Суперлиганинг супер тўқнашувидан нима кутяпсиз ёхуд "Насаф"да ёмон анъана бор-да!

2 октябрь оқшомида катта ўйин бор. Бу шубҳасиз турнинг марказий ўйини, балки Суперлигада йил ўйинидир. Майдонда “Пахтакор” билан “Насаф” ўйнар экан ортиқча эътироф-у, анонсни кераги бўлмай қолади. Ҳаммаси шундоқ маълум, бу қандай ўйинлиги. Бу жамоалар бир-бирини шунчалик яхши билишадики, ташқаридан туриб сиз билан биз нимадир дейишимиз ортиқча бўлиб қолади. Суперлигадаги супер тўқнашув гувоҳи бўламиз.

Одатда бу каби муҳим ва марказий учрашувлар олдидан таркибда кимлар тушаркин, мураббийлар қанақа тактика танларкин, деган тахминларга берилиб кетилади. Кимни тушириш, қандай тактика қўллашни мураббийлар ўзлари яхши билишади. Шунинг учун ўйин олдидан бу каби тахминларга берилишга ҳожат йўқ. Максим Шацких ҳам, Рўзиқул Бердиев ҳам бу масалада бош қотиришаётгани аниқ. Демак, бу борада сиз билан биз бош қотирмасак ҳам бўлади. Фақат ўйинни мириқиб томоша қилиш керак холос. Фақат шуни олдиндан аниқ айта оламизки, бу оддий баҳс эмас. Чемпионлик йўлида курашаётган икки жамоа ўртасида аёвсиз кураш бўлади. Майдонда футболчилар ғалаба учун бир-бирини аяб ўтиришмайди. Иккала жамоа аъзолари учун рақиб номларининг ўзиёқ мотивация бериши турган гап.

пахтакор насаф1

“Пахтакор” –“Насаф” иштирокидаги учрашувни бошқариш Темур Тўхтасинов бошчилигидаги ҳакамлар бригадасининг чекига тушган. Охирги пайтларда чемпионатимиз ўйинларида ҳакамлар билан боғлиқ вазиятлар эътибор марказига чиқиб қолмоқда. Баҳсли ҳолатлар ортидан танқид ва эътирозлар ҳам ортиб кетди. Бизни хавотирга солаётган ягона ҳолат бу ҳакамлар билан боғлиқ. Майдонда “Пахтакор” билан “Насаф” жанг қиларкан, ўйин жиддий тўқнашувларга бой ўтишига шубҳа йўқ. Мана шундай пайтда ҳакамлар катта саҳнага чиқиб қолмаса бўлгани. Истагимиз марказий учрашувни реферилар бузиб қўйишмасин. Ҳартугул учрашувдан сўнг ҳакамлар мавзусида алоҳида мақола ёзишни истамасдик. Рости, иккала жамоадан ташқари, ҳакамлар жамоасига ҳам омад тилаймиз.

Дарвоқе, “Пахтакор” – “Насаф” ўртасидаги учрашув жорий мавсумни бошлаб беришганди. 27 февраль санасидаги Суперкубок ўйинида “Шерлар” 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, совринни қўлга киритгани ёдимизда. Биринчи даврада Қаршидаги беллашувда дарвозаларга гол урилмаганди – 0:0. Умумий ҳисобда чемпионат доирасида бу икки клуб 51 марта тўқнаш келишди. Албатта, “Пахтакор”да катта устунлик кўриниб турибди. Нега деганда, “Шерлар”нинг ҳисобида 30 та ғалаба бор. “Насаф”да эса рақибиникидан икки баробар кам ғалаба бор – 10 та. Клублар 11 та ўйинда дуранг натижани қайд этишган. Табиийки, тўплар нисбатида ҳам “Пахтакор” сезиларли фарқ билан олдинда – 78/46.

"Насаф" учун ёқимсиз анъана бор. Қаршиликлар "Пахтакор" майдонида фақат бир марта - 2001 йилги чемпионатда ғалаба қозонишган. Ўшанда "Насаф" меҳмондан 0:2 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган. Бунинг қарангки, ушбу муваффақият қаршиликлар учун сафардаги ягона ғалаба бўлиб қолмоқда. "Пахтакор" ўз уйида "Насаф"га қарши "Шер"лигини кўрсатиб қўймоқда ва аксарият учрашувларда ғолиб чиқяпти. Ана энди савол: Суперлиганинг супер тўқнашувидан нима кутяпсиз? Эътибор берган бўлсангиз, "Насаф"да "Пахтакор" майдонидаги ўйинларда ёмон анъана бор. Бердиев жамоаси бунга чек қўядими-йўқми, буни учрашувдан сўнг билиб оламиз. 

