Суперлиганинг 12-турида бизни нималар кутиб турибди?

Суперлиганинг навбатдаги турини кутаётган ишқибозлар асло зерикиб қолишмайди. Негаки, 12-турда бир-биридан қизиқарли ўтиши кутилаётган учрашувлар бор. Эътиборингизга шулар ҳақида сўз юритамиз.

26 май

“Қизилқум” – “Нефтчи”

Ҳисобида фақат битта ғалабаси бўлган “Қизилқум”ни бу турда ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган “Нефтчи”га қарши муҳим ўйин кутиб турибди. Охирги пайтларда омадсизликлар гирдобига тушиб қолган Навоий жамоаси медаллар учун курашаётган рақибини таслим қилишга қодирми? Кетма-кет мағлубиятлар ҳар қандай жамоанинг кайфиятига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Вазиятни ижобий тарафга ўзгартириш ва ғалаба қозониш учун “Қизилқум”дагилар “Нефтчи”дан кўра яхшироқ ўйнашлари керак. Ҳозирги вазиятда Тачмурод Агамуродов жамоаси бу ишни уддалай оладими? Агар “Нефтчи” ўз ўйинини кўрсатадиган бўлса, Навоийдан ижобий натижа билан қайтиши мумкин.

қизилқум

ОКМК – “Бухоро”

“Бухоро”ни ҳам ишлари юришмаяпти. Бош мураббийликка Улуғбек Бақоев олиб келинганига қарамай, жамоанинг натижалари ўхшамай турибди. Ўтган турда ўз уйида “Сўғдиёна”га мағлубиятга учраганидан сўнг матбуот анжуманида таркибда даражаси юқори бўлмаган футболчилар борлигини айтганди ва бу орқали ёзги танаффусда таркибда ўзгаришлар бўлишига ишора қилиб ўтган. Кўпчилик мутахассислар бу тўқнашувда ОКМКнинг имкониятини юқори баҳолаётганлари сир эмас. Чунки Миржалол Қосимов жамоаси таркиб ва ўйин жиҳатидан бухороликлардан устун. Фақат буни амалда исботлаш лозим. Дуранг натижа қайд этилса бу “Бухоро” учун ғалабага тенг.

27 май

“Металлург” – “Бунёдкор”

Ўтган турда ўз майдонида “Навбаҳор”ни қабул қилиб бокс тили билан айтганда, нокаутга учраган “Бунёдкор” навбатдаги учрашувга йирик ҳисобдаги мағлубиятдан қанчалик ўзига кела олади? Чемпионатни яхши бошлаган “Қалдирғочлар” охирги 5 та баҳсдан буён ютолмаяпти. Демак, жамоа ҳозир ўйин ва натижа бўйича инқирозни бошидан кечирмоқда. Бу ҳолат “Металлург”га ҳам тегишли, аслида. Нега деганда, бекободликларнинг омади юришмаяпти. Кетма-кет ўйинларда қимматли очколарни бой беришяпти. Янги бош мураббий келгани билан “Металлург” ҳали барқарорликка эриша олаётгани йўқ. Бўлажак баҳс ҳар икки жамоа учун жуда муҳим. Ғалаба “Металлург”га ҳам, “Бунёдкор”га ҳам сув ва ҳаводек зарур. Беллашув очиқ ва ҳужумкор руҳда ўтиши мумкин. Чунки бу вилоят дербиси саналади.

бунёдкор5

“Андижон” – “Турон”

Бу турда водий дербиси ҳам бор. Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида “Андижон” мезбон сифатида “Турон”ни қабул қилади. Иккала жамоа ўртасида қаттиқ жанг бўлиши аниқ. Биласиз, “Турон” Суперлигада ғалабаси бўлмаган ягона жамоа бўлиб турибди. Ҳар ўйинда яйпанликлар нимадир қилишга, натижа кўрсатишга уринишяптию, бироқ якунда нимадир етишмаяпти. “Андижон” ўз ўйинини топиб боряпти. Ҳатто “Бургутлар” ютқазган учрашувларда ҳам яхши таассурот қолдиряпти. Ашаддий мухлисларига эга бўлган “Андижон” мезбон сифатида уч очкони қўлга киритиб, мавқеини янада яхшилаш ҳақида ўйлаяпти. Иккала клуб ўтган йили про лигада ҳам ўзаро қарама-қаршиликлари орқали чемпионатни “ёндиришганди”. Рости, бу жамоаларнинг беллашувига қизиқиш катта.

28 май

“Навбаҳор” – “Олимпик”

Бу турдаги яна бир марказий учрашувлардан бири Наманганда ўтади. Ўтган турда “Бунёдкор” майдонида 5 та гол уриб келган “Навбаҳор” энди пойтахтнинг яна бир жамоаси – “Олимпик”ни қабул қилади. Самвел Бабаян ва Тимур Кападзе жамоалари сифатли футбол кўрсатишга интилаётганини инобатга олсак, Намангандаги “Марказий” стадионда томошабоп футбол бўлади. Айни пайтда юқори кайфиятда бўлган мезбонларда барибир имконият кўпроқ. Тўғри, “Олимпик” жиддий қаршилик кўрсатади, лекин тажриба эвазига “Навбаҳор” масалани ҳал қилса керак.

Остон6_1

“Сўғдиёна” – “Насаф”

Турнинг яна бир қизиқарли ўтиши кутилаётган ўйини. Бош мураббий ўзгарганидан кейин натижалари яхшиланаётган “Сўғдиёна” энди “Насаф”ни қабул қилади. Жиззахликлар устози Иван Бошкович юртимиздаги фаолиятини футболчи сифатида “Насаф”да бошлагани ёдингизда бўлса керак. Энди мураббий ролида собиқ жамоасига қарши туради. Ким биринчи гол урса ўша жамоа ютиб кетадиган ўйин бўлиши ҳам мумкин. Асосийси, “Сўғдиёна” – “Насаф” ўртасидаги учрашув ҳар томондан қизиқарли ҳамда кескин курашлар остида ўтиши шубҳасиз.

29 май

“Пахтакор” – “Сурхон”

“Сурхон” анчайин “чақилмас ёнғоқ” даражасида бўлиб қолмоқда. Жамоа кўрсатаётган ўйин бунга мисол бўла олади. Доимий тарзда уй ўйинларини “Пахтакор” стадионида мезбон сифатида ўтказиб келаётган “Сурхон” бу гал ўша ерда меҳмон номи остида ҳаракат қилади. Чемпионлик йўлида курашаётган “Пахтакор” рақибини енгиш орқали тезроқ яна пешқадамликни қайтариш ҳаракатида юрибди. Шацких жамоасига осон бўлмайди, лекин тажриба эвазига “Шерлар” рақибини доғда қолдирса ажаб эмас.

Шуҳратбек Жўраев.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!