Танқидлардан "кучли учлик"гача ёхуд Бошкович қандай қилиб "бўрилар"ни уйғота олди?

Суперлиганинг биринчи турида "Сўғдиёна" "Нефтчи"ни ўз майдонида қабул қилиб, 2:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Ўйинда дастлаб иккита гол ўтказиб юборган "бўрилар" сўнгги дақиқаларда Дориевнинг голи эвазига жавоб қайтаришга муваффақ бўлди. Ундан кейинги икки турда эса жамоа "Металлург" ва "Олимпик" билан нурсиз ва жанговар дурангга имзо чекди. Буни кўрган жиззахлик мухлислар бош мураббий Иван Бошкович ва унинг шогирдларидан норози бўлишни бошлашди. Бунга мавсум олдидан ўтказилган ўртоқлик ўйинлардаги салбий натижалар ҳам сабаб бўлди. Ҳаттоки "Нефтчи"га қарши ўйинда мураббий ва мухлислар ўртасида рўй берган тўқнашувдан кейин Бошкович фанатлар билан йиғилиш ўтказишга қарор қилди ва ўз амбицияларини уларга тушунтирди.

Мавсумдаги илк ғалаба "Пахтакор" билан бўлиб ўтган 4-тур учрашувига тўғри келди. Клуб Абдураҳмонов катта саҳнага чиққан ўйинда Тошкентдан 3 очко билан қайтди. Шундан сўнг "Сўғдиёна"  "Андижон" ва "Қизилқум" устидан зафар қучиб, футболчилар мухлисларга ишончи қайтаришди. Бундан кейинги иккита "Навбаҳор" ва ОКМКдан учралган мағлубиятни ҳам жиззахликлар оғир қабул қилгани йўқ. Сабаби, жамоа яхши ўйин кўрсатаётганди. Бошкович эса жамоани шакллантириб бўлгани ва энди натижалар қилиши кераклигини сезиб турганди. "Бунёдкор", "Насаф", "Динамо", каби жамоалар кетма-кет таслим қилинганидан кейин "Сўғдиёна" хавфли жамоага айланганини сезишди. Биринчи турда "Нефтчи"дан енгилган Жиззах клуби 14-тур баҳсида фарғоналиклар устидан йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонмоқда. Хўш, Бошкович бундай натижага қандай эришди?

Черногориялик мутахассис Суперлига тур ўйини тугаганидан кейин дам олишга шошилмайди. У одатда кейинги кунда бўлиб ўтадиган ёшлар ўйинини ҳам нафақат томоша қилади, балки ўзи иқтидорли ўйинчиларга устозлик қилади. Бунақаси чемпионатимизда камдан-кам кузатиладиган ҳолат. У академияда таҳсил олаётган ёш йигитларга имконият беришдан қўрқмайди. Агарда ўзи уларга мураббийлик қила олмай қолса, ёрдамчи мураббийлар ишга киришади. Бу эса "Сўғдиёна" маткабида иқтидорлар шунчаки қадрсизланиб қолиб кетмаслигини билдиради ва бу амалда ҳам рўй бермоқда. 

Бошковичнинг "Сўғдиёна" учун берган энг катта ёрдамларидан бири бу академияни "жонлантираётгани" бўлди. У "Бунёдкор"дан ёш футболчиларни жамоага жалб этиш билан бирга, Жиззах клубининг ўзидан ҳам иқтидорларни излаб топа оляпти. Энг катта топилмалардан бири бу Хондамир Мустофақулов ва Нодир Сойибов тандем бўлди. Бу икки футболчи жамоанинг асосий таянч ярим ҳимоячиларидан бирига айланиб олиш билан биргаликда, мураббий тактикасидан муҳим футболчилар қаторига киришди. Ушбу мавсум Мустофақулов аллақачон майдонда минг дақиқада кўпроқ, Сойибов эса 900 дақиқа ҳаракатланиб бўлди. 

Таъкидлаш керак, Иван Нодир ва Хондамирдан ташқари Самандар Мавлонқулов (20 ёш), Самандар Синдаров (19 ёш), Отабек Аҳадов (19 ёш), Сардор Ҳошимов (17 ёш) каби футболчиларга имконият бермоқда. 

Бошкович ушбу мавсум Суперлигада энг яхши ҳимоя триоларидан бирини ярата олди. У асосан 3 та мудофаа вакили билан ҳаракатланади. Қанотларда Фаррух Йоқубов ва Ислом Қобилов, марказда эса Сардор Қулматов ҳаракатланади. Шунингдек, Отабек Аҳадовга сўнгги пайтларда кўп ўйин амалиёти берилмоқда. Камига Алексей Носко ҳам ҳимоячи вазифасини бажариб бера олиши бош мураббий учун айни мудоа бўлди. Гарчи жамоа кўп гол ўтказиб юборган бўлса ҳам, ҳимоячиларнинг даражаси юқори ҳисобланади. 

Бошковичнинг легионер танлаш маҳоратига қойил қолмасдан илож йўқ. У жамоага жалб этган Люпче Дориев, Владимир Йововичлар Суперлигадаги энг фойдали футболчилардан бўлиб турибди. Дориев 10 та гол уриб, 2