“Supermokh Cup 2016”. 4-кун. “Бунёдкор-2002” Таиланд термаси устидан ғалаба қозонди
Ads

 

Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида давом этаётган “Supermokh Cup 2016” турнири қизғин палласига кирди, дея хабар бермоқда "Бунёдкор" матбуот хизмати. 

2002 йилда таваллуд топган футболчилар ўртасидаги баҳсларда чорак финалга ўтиш учрашувлари бўлиб ўтди. Унда Сергей Чигодаев ва Акмал Рисқуллаев бошчилигидаги тарбияланувчилари U-14 ёш тоифасидаги Таиланд терма жамоасини йирик – 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Вакилларимиздан Жасур Жалолиддинов бешта гол уриб, “флеш” қайд этган бўлса, яна бир гол Фарруҳбек Муҳторов ҳисобига ёзилди.

Қайд этиш керакки, Жасур Жалолиддинов ҳозирча турнир мобайнида 8та гол уришга муваффақ бўлди ва “Supermokh Cup 2016” мусобақаси тўпурари бўлишга асосий номзодлардан бири бўлиб турибди.

Шу тариқа, “Бунёдкор-2002” жамоаси турнирнинг кучли саккизта жамоаси қаторига қўшилишди. Чорак финалга қуйидаги жамоалар йўлланма олган: "Спортинг" (Португалия), "Бурирам Юнайтед" (Таиланд), "Сеул" (Жанубий Корея), "Сан Пауло" (Бразилия), "Бунёдкор" (Ўзбекистон), ПСЖ (Франция), Малайзия пантералари ва Малайзия пумалари.