"Суперлигага олиб чиқишга кафолат берадиган мураббийни қўйишимиз керак" - "Қўқон-1912" раҳбари Файзиевнинг истеъфоси ва янги келадиган мутахассис ҳақида гапирди

Про лига етакчиларидан бири - “Қўқон-1912” клубида ўзгариш рўй бераётганидан хабарингиз бор. Куни кеча бош мураббий сифатида ишлаб келган Даврон Файзиев истеъфога чиқди.

Қўқонда “Локомотив” билан бўлиб ўтган баҳсда мезбонлар 2:3 ҳисобида имконият бой берилгач, Файзиев матбуот анжуманида истеъфо сўраши ҳақида гапирганди. Чунки охирги пайтларда жамоанинг натижалари барқарор кўриниш олмаётганди. Натижада раҳбарият Файзиевнинг истагини амалга оширди ва шартнома бекор қилинди.

Шу сабабли Sports.uz журналисти Қўқонда жамоа раҳбари Акромжон Мамадалиев билан учрашиб, мазкур вазият бўйича суҳбатлашди.

- Йил бошида яна Даврон Ориповичга ишонч билдирдик- дея гап бошлади, Мамадалиев. - Хабарингиз бор, ўтган йили ушбу мураббий бошчилигида суперлигадан тушиб кетдик. Яна ўзига имконият беришга қарор қилдик. Мақсад ва вазифаларни аниқ белгилаб иш бошлаганмиз. Мақсад шу йилни ўзида қайтиб суперлигага чиқиш. Бизда бундан бошқа йўл йўқ. Нимага про лигага тушиб кетдик? Мавсумга тайёргарлик жараёнларида аввало, мана шундай масалаларни муҳокама қилдик. Турли сабаблари бор. Шулардан энг каттаси биз ўз майдонимизда ўйнамаганимиз омили ҳам бор. Барибир футболда ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради, деган гап бор. Яйпандаги “Ўзбекистон” стадионида ўйнаб турдик. Бунинг учун бизга шароитларни яратиб берган “Турон” клуби раҳбариятига раҳмат. Лекин, барибир ўзингни майдонинг ўзингники. Шунинг учун бу йил бор эътиборимизни Қўқондаги “марказий” стадионига қаратиб стадионимизни тайёрладик. “Марказий”да жуда катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Ўзингиз ҳам кўрдингиз, майдонимиз идеал ҳолатда. Даврон Орипович мураббийлар штабини ўзи тузди, хоҳлаган футболчиларини олишга имкон яратдик. Селекция жараёнларида мураббийларнинг ишига аралашмадик. Шунинг учун уларнинг олдига аниқ вазифа қўйилган: Суперлигага олиб чиқиш. 1-турда Ғузорда “Шўртан”га қарши чемпионатни бошладик. 0:3 ҳисобида ютиб туриб, аламли тарзда дуранг қайд этдик. Бу бизга илк турдаёқ дастлабки қўнғироқ бўлди. Бундан мураббийларимиз ҳам тўғри хулоса чиқаришди. Кейинги ўйинларда ғалабалар бўлди. Бироқ ўз майдонимиздаги “Навбаҳор-фарм” билан дуранг натижа раҳбариятни ҳам, мухлисларни ҳам, ҳеч кимни қониқтирмади. Ўша учрашувдан сўнг жамоа билан йиғилиш қилганмиз. Мураббийлар ва футболчилар билан гаплашиб олгандик. Ўша куниёқ Даврон Файзиев олдиндаги иккита ўйинда юта олмайдиган бўлсак, бир қарорга келиши борасида айтганди. Аммо бу мутахассисни қўйиб юбориш ниятимиз йўқ эди. Начора, бу футбол экан...Мана, “Локомотив”га қарши учрашувни яхши бошладик. 2:1 ҳисобида ютиб тургандик, рақиб бир киши кам бўлиб қолганди. Ғалабага ишонч пайдо бўлган жойда кутилмаганда ҳисоб ўзгариб, натижада 2:3 кўринишида мағлубиятга учрадик. Ўйиндан кейин бош мураббийимиз матбуот анжуманида истеъфо сўрайман дебдилар. Кейин чиқиб бизга қарорларини айтди. Ўйлаб кўриб, ниманидир ўзгартириш керак, деган қарорга келдик. Даврон Файзиев билан ўзаро маслаҳатлашиб, бир-биримизга эътирозсиз, дўстона равишда ўртадаги шартномани бекор қилишга қарор қилдик.

мамадалиев2

- У билан мураббийлар штаби ҳам истеъфога чиқдими?