пахтакор насаф2

“Бунёдкор”нинг “Навбаҳор” устидан 2:1 ҳисобидаги ғалабаси эвазига “Пахтакор” – “Насаф” баҳсидаги интрига ўйин олдидан янада кучайиб кетди. Боиси, чемпионлик учун даъвогарлардан бири –“Навбаҳор”нинг мағлубияти сабаб бу турда уларнинг очкоси 37 талигича қолди. “Пахтакор” билан “Насаф” ҳисобида бўлса 38 тадан очко бор. Ютган жамоа якка пешқадам бўлиб қолмасдан, очколар бўйича ҳам яққол тафовутни вужудга келтиради. Шунинг учун мағлуб бўлган “Навбаҳор” Тошкентдаги марказий учрашувда дуранг қайд этилишининг тарафдори, бизнингча. Ана шунда иккала клуб ҳам наманганликлардан катта фарқ билан олдинга ўтиб кетмайди. Аммо биламизки, “Пахтакор” ҳам, “Насаф” ҳам ғалаба учун энг яхши ўйинини кўрсатишга ҳаракат қилади.

Куни кеча “Пахтакор”нинг собиқ устози Славче Войнески сайтимизга берган интервьюсида бўлажак учрашув тўғрисида тўхталиб, шундай деганди:

- Бу қийин ўйин бўлади, доимгидек. “Пахтакор”да кичик устунлик бор, - дея гап бошлади, Славче. - Чунки улар ўз майдонида ўйнашади. Шундай ўйлайманки, индивидуал маҳорат жиҳатидан кўрсатиладиган ўйин ушбу баҳсда иккала жамоа учун натижани таъминлаб бериши мумкин. Тўғриси, ушбу учрашувда кўп голларни кутмайман. Чунки охирги иккита беллашувда “Насаф” жамоасини қай даражадалигини кўргандик. “Пахтакор” таркибида кўплаб тажрибали футболчилар бор. Айниқса, ярим ҳимоя ва ҳимояда. Шу жиҳатдан 1:0 ҳисобидаги “Пахтакор”нинг ғалабасини тахмин қилиш мумкин. Катта эҳтимол билан ушбу учрашув 2022 йилги мавсум чемпионлиги учун муҳим аҳамият касб этиши кутиляпти. Албатта, олдинда яна ўйинлар бор. Лекин “Пахтакор” бу ўйинни ғалаба билан якунлай олса, уларда чемпионлик учун қулай имконият пайдо бўлади. Бу қадар катта имкониятдан ўз майдонида фойдаланиб қолиш мақсадга мувофиқ бўларди, - дея фикр билдирди, македониялик мураббий.

Бир сўз билан айтадиган бўлсак, “Пахтакор” – “Насаф” қизиқарли саргузаштларга бой бўлади. Бу аниқ. Қолганини ўйиндан кейин гаплашамиз!

"Пахтакор"да классик ҳужумчи пайдо бўлди, мен ишлаганда йўқ эди". Войнески янги клубида "Шерлар" сафидан кимларни кўрмоқчилиги ва "Насаф"га қарши ўйин олдидан имкониятларни айтди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
02/10/2022 10:54
Nasaf yutqazgan uyinlariga qanaqa yutqazgani. hamma biladi. bizaga qachonni. hamma klub Shahsiy bulsa hokimiyat va boshqala aralashmasa ana ushanga haqqoniy chempionat buladi. chunki bizaga uka akasini oldini kesib utmaydi hech qachon.
Ishoq Ruziev
02/10/2022 10:48
Yilni markaziy o'yini shu 6yin b6ladi
&
Мажидов Шахзод
02/10/2022 01:27
Эрта стадионига кириш текин эканми биладиганлар айтиб юборинглар, илтимос
Uchqunbek Habibullaev
02/10/2022 01:07
Ўйиндан аввал ҳеч нарсани билиб бўлмайди. !!! ҳатто 100-0 нинг ҳам тескариси бўлиши мумкинлигини бугун гувоҳи бўлганимиздек. :) :) :) :) :) :) :) :)