"Сурхон" яна ўзгаришлар арафасида: Анхель Лопес клубдан кетганини айтди. Ҳамиджон Актамов-чи? У нима деяпти?
Мавсум бошида “Сурхон” клубига бош мураббий этиб тайинланган испаниялик Анхель Лопес Суперлиганинг 17-туридан кейин истеъфога чиқарилгани маълум бўлди.
“Сурхон” сафарда АГМК жамоасига 2:1 ҳисобида имкониятни бой берганидан сўнг, Лопеснинг клубдан кетиши ҳақида гап-сўзлар кўпайди. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида испаниялик мутахассис билан боғланганимизда у қийин кун бўлганини ва “Сурхон”дан кетганини Sports.uz мухбирига айтди. Аммо яна шуни ҳам қўшимча қилдики, мураббий ўзи кетмаган, балки уни ишдан бўшатишган.
Лопес бошчилигида “Сурхон” 17 та ўйинда 3 ғалаба, 4 дуранг ҳамда 10 мағлубият билан 13 очко тўплаб, 13-ўринни банд этиб турибди. Клуб охирги марта 18 июнь куни 12-тур доирасида сафарда “Динамо”ни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратганди. Шундан бери термизликлар кетма-кет мағлубиятлар сериясини бошидан кечирмоқда.
Яқинда сайтимиз орқали “Сурхон”га Ҳамиджон Актамовнинг бош мураббий бўлиши ҳақида хабар бердик. Табиийки, вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида унинг ўзи билан ҳам алоқага чиқдик.
“Бу ёлғон, бунақа гап йўқ. Мен “Сурхон”га бош мураббий бўлмайман, ҳаммаси фейк хабар”, - деди Актамов Sports.uz мухбирига.
Биласиз, “Сурхон”нинг АГМКга қарши ўйини олдидан Ҳамиджон Актамов бош менежер этиб тайинланди. Шундан сўнг табиийки, унинг кейинчалик жамоага бош мураббий бўлиши мумкинлиги тўғрисида ҳам хабарлар чиқа бошлади. Мана, Лопес “Сурхон”дан кетди, буни унинг ўзи айтди ва хабарни тасдиқлади. Энди ўрнига кимдир бош мураббий бўлиши керак. Ҳозирча бизнинг назаримизда асосий номзод бўлиб турган Актамов ушбу хабарни кескин рад этди. Бироқ ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Бизга маълум бўлишича, бугун кўп масалага ойдинлик киритилиши кутилмоқда. Албатта, клубнинг охирги пайтлардаги салбий натижалари раҳбариятни қониқтирмаётганди. Шу сабабли, Олмалиқдаги баҳс Лопес учун охиргиси бўлиб чиқди. “Сурхон” аутсайдерлар орасига тушиб қолган. Лекин испаниялик мураббийнинг ўзи жамоадан кетмоқчи эмасди. Буни ўзи ҳам айтди ва биз билан мулоқотда Лопеснинг кайфияти унчалик яхши эмасди.
Шунингдек, бош мураббий билан бирга унинг ёрдамчилари ҳам жамоадан кетиши катта эҳтимол. Ҳозирча, “Сурхон” бундай ўзгариш бўйича расмий хабар бергани йўқ. Лекин воқеалар ривожи шунга қараб кетмоқда. Акс ҳолда испаниялик мураббий бизга клубдан кетгани ҳақида айтмасди. Бу ёқда эса Актамовнинг “Сурхон”га бош менежер бўлиб келиши ҳам тахминлар тўғри бўлиб чиқаётгандек тасаввур уйғотяпти. Бу худди “Пахтакор”да Максим Шацкихнинг келишига ўхшайди. Ёдингизда бўлса, у аввалига спорт директори бўлди. Кейин Славче Войнески бош мураббийликдан кетгач, кутилганидек, Шацких унинг ўрнини эгаллаган. “Сурхон”да вазият қандай бўлишини ҳозирча тўлиқ билмаймиз. Биз фақат тахмин қилишимиз мумкин холос. Тез орада барчасига ойдинлик киритилади.
Фикрлар
Бу маколни Ким качан тушинади.