"Сурхон"да футболчи ва ишчи-ходимлардан қарздорлик бор. Клубда "Турон"га ўхшаган ҳолат юзага келган

Охирги пайтларда "Сурхон" клубининг молиявий ҳолати борасида гап-сўзлар урчиди. Ушбу ҳолатга ПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев телеграмдаги саҳифасида тушунтириш берди.

- "Сурхон" футбол клуби билан боғлиқ масала ва жамоа ҳозирда нималарда қийналаётганини тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз.

Биринчи муаммо. Айни вақтда клубни молиялаштираётган томон клубнинг тўлиқ эгасига айланиб улгурмаган. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилиниши керак. Таклиф сифатида "Сурхон" профессионал футбол клуби устав фондидаги давлат улушини Президентнинг ПФ–5887-сон Фармони асосида янги мулкдорга бепул ўтказиб бериш берилган. Лойиҳада Сурхондарё вилояти ҳокимлиги "Сурхон" клубининг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан тезкор мустақил аудит текшируви ўтказиб, клубнинг кредитор қарздорлигини аниқлаши ва 2022 йилнинг 1 августига қадар мазкур қарздорликни бартараф этилишини таъминлаши ва бир ой муддатда клуб устав фондидаги давлат улушини белгиланган тартибда янги мулкдорга топшириши кўрсатилган. Қарор лойиҳаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан келишилган ва шу йилнинг 10 июнь куни Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилган. Ҳуқуқий экспертиза қарор лойиҳаси бандларига эътироз билдирилиб, тақдим этилган таҳрирда қабул қилинишини мақсадга мувофиқ эмас деб топган.

Биздаги маълумотга кўра, "Сурхон"нинг 2021 йил якунига кўра футболчи ва ишчи-ҳодимлардан таҳминан 1,7 млрд сўм қарздорлиги мавжуд. Шунингдек, клуб турли корхона ва ташкилотлардан май ойи ҳолатига кўра 710 млн сўм қарздор. Эндиликда юқоридаги қарор лойиҳаси Адлия вазирлигига қайта киритилмоқда. Демак, олдин вазирлик ижобий хулоса бериши ва шундан кейингина у Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак. Бу эса вақт талаб этади.

Иккинчи муаммо. "Сурхон" уй учрашувларини ўтказадиган "Сурхон" арена Сурхондарё вилояти ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби балансида турибди. "Сурхон" клубини айни вақтда молиялаштираётган томон стадионга инвестиция киритиш ва уни регламент талаб этаётган даражага етказишга тайёр. Аммо бунинг учун Спортни ривожлантириш вазирлигининг рухсати билан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида узоқ муддатли битим имзоланиши мақсадга мувофиқ. Афсуски, бу каби масалаларда оқсаш бор. Оддий мисол, "Турон" футбол клуби ҳам худди шундай ҳолатда стадионга бир неча ўн миллиард инвестиция киритди. Афсуски, ҳужжат масаласи ҳалигача ҳал бўлган эмас.

Шунга қарамай, клубни бугунги кунда молиялаштираётган томон стадион прожекторларини яхшилаш учун техникани олиб келди ва айни вақтда мазкур техникани божхонадан расмийлаштириш ишлари амалга ошмоқда. Шундан келиб чиқилса, август ойи давомида прожекторлар талаб қилинаётган минимал кўрсаткичга келиши мумкин. Ўтган ҳафта биз клуб инвесторлари билан "Сурхон" аренада бўлдик ҳамда амалга ошиши керак бўлган бошқа ишлар масаласида фикр алмашдик. Айни вақтда инвесторлар йил якунига қадар VVIP, VIP, CIP секторларни янгилаш, медиа трибуна ташкил этиш, айрим секторлардаги ўриндиқларни янгиларига алмаштириш, кийим алмаштириш хоналари ва бошқа шароитларни яхшилашга тайёр. Шунингдек, "Сурхон" учун стадионга ёндош ҳудудда замонавий база қуриш режаси ҳам бор. 2023 йилга қадар стадион майсаси ҳамда суғориш тизимини янгилашга улгуриш мумкин.

Бугунга келиб "Сурхон" хорижлик ва маҳаллий янги футболчилар билан шартнома имзолаяпти. Аммо улар рўйхатдан ўтиши учун эски қарзлар ёпилишни бошлаши керак. Янги раҳбарият клубга инвестиция киритиш ва унинг моддий-техник базасини яхшилашга тайёр. Эски раҳбариятдан қолиб келаётган қарздорлик ва клубнинг янгиларга ўтиши масаласи эса ўртада осилиб турибди, - деди Диёр Имомхўжаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ашуров Бахтийор
18/07/2022 14:34
Маш - машалар бошланибди да!