Тамила Сарихонова Ўзбекистон тарихида бокс бўйича IBA халқаро техник расмий (ITO) ва техник делегати (ТD) бўлган биринчи аёлга айланди
Халқаро спорт оламида турли хил расмий лавозимлар кўп, афсуски, улар орасида юртдошларимиз жуда кам.
Ўзбек бокс мактаби бир неча йиллардан буён жаҳонда етакчилардан бири бўлиб келаётганига қарамай, юртимиздан ушбу спорт тури бўйича расмийлар оз. Ўзбекистон вакили Тамила Сарихонова мамлакатимиз бокси тарихида биринчи бўлиб "супервайзер" унвонини қўлга киритгани эса қувонарли.
Бокс бўйича супервайзер ёки расмий равишда - Техник делегат ҳар қандай даражадаги бокс мусобақасини ўтказишда асосий шахс бўлиб, спорт мусобақасини ташкил этишнинг мутлақо барча масалалари ва якуний муҳим қарорлар қабул қилиниши учун жавобгар ҳисобланади.
Боксда учта расмий даража мавжуд: RJ – ҳакамлар ва реферилар, ITO - халқаро техник расмийлар ва TD - энг юқори даражадаги техник делегат.
Айтиш керакки, Тамила Сарихонова бокс оламига кириб келганига кўп вақт бўлмаган бўлсада, ҳамкасблари орасида обрў ва эътирофга сазовор бўлди. Шу тариқа у Халқаро бокс ассоциацияси (IBA)нинг навбатдаги конгрессида Миллий федерациялар билан ишлаш қўмитаси раисининг ўринбосари, Осиё бокс конфедерациясида эса хотин-қизлар комиссияси аъзоси этиб сайланди.
Тамила Сарихонова бугунги кунда IBA’да фаолият юритаётган энг юқори лавозимдаги ўзбекистонлик мутахассис ҳисобланади.
Фикрлар