"Сурхон" бош мураббийи "Насаф"га учралган мағлубиятга изоҳ берди
Ўзбекистон Кубоги 2-тури доирасидаги «Насаф» – «Сурхон» (1:0) учрашувидан кейин меҳмонлар устози Сергей Арслонов ўз фикрларини билдирди
Ўйин ҳақида
- Ҳаммага хайрли кеч. Биринчи навбатда «Насаф»ни ғалаба билан табриклайман. Битта тўп фарқи билан мағлуб бўлдик. Ўйин курашларга бой бўлди. Афсуски, ягона пенальти ўйин натижасини ҳал қилди. Ҳар доимги ўйин услубимизни бугун ҳам кўрсата олдик. Бу Кубок ўйини. Бугун ўйин амалиёти кам бўлган футболчиларга имконият бердик. Шамил Гасанов ҳам жароҳатдан кейин бугун биринчи марта майдонга тушди. Дарвозабонимиз Азизхон Исаков ҳам жароҳатидан тикланиб, расмий учрашувда майдонга тушди. Бугунги ўйинимиз яхши бўлди, боғламлар ҳам яхши ишлади. Бироқ натижа қониқарли бўлмади.
- Асилбек Жумаевни нега ўзгартирдингиз?
- Жумаев келажаги бор, иқтидорли ўйинчи. Ўзгартиришга келсак, чемпионат ўйинларига қадар тикланиш учун жуда кам вақт бор. Бизда тикланиш учун уч кун вақт бор, бундан ташқари, бизни узоқ йўл кутиб турибди. Шу сабаб ҳам уни бироз асрашни мақсад қилдик.
- «Сурхон» жамоаси олдига ушбу мавсум қандай мақсад қўйилган?
- Кўп бериладиган савол. Мақсадларимиз анча юқори. Жамоамиз ёш, амбицияларга эга. Биз ҳам мураббий сифатида энг юқори мақсадларни кўзлаяпмиз
“Сурхон” матбуот хизмати.
Фикрлар