Суперлиганинг уч клубига ёзги трансфер ойнаси учун санкция қўлланилди
Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмита қарорлари ижросини ўз вақтида таъминламагани учун "Навбаҳор", "Нефтчи" ва "Сурхон" клублари 2024 йилнинг ёзги трансфер ойнасида хорижлик футболчини Лига рўйхатидан ўтказа олмайди. Тақиқ қарздорлик бартараф этилган тақдирда ҳам амалда бўлади, - бу ҳақида ЎзПФЛ матбуот хизмати бермоқда.
Жорий йилнинг 16 июль санасига қадар Лига бу уч клубнинг янги футболчиларини рўйхатдан ўтказмайди. Мазкур санага қадар ҳам қўмита қарорлари ижроси бажарилмаса, 16 июль санасидан сўнг улар фақатгина 2002 ва ундан кейин туғилган футболчини рўйхатдан ўтказиши учун рухсат берилади. Бунда клублар «Суперлига ва Пролига регламенти»да белгиланган лимитдан чиқиб кетмаслиги таъминланади.
Агар трансфер ойнасининг сўнгги куни бўлган 30 июль санасига қадар ҳам мавжуд қарздорлик бартараф этилмаса, у ҳолда автоматик равишда 2025 йилнинг қишки трансфер ойнасида легионер футболчини рўйхатдан ўтказиш учун тақиқ кучга киради. Шундан сўнг мазкур клублардан 6 очкогача олиб ташлаш масаласи кун тартибига киритилади.
Фикрлар