Тачмурод Агамуродов: Ҳакам нотўғри қарор чиқарди
Coca Cola Суперлига 9-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Қизилқум” (1:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида “Қизилқум” жамоаси бош мураббийи Тачмурод Агамуродов иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Жамоамизнинг намойиш этган ўйинидан қониқдим. Шогирдларим майдонда қўлларидан келганича курашишди.
“Навбаҳор” чемпионатимизнинг етакчи жамоаларидан бири саналади. Наманганликлар совринли ўринлар ва Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашишмоқда. Биз эса ҳозирча жон сақлаб қолиш йўлида кураш олиб боряпмиз. Олдимизга қўйилган вазифа йўлида ҳаракат қиламиз. Бугун биргина пенальти барчасини ҳал қилди.
Чемпионатни марказлашган ҳолатда ўтказишми? Шундай қарорга келишган эканми, демак, барчаси бизни ва футболчиларнинг соғлигини ўйлаб қилинмоқда. Футбол раҳбарлари, мутасаддилар инсонларни хавфсизликларини ўйлаган ҳолда, шундай қарор чиқаришмоқда, деб ўйлайман. Ҳақиқатдан ҳам шундай йўл тутилса, буни тўғри деб биламан. Чемпионатни қандай давом эттириш ҳақидаги қарорни биз чиқармаймиз. Буни раҳбарлар ҳал қилади. Бизга фарқи йўқ. Масалан, бугун ҳам узоқ масофа босиб, Наманганга келдик.
Ҳа, жамоани оғир аҳволда қабул қилиб олдим. Боз устига тақвим ҳам биз учун бироз ноқулай эди. Рестартдан сўнг юқори ўринлардаги жамоалар билан ўйнадик. “Пахтакор”, АГМК ва ҳоказо. Лекин жамоа ҳаракат қилмоқда. Оғир вазиятдан чиқиб олиш учун интилмоқда. Агар биз шундай бор кучимиз билан интилишда давом этсак, тушкун ҳолатдан чиқиб кета оламиз. Трансферлар “ойнаси” вақтида жамоамизни кучайтириш учун янги футболчиларни таклиф қиламиз. Яхши футболчиларсиз идеал мураббий ҳам натижа қила олмайди.
“Навбаҳор”нинг ўйини ҳақида бирор бир фикр билдиришим учун мен шу жамоани ичида бўлишим керак. Мезбонларнинг бугунги ўйини эса менда унчалик яхши таассурот қолдирмади.
Шогирдларим рақибга муносиб қаршилик кўрсата олишди. Аммо ҳакам пенальти белгилашда нотўғри қарор чиқарди, деб ўйлайман. Икки футболчи боши билан бир-бирига тўқнашиб кетса, ким қоидани бузганлигидан қатъий назар, ҳакам дарҳол ўйинни тўхтатиш шарт. Ахир, бу ерда футболчининг соғлиги борасида гап кетяпти.
Хавфли вазиятми, бошқами, у қоидага кўра, учрашувни тўхтатиши шарт эди. Бироқ негадир ҳакам бундай йўл тутмади.
Албатта, ҳакамларнинг ишларини назорат қиладиган қўмита бор. “Навбаҳор”га кейинги баҳсларда омад ёр бўлиши ва ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишини тилаб қоламан.
Ўзбек футболида 20 йилдан зиёд вақт давомида фаолият олиб боряпман ҳамда “Навбаҳор”нинг кўплаб садоқатли мухлисларга эга эканлигини яхши биламан.
Бундай мухлисларга эса ушбу ажойиб стадионда ОЧЛ баҳсларини томоша қилиш ярашади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар