Суперлиганинг
Ads

Cуперлигада фахрий футболчилар саноқли қолди. Улардан бири эса 37 ёшли Анвар Ғофуров. «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилаётган ўйинчи кўплаб мухлисларнинг эътиборини қозонган. Айни пайтда эса «Бунёдкор»даги кўплаб ёшларга ўз тажрибаси билан ўртоқлашмоқда. Лекин Ғофуров футболчилик фаолиятидаги охирги дамларини ўтказаётгандек. Куни кеча у билан бир қатор масалаларда мулоқотга киришдик.

«Бунёдкор»га яна бироз вақт керак»

Суперлиганинг 4-турида «Бунёдкор» клуби Олмалиқда «Андижон»ни қабул қилиб ягона гол эвазига уч очкони қўлга киритди. Шу тариқа, мавсумни иккита мағлубият билан бошлаган «қалдирғочлар» кетма-кет иккинчи учрашувда ғалаба қозонишмоқда. Жамоанинг фахрийси ва етакчиси Анвар Ғофуров эса аввало ёшарган жамоа ва «Андижон»га қарши ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Хабарингиз бор, бизнинг жамоамиз янгитдан шаклланиш жараёнини ўтказмоқда. Таркибимиз асосан ёш ўйинчилардан ташкил топди. Ўзингиз ҳам биласиз, бундай пайтда футболчиларнинг бир-бири билан тил топишиши учун вақт керак. Истеъдодли ёшларимизга ҳам ўйин амалиёти зарур ва бунинг учун уларга вақт бериш лозим. Эътибор берсангиз, сафимизда илк бор «Бунёдкор»да ўйнаётган ўйинчилар бор. Лекин ишонаманки, ҳали бизнинг яхши ўйинларимиз олдинда. «Андижон»га қарши учрашувда ҳам ёш футболчиларимиз ёмон таассурот қолдиришмади. Кўрганингиздек, ўйинни биргина гол ҳал қилди. Лекин бундан ташқари бизда яна бошқа голли имкониятлар ҳам бўлганди. Ўйлайманки, ўйиндан-ўйинга голли вазиятлардан фойдаланиш бўйича имкониятларимизни ҳам янада яхшилаб борамиз. Мавсумнинг дастлабки баҳсларида бетоб эдим. «Пахтакор»га қарши баҳсда майдонга тушдим. «Сўғдиёна» ҳамда «Навбаҳор» билан кечган учрашувларда ҳам жамоамга ёрдам бера олмагандим.

Юқорида айтганимдек, таркибимиз ёш ўйинчилардан ташкил топгани учун «Бунёдкор»нинг шаклланиши учун маълум вақт керак бўлади. Мисол учун «Андижон» жамоасининг таркибига қарасангиз, таркибида тажрибали футболчилар билан бирга иқтидорли ёшлар ҳам бор. Лекин уларнинг ўйини шаклланиши учун ҳам барибир вақт керак бўляпти. «Андижон»нинг таркиби менимча, 80-90 фоизга ўзгарди. Худди шундай ҳолатда бизнинг жамоада ҳам таркиб 80-90 фоизга ўзгарди деб ўйлайман. Бундай паллада хоҳлайсизми-йўқми, барибир вақт керак бўлади. Ўртоқлик учрашуви ўз номи билан ўртоқлик учрашуви саналади. Расмий ўйиннинг мақоми эса барибир бошқа.

«Кўплаб жамоалар «Навбаҳор»нинг майдонида қийналишади»

Иккита мағлубиятдан кейин Фарғонада «Навбаҳор»га қарши учрашувда «Бунёдкор» мавсумдаги биринчи ғалабасини тантана қилди. Очиғи, ўша баҳсда наманганликларнинг ғалабасини тахмин қилганлар кўп эди. Аммо Вадим Абрамов ёш жамоаси ҳаммани ажаблантирди. Ғофуров эса бу борада шундай деди:

- Тан олишимиз керак, Фарғонада «Навбаҳор»га қарши учрашувда футболчиларимиз яхши ўйин кўрсатишди. Ўшанда йигитларимиз майдонда бор кучлари билан ўйнашди ва охиригача курашиб, якунда муносиб равишда ғалабани қўлга киритишди. Лекин шуни ишонч билан айта оламанки, ҳали кўплаб жамоалар «Навбаҳор»нинг майдонида очко йўқотишади. Чунки сафарда бу жамоа билан ўйнаш жуда қийин. Лекин шундай жамоага қарши учрашувда бир очко эмас, балки уч очкони қўлга киритганимиздан хурсандмиз.

