Суперлиганинг 11-турида қандай ўйинлар кутяпти ёхуд кураги ерга тегмаган жамоани ёшлар тўхтатадими?

Суперлигада 11-тур эшик қоқмоқда. Бу сафар доимгидек 7 та эмас, 6 та учрашув бўлади. Эътиборингизга тур олдидан жамоаларнинг имкониятлари борасида сўз юритамиз. Дарвоқе, “Насаф” – “Пахтакор” ўйини қолдирилган.

19 май

“Бухоро” – “Сўғдиёна”

Бу ўйин кўпроқ Улуғбек Бақоев учун алоҳида аҳамият касб этса ажаб эмас. Чунки мураббийлик фаолиятида “Сўғдиёна”даги иши унинг ташриф қоғозига айланган. Жиззахликларни бир неча мавсум давомида бошқарди ва ўтган йилги чемпионат охирларида кетди. Бақоев даврида “Сўғдиёна” чиндан кучли клубга айланди. У кетгач, “Сўғдиёна” бироз ўзини йўқотиб қўйди. Бироқ бош мураббийликка Иван Бошкович келгач, Жиззах жамоасининг ғалабали сериясини бошлади. Бақоев эса “Бухоро” бошқарувини қўлига олган ҳолда жамоани ўзининг ўйин услубига мослаштириш ҳаракатида ишлаб юрибди. Табиийки, Улуғбек Бақоев собиқ жамоасини ютишни хоҳлайди. “Сўғдиёна”нинг ўйини Бошкович бошчилигида бухороликлардан кўра қизиқарлироқ кўриняпти. Агар кучлар тенг келса ажабланмаймиз.

20 май

“Сурхон” – “Металлург”

“Металлург” янги бош мураббий билан ҳам натижани ўнглаши қийин кечяпти. Мағлубиятлар давом этяпти. Бу сафар бекободликлар Тошкентда “Сурхон”га қарши майдонга тушишади. Термизликлар чемпионатни анча ишончли ўтказишяпти ва натижалари чакки эмас. Бу ўйинда “Сурхон”нинг устунлиги бор.

мет янги_3

21 май

“Олимпик” – “Нефтчи”

Турнинг марказий ўйинларидан бири. Ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган “Нефтчи” Тошкентда “Олимпик” клуби меҳмони бўлади. Албатта, бу сафар Тимур Кападзе жамоаси фарғоналикларнинг курагини ерга теккизишга уриниб кўрадилар. “Нефтчи” бош мураббийи “Олимпик” клуби ташкил этилганидан бери бу жамоа ҳақида фақат илиқ гапларни айтиб келган. Яхши ўйин бўлиши шубҳасиз. Ҳозирча имкониятлар тенг.

“Турон” – ОКМК

Ғалаба нималигини билмай келаётган “Турон” учун яна бир имконият. Яйпанликлар ўз уйида Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМК клубини қабул қилишади. Сира омади чопмаётган “Турон” вазиятни ўзгартириш учун бош мураббийни ҳам алмаштириб кўрди. Россиялик Денис Бушуев келди. Ҳозирча ижобий натижадан дарак йўқ. ОКМК совринли ўринлар учун курашаётгани маълум. Тўғри, меҳмонларга қийин бўлади. Боиси, “Турон” ғалаба учун барча имкониятини ишга солиши аниқ. Аввалига ёпиқ ўйин бўлиши ҳам мумкин, аммо меҳмонлар ҳисобни очадиган бўлса, у ҳолда “Турон” очиқ ўйин кўрсатишга ўтишини тахмин қилса бўлади. Яна бир вариант шундайки, биринчи гол урадиган жамоа ютиб кетади.

андижон окмк

22 май

“Бунёдкор” – “Навбаҳор”

Тошкентда жиддий баҳс гувоҳи бўламиз ва ушбу турнинг марказий тўқнашуви десак ҳам янглишмаймиз. Натижа учун ўйнаётган “Навбаҳор” қаршисида бу сафар очиқ ва ҳужумкор футбол кўрсатадиган жамоа рақиб вазифасини бажаради. Доим “Навбаҳор”га “Бунёдкор” майдонида қандайдир қийинчиликлар бўлиб келган ва бу очко йўқотишига олиб келганига амин бўлганмиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу тўқнашув жуда кескин ўтади.

“Андижон” – “Қизилқум”

“Андижон” клуби Суперлигадаги охирги иккита учрашувда аламли мағлубиятларни қабул қилиб олди. “Сўғдиёна” ва ОКМК билан баҳсларда биринчи бўлиб гол урганига қарамай, охирги дақиқаларда ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбориши эвазига 2:1 ҳисобларида мағлубиятга учради. “Қизилқум”даги вазиятни биласиз, у ерда бош мураббий ўзгарди. Асрор Алиқулов ўрнини Тачмурод Агамуродов эгаллади. “Қизилқум” чемпионатда ҳозирча битта ғалаба қозонган холос. Лекин ўйин томонлама андижонликлар қизиқарлироқ. “Қизилқум”нинг ўйинида тартиб йўқлигини ҳисобга олсак, бу сафар Хомяков жамоасида устунлик сезиляпти.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!