"Сурхон" устози "Нефтчи" бош мураббийи қўли остида ўйнагани, жамоасининг энг зўр футболчиси ва мағлубиятдан қутулиб қолгани ҳақида
Cоcа-Cоlа Суперлига 9-турида «Нефтчи» билан дуранг ўйнаган «Сурхон» клуби бош мураббийи Сергей Арслонов биринчи таймдаги нурсиз ўйин, Нимелининг бугунги кундаги формаси, рақиб жамоа, рақиб жамоа бош мураббийи ва истеъдодлар ҳақида фикр билдирди.
«Кучли жамоа билан ўйинда қимматли очколарни қўлга киритдик. Бугун ҳам икки хил тайм кўрдик. Биринчисида унчалик ҳам омадимиз келмади, деярли вазият яратмадик. Очиғи, бунга рақиб имкон бермади. Иккинчи таймда тўпни назорат қилишга ҳаракат қилдик. Кўпроқ ҳужум қилдик ва якунда дуранг ўйнадик. Бундан хурсандмиз. Кучли жамоага қарши очко ҳам натижа.
Нимелининг бугунги кундаги формаси яхши. У бугун бундай формага кирмади. Аввалги ўйинларда ҳам шундай ҳаракат қилганди. Унинг тиришқоқлиги ва ҳужумларда чаққон ҳаракат қилиши бизга ёрдам беряпти. Масалан, бугун ҳам биринчи таймда яримта вазиятдан фойдалана олди ва деярли ассист амалга оширди. Иккинчи таймдаги ҳаракатлари ҳам ҳар мақташ учун арзирли. Гол урди ва жамоага очко тақдим этди. Умуман, жамоадаги барча бирдек ҳаракат қиляпти. Барча футболчиларнинг ҳаракатлари таҳсинга сазовор.
Нефтчи» таркиб ва маҳорат борасида биздан анча кучли. Ижрочилар ҳам уларда яхшироқ. Аммо шундай жамоага қарши ўйинда бугун очко олдик. Тўпни назорат қилишда, умуман ҳеч қандай аспектда улардан қолишмадик. Балки, қаердадир яхшироқ ўйнагандирмиз.
Левченкони мураббий сифатида анчадан бери танийман. Қолаверса, унинг қўл остида бироз муддат ўйнаганман. У футболчи сифатида ҳам кучли ва ақли эди. Мураббий сифатида эса анча кучли мутахассис эканини айтишим мумкин. Унинг жамоалари тактик жиҳатдан яхши, майдонда турли тактик схемаларни қўллайдиган ва тартибли жамоалар.
Бизда турли ёшда мамлакатимизда истеъдодли футболчилар этарли. Фақат уларни тўғри ва асосийси, фойдали йўналтириш муҳим. Мамлакатимизда бундай ёшлар этарли”, - дейди Арслонов.
Фикрлар