«Бунёдкор»даги аксарият ёшларни терма жамоаларда кўрсак ажаб эмас»

Ёшарган «Бунёдкор»дан катта натижаларни кутиш ҳам мантиққа тўғри келмайди. Лекин бунгача «қалдирғочлар» совринли ўринлар учун курашиб келган ва мухлислар ҳам бу анъанага ўрганиб қолишганди. Хўш, «Бунёдкор» бу йилги таркиби билан қайси ўринга даъвогарлик қилиши мумкин?

- «Бунёдкор» бу мавсумда қайси ўрин учун даъвогарлик қилишини вақт кўрсатади. Барибир тажриба ўз сўзини айтиши мумкин. Гарчи сафимизда аксарияти ёш футболчилар бўлишига қарамасдан, 100 фоиз ишонч билан айта оламанки, ҳаммаси истъедодли ўйинчилар. «Бунёдкор»да ўйнаб савиялари ошиб боряпти ва муҳими, уларнинг келажаги порлоқ. Насиб қилса, яқин келажакда жамоадаги кўплаб ёшларни терма жамоаларда кўрсак ажаб эмас.

«Абрамов билан эски келишмовчиликларни унутганмиз»

Анвар Ғофуров янги мавсумни «Бунёдкор»да бошламаслиги ҳам мумкин эди. Гап шундаки, жамоага Вадим Абрамов бош мураббий этиб тайинланганидан сўнг футболчи клубдан кетиш тараддудига тушиб қолганди. Чунки бунгача Ғофуров билан Абрамовнинг ўзаро муносабатлари яхши эмаслиги ҳақида кўп бор айтилганди. Шу боисдан ҳимоячининг «Бунёдкор»ни тарк этиши кутилаётганди. Бироқ кейинчалик воқеалар ривожи ўзгариб, футболчи Абрамов қўл остида ўйнашга рози бўлди. Биз эса бунинг сабаби билан қизиқдик.  

- Вадим Абрамов билан ҳаммасини гаплашиб олганмиз ва ўртамизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Клубда ҳар ким ўз вазифасини бажаришда давом этяпти. Биз Вадим Карленович билан олдинги келишмовчиликларни унутганмиз ва энди ҳеч нима бўлмаганидек, ҳаммасини яна янги саҳифадан бошладик. Айни пайтда мураббий билан ўртамиздаги муносабат ажойиб. Олдинги камчиликлар эса унутилган. Энди буларни эслашга ҳам ҳожат йўқ, ҳаммаси ортда қолди. Ҳозирда бутун жамоа билан бирлашганмиз. Мураббийлар ва ёши катта футболчилар ҳамжиҳатликда жамоанинг равнақи йўлида жиддий ишга киришганмиз. Бу эса иқтидорли ёшларга  албатта қўл келади.

«Бу йил фаолиятимни тугатаман»

37 ёшли футболчи юқорида таъкидлаганимиздек, Суперлиганинг фахрий ўйинчиларидан бири ҳисобланади. Аслида уни ўтган мавсум якунланганидан кейин фаолиятини тугатишини кутганлар ҳам бўлганди. Аммо ҳозирча Анвар ҳали ҳам футболчи сифатида майдонда тўп сурмоқда. Лекин ўзининг айтишича бу унинг фаолиятидаги охирги мавсум бўлиб қолади.

- Ўйлайманки, бу йилги мавсум футболчилик фаолиятимда охиргиси бўлиб қолади. Мен ҳаммасини ҳисобга олдим ва режам бўйича жорий мавсум мен учун сўнггисига айланяпти. Умуман олганда, бу нормаль ҳолат. Ахир фаолиятини тугатаётгн биринчи футболчи эмасман-ку. Ҳамма ҳам бир кун келиб фаолиятини якунлайди. Шу боис бу қароримни тўғри қабул қилиш лозим. Агарда сизда жароҳатлар бўлса ёки соғлигингиз кўтармаётган бўлса, у ҳолда футболни қийнашнинг кераги йўқ. Ўзим эса ҳолатимни яхши билиб турибман. Барибир жароҳатлар ўз сўзини айяпти-да. Шунга қарамай, кучим борича мавсум охирига қадар «Бунёдкор»га ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Ёш футболчиларни қўлимдан келганича қўллаб-қувватлайман.