Суперлиганинг 8 клуби ЎФА талаби тўлиқ бажарилганлигини тасдиқлади

ЎФА профессионал футбол клубларига хат йўллаб, 10 январга қадар ойлик-маошлар бўйича қарздорлик бартараф этилиши лозимлигини билдирганди. Сўнгги йилларда ўхшаш муаммолар босқичма-босқич бартараф этиб келинаётган бўлиб, эндиликда айрим футбол клубларининг ойлик-маошлар масаласига нисбатан бўлган лоқайд муносабатини тартибга солишга эришиш режалаштирилган.

Берилган муддат давомида Суперлиганинг 8 та клуби ойлик-маошлар билан боғлиқ талабни тўлиқ бажарганлигини тасдиқлади: ОКМК, "Сурхон", "Металлург", "Қизилқум", "Локомотив", "Динамо", "Бунёдкор", "Насаф". Шунингдек, "Пахтакор" ва "Андижон" клубларида фақатгина декабр ойи бўйича қарздорлик мавжуд бўлиб, ҳар икки клуб аниқ режа асосида уни бартараф этиш арафасида турибди.

"Нефтчи" клубининг тегишли қўмита кўриб чиққан ҳамда муҳлат берилган учта иши мавжуд эди. Клуб мазкур ишларнинг барчасини ўз вақтида бартараф этди. Шунингдек, легионер футболчилар билан ҳисоб-китоб қилди. Айни вақтда "Нефтчи" ноябр ойи учун қисман ва декабрь ойи учун ойлик-маошлар тўлаш чораларини кўрмоқда.

"Сўғдиёна" клубида ҳолат нисбатан мураккаб. Қарздорлик катта бўлмаса-да, клуб айрим ҳисоб-китобларни ўз вақтида тўлиқ амалга оширилмаган. Шунингдек, ноябр ва декабр ойларидан қарздорлик мавжуд.

"Навбаҳор" клуби фақатгина 15-январ куни Лигага расмий хат билан чиқиб, 31-январ санасига қадар Лига олдидаги қарздорлик бартараф этилишини маълум қилди. 2024 йилни Суперлигада ўтказадиган футбол клублари орасидан фақатгина "Навбаҳор" қатнашчилик билан боғлиқ мажбуриятларини бажармаган. Шундан келиб чиқиб Лига "Навбаҳор" фарм жамоасини Про лигадан четлаштириш масаласини кун тартибига киритган. Қўшимчасига, "Навбаҳор" футболчилар, мураббийлар ва бошқа ишчи-ходимлар билан муносабатларда қатор қарздорликларга эга.

Маълумот учун, Лига айни вақтда клубларнинг меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланган иш ҳақи ҳамда рағбатлантириш масаласига эътибор қаратди. Расмий учрашувлар учун клуб томонидан берилиши мумкинлиги назарда тутилган қўшимча мукофот пуллари масаласи бунда инобатга олинмаган. Сабаби мукофот пуллари одатда меҳнат шартномасига қўшимча тарзда клубнинг моддий имкониятидан келиб чиқиб, алоҳида расмийлаштирилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!