"Сурхон" бош мураббийи: "Бундай вазиятда олтинга тенг бир очкони қўлга киритдик"
“Андижон” – “Сурхон” (0:0) учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида меҳмонлар бош мураббийи Сергей Арслонов иштирок этди ва журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Барчага хайрли кун. Ўртадаги катта танаффусдан кейин жуда яхши ўйин бўлди, деб ўйлайман. Аввало, “Андижон” жамоасини фантастик тарзда қўллаб-қувватлаганликлари мақтовга лойиқ. Мухлислар жамоасини ўзгача тарзда олқишлаб турдилар. Айтишим керакки, улар стадионда ажойиб футбол муҳитини яратиб беришди. Шу ўринда “Андижон” жамоасини ғалабага жуда чанқоқ ҳолда майдонга тушганлигини эътироф этиб ўтишим керак. Уларнинг учрашувга жиддий тайёргарлик кўрганликлари сезилиб турди. Мезбонлар уч очкони олиш иштиёқида курашгани кўзга ташланди. Яна қайтараман: бундай муҳитда ва бундай мухлислар қаршисида тўп суриш бизга анча қийинчилик туғдирди. “Андижон” ғалаба учун қаттиқ ҳаракат қилди. “Андижон” каби ташкилий жиҳатдан кучли ва ажойиб мухлисларига эга жамоага қарши 10 киши бўлиб ўйнаш анча қийинчилик туғдирди. Менинг йигитларим бундай муҳитда ҳақиқий матонат кўрсатишди. Бундай вазиятда олтинга тенг бир очкони қўлга киритдик, деб ўйлайман. Иккинчи даврада осон учрашувлар бўлмайди ва ҳар бир очкони олтинга тенг деб ҳисоблайман. Ҳақиқий ҳужумкор ўйин бўлди. Йигитлар характер кўрсатиб дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолишди.
- Нимели нимагадир кўнгилдагидек ўйнай олмади...
- Келинг, шундай ёндашайлик: ҳар бир ўйинчини майдонда ўз вазифаси бор. Футболчи ана шу вазифани бажариши керак бўлади. Биринчи таймда қийин ўйин ўтказдик ва бунга яхшигина куч сарфладик. Шу билан биргаликда футболчимиз қизил карточка олди. Эътибор қаратган бўлсангиз, қизил карточкадан кейин йигитларимиз жисмоний томондан кўп ҳаракат қилишди. Ярим ҳимоячилар ва ҳимоячилар бундай вазиятда кўпроқ ҳаракат қилдилар. Алоҳида кимнидир таъкидлаб ўтмайман, барча ўйинчи катта куч сарфлади.
- Сиз бош мураббийсиз. Лекин кўрсатмаларни ўйин давомида Токов ҳам, бошқаси ҳам бериб турди...
- Нафақат Токов, балки эътибор берган бўлсангиз Рустам Қурбонбоев ҳам кўрсатма берди. Бизда бош мураббий бор. Аммо мураббийлар штабидагилар мен кўрмаган нарсаларни йигитларга айтиб турадилар. Ҳатто, баъзи ҳолатларда захирадаги футболчилар ҳам мураббийга ўз фикрларини билдиришлари мумкин бўлади.
- Натижадан қониқдингизми?
- Албатта. 10 киши бўлиб ўйнаб бундай атмосферада бир очкони олиш яхши натижа деб ўйлайман ва қониқдим. Энг асосийси, йигитлар характер кўрсатишди.
"Андижон" матбуот хизмати.
Фикрлар