"Сурхон" бош мураббийи: "Машъал" билан ўйинда ғалабадан бошқа натижа кўрсатишга ҳаққимиз йўқ

Суперлиганинг 4-тур доирасида “Сурхон” ўз майдонида “Машъал”ни қабул қилади.

Ушбу учрашув термизликлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаровнинг "Сурхон"даги учинчи ўйинига айланади. Бунгача у янги жамоасининг иккита учрашувида иштирок этишга улгурганди. Айни дамда эса “Сурхон” “Машъал” билан баҳсга жиддий равишда ҳозирлик кўрмоқда. Бу хусусида гапирар экан, бош мураббий Sports.uz мухбирига қуйидагиларни айтди:

- Машғулотларимизни бошлаганимизга бир ҳафта бўлди. Футболчиларимиз уйда индивидуал шуғулланишгани билинди. Уларга оғир юкламалар берганимизда ҳам у қадар қийналишмади. Ўтган вақт давомида асосан жисмоний ҳолатини оширишга эътибор қаратдик. Тўғри, бир ҳафтанинг ичидаёқ ҳаммасига улгуриб бўлмаса-да, аммо 60-70 фоизга қониқиш ҳосил қилдик. “Локомотив”га қарши ўртоқлик учршуви ҳам биз учун жуда фойдали бўлади. Лекин расмий ўйингача фақат битта беллашув ташкил қила оламиз холос. Боиси қолган клублар билан режаларимиз тўғри келмади. “Локо” билан ўйиндан сўнг 10 июнда Термизга кетамиз.

- “Машъал” ҳақида гапирадиган бўлсам, агар учта тур бўйича хулоса қилсак, улар про-лигадан чиқиб, аутсайдерга ўхшаб ўйин кўрсатаётгани йўқ. “Сўғдиёна”, “Бунёдкор” ва “Қизилқум”га қарши анча мазмунли ҳаракат қилишди. Улар тартибли жамоа. Аксар футболчилари ўз академиясидан чиққан. Бир сўз билан айтганда, рақибни ўрганиб чиқяпмиз. Ўз уйимизда ўйнаймиз ва ғалабадан бошқа натижа кўрсатишга ҳаққимиз йўқ. Шундай экан, мухлисларимиз олдида фақат муваффақият қозониб, уларни хурсанд қилишимиз керак.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!