"Сурхон"да 10 нафар испаниялик бор, менда эса 2 та ёрдамчи" - Луисма Эрнандес Анхель Лопесга қандай сюрприз тайёрлаганини айтди

“Металлург” клуби “Сурхон”га қарши учрашувда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Аҳамиятлиси, бу икки испаниялик мураббийлар ўртасидаги тўқнашув эди. Бирида Луисма Эрнандес, яна бирида Анхель Лопес ишлаётганини яхши биласиз.

Ушбу тўқнашувда Эрнандеснинг қўли баланд келди ва “Металлург” ўз ҳисобига уч очкони ёзиб қўйди. Ўйиндан кейин бекободликлар устози Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

- Ўйин ҳар томонлама сизга ёқдими? Нима дейсиз?

- Умуман олганда, бу биз учун қийин ва муҳим ўйинлардан биттаси бўлди, деб айтсам нотўғри бўлмайди. Рақиб жамоани биламиз. Уларга бугунги учрашувда ғалаба сув ва ҳаводек зарур бўлгани учун фақат ғалабага ўйнашини билгандик. Бу сафар таркибни одатдагидан кўра бошқачароқ тарзда тузишга қарор қилдик. Яъни, учта ҳужумчи тактикасини қўллаб, шу орқали рақибга қайсидир маънода сюрприз қилиб ўйнашга қарор қилдик. Ҳар доимгидек ҳимояга катта урғу берган ҳолатда ҳужумда ҳам максимал имкониятлардан фойдаланишни олдимизга мақсад қилиб қўйгандик. Ўйлашимча, ўйин жуда яхши ўтди. Беллашув натижасини 3:0 кўринишида эртароқ ҳал қилиб қўйишимиз ҳам мумкин эди. Лекин айрим ҳолатларда бизга аниқлик етишмади. Охирги дақиқаларда рақиб ҳам ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди.

- Юқорида “Сурхон”га қарши учта ҳужумчи билан ўйнаганингиз ҳақида айтдингиз. Бу таваккалчилик эмасмиди?

- Учта ҳужумчи билан ўйнашимизга келсак, ҳар бир ўйинни ўз услуби бўлганидек, биз ҳам ўйиндан олдин мураббийлар штаби билан рақиб жамоани ўрганиб чиқамиз. Шундан келиб чиққан ҳолатда керакли тактикани танлаймиз. Учта ҳужумчи билан тўп суришимизга яна бир сабаб, жароҳат олган футболчиларимиз эвазига ҳам бу бизни янада ҳужумкор ўйин кўрсатишимизга мажбур қилди.

луисма3_3

- Ўйин охирида “Сурхон” гол урганида қаттиқ хавотирга тушдингизми?

- Тўғри, “Сурхон” охирида ҳисобни тенглаштиришга ва яна битта гол уришга қаттиқ ҳаракат қилди. Юқори прессинг қўллаган ҳолда ўйнади. Гол бўлган вазиятда футболчимиз Фарруҳ Ибрагимов майдонга йиқилиб тушганди. Ўша ҳолатда барибир ҳимояда битта ўйинчимизнинг йўқлиги сезилди. Бу футбол ва унда ҳар қандай вазият бўлади. Шундай бўлган тақдирда ҳам совуққонликни йўқотмаган ҳолатда ҳаракат қилишимиз керак.

- Эътиборлиси, бу ўйин испан дербиси мақомида ўтди. Негаки, “Сурхон”да ҳам испаниялик мутахассис бош мураббий. Шунинг эвазига кўпчилик томонидан испанча дерби кўрамиз, деганлар кўп бўлди. Бу ҳолатга эътибор қаратганмидингиз?

- Бу биз учун жуда махсус ўйин эди. Чунки “Сурхон” жамоасини биламиз. Уларда умумий ҳисобда 10 та испаниялик бўлиб, 4 та футболчиси ва 6 нафар мураббийлар ишлашади. Мен эса ҳозирги пайтда иккитагина ҳамюртим билан “Металлург” жамоасида ишлаб келяпмиз. Ўйиндан олдин бу нарсага ҳам катта эътибор ва урғу берилганди. Биз бор кучимизни сарфлаб, иложи борича ғалаба қозонишни олдимизга мақсад қилиб қўйгандик. Умумий ҳисобда иккита ғалаба ва битта дурангдан кейин бугунги ўйиндан ва натижадан хурсандман. Футболчиларимизнинг ҳаракатларидан ҳам мамнунман.

луисма1_2

- Биринчи даврадаги учрашувда дуранг қайд этилган. Бу сафар “Сурхон” мағлуб этилди. Нима деб ўйлайсиз, “Сурхон”даги ҳамкасбингиз Анхель Лопесдан кучли эканимни исботладим, деган фикр хаёлингизга келяптими?

 - Ўзимни ҳамкасбимдан устунман деб билмайман. Чунки меҳнатни фақатгина бош мураббий ёки мураббийлар штаби бажармайди. Бу ёқда бутун бир жамоа ишлаши керак бўлади. Лекин ушбу учрашувдан икки баробар хурсандман. Негаки, олдимизга қўйилган мақсадга кўра, ёш футболчилар билан тўп суриш эди ва улар ўзларини жуда яхши томонлама кўрсатишяпти. Иккинчи томондан яна бир хурсанд бўлганим шуки, ўйин бошида жамоамиз иккита оғир жароҳат олган йигитларга бугунги ўйинни бағишлашганди. Бу ҳам мени қувонтирди.

- Олдинда “Металлург”ни “эски” рақиби кутяпти. Яъни, АГМКга қарши майдонга тушасизлар. Яқинда ушбу жамоа майдонида ғалаба қозонгандинглар. Яна таниш жамоага қарши тўп суриш ноқулай туғдирмайдими? Кубок учун режангиз қандай?

- Албатта, АГМК жамоасини жуда яхши биламиз. Чемпионат доирасида иккита ўйин ўтказдик ва иккаласида ҳам 1:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Бу бизга ўйин олдидан устунлик беради, десам адашмаган бўламан. Ҳозир “Сурхон” устидан қозонилган ғалабадан руҳланган ҳолда дам оламиз. Эртадан тикланиш ишларини амалга оширган ҳолатда АГМКга қарши ўйинга тайёрланамиз. Иложи борича Кубокда ҳам АГКМни яна ютишга ва мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!