- Футболда қоидаси ўзи шунақа. Бош мураббий келганида штабини ҳам ўзи тузади. Шундай экан, бош мураббий кетганидан сўнг ёрдамчилари ҳам кетиши табиий ҳол. Шавкат Абдухўжаев ва Хислат Чилматов билан ҳам шартномалар бекор қилинди.

- Ҳаммани қизиқтираётган савол: “Қўқон-1912”га энди ким бош мураббийлик қилади? Сир бўлмаса, кимлар билан музокаралар олиб борилмоқда?

- Бизда ҳолат шундайки, имкониятимиз ҳали жуда яхши. Барчаси ўз қўлимизда. Вазиятни ўнглашга имкониятимиз бор. Биз энди мураббий танлашда адашмаслигимиз керак. Етти ўйлаб бир кесиш эмас, балки энди етмиш ўйлаб бир кесишимиз лозим. Шунинг учун бу борада изланишлар олиб бормоқдамиз. Ҳозирча кимлар билан музокара ўтказаётганимизни айта олмайман. Сабаби, биз гаплашаётган мураббийлар ҳам қаердадир ишлаяпти ёки бошқа сабаблари бор. Шу кунларда бир қарорга келамиз ва матбуотда эълон қиламиз.

- Янги келадиган мураббий ўзбекистонликми ёки хорижликми?

- Хориждан вариант қидирганимиз йўқ. Асосан Ўзбекистондан излаяпмиз. Бизга шундай бўлиши керакки, вазифани 100 фоиз бажара оладиган мураббий даркор. Суперлигага олиб чиқишга кафолат бера оладиган мураббийни қўйишимиз керак.

- Нима деб ўйлайсиз, кафолат бера оладиган мураббий борми?

- Бўлади, деб ўйлайман. Нимага бўлмаслиги керак? Одам қилган ишни одам қилади. Ўзбекистонда ҳам яхши мураббийлар кўп. Ўз олдига мақсад қўйиб бажарганлари бисёр. Бизни олдимизда бошқа вариантимиз ҳам йўқ. Ўз олдига вазифа қўйиб, уни бажара олмайдиган мураббий билан шартнома қила олмаймиз. Бизда шу кунгача молиявий томондан ҳеч қанақа муаммо бўлгани йўқ. Нечта ўйин ютган бўлсак, барча мукофот пуллари ва ойлик маошларини тўлаб боряпмиз. Ҳеч кимдан қарзимиз йўқ. Шундай шароит қилаётганимиздан сўнг биз ҳам мураббийлар ва футболчиларга ўз талабларимизни қўйишимиз шарт. Биласиз, Қўқонда футболни яхши кўришади. Мухлисларимиз талабчан, улар жамоамизга бефарқ эмас. Доим натижани талаб қиладилар.

даврон2_3

- Раҳбар сифатида жамоадан кўнглингиз тўлмаган жиҳат нимада бўляпти?

- Бу йилги таркибимиздан баъзи-бир чизиқлар бўйича бироз кўнглим тўлмаган жиҳатлари бор. Аммо футболчиларга ишонаман. Улар ёмон эмас. Таркибимизда яхши савиядаги ўйинчилар йиғилган. Ушбу ижрочилар билан бемалол вазифани бажарса бўлади. Лекин бироз оқсаган жойларимиз ҳам бор. Масалан, ярим ҳимоя, ҳужум...Бу борада селекция бўйича изланишларни олиб боряпмиз.

- Мурод Холмуҳаммедов етишмаётгандек. Унинг тақдири нима бўлди?

- Муроджон билан доимо алоқадамиз. Қўқон футболига жуда катта ҳиссаси бор. Бу ерда ўзига яраша ўрни бор. Ҳурмат қиламиз. Холмуҳаммедов учун эшикларимиз доим очиқ. Йил бошида ҳам бир неча бор таклиф билан чиқдик. Ҳаттоки, шундай таклиф билан ҳам чиқдимки, мураббийлар штабига қўшишга тайёр эдим.Оёғида жароҳат борлиги учун ўтган йилги охирги учрашувларда унга халақит қилди. Бу йил ҳам 3-4 ой ўйнай олмаслиги керак эди. Чунки жарроҳлик амалиётини ўтказиши кўзда тутилганди. Аммо, кейин менимча операция қилдиришга ўзида хоҳиш бўлмади. Футболчилик фаолиятини якунлаш ҳақидаги фикрини айтди. Лекин Муроджон келганида хурсанд бўлардик. Бизга шунга ўхшаган лидер етишмаяпти. Етакчиларимиз бор. Мисол учун, Александр Мерзляков, Санъат Шихов, Бобур Акбаров, Иқбол Маликжонов кабилар. Бироқ Холмуҳаммедовда туғма етакчилик қобилияти мавжуд.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!