмаджоновга раҳмат айтаман. У ўзбек футболининг ривожланиши учун кўп иш қиляпти. Мана, бизга Эктор Куперни олиб келди. Илгари Мираброр Усмонов ҳам кўп иш қилди, ажойиб стадионлар қурилди. Мираброр Зуфаровичга ҳам раҳмат. Терма жамоамизнинг мундиалга чиқишига бир қадам етмай қолаётганди. Энди эса Аҳмаджонов ўша бир қадамни мен қўяй деб тинмай ҳаракат қиляпти. Шу фурсатдан фойдаланиб, ушбу инсонларга миннатдорчилик билдираман.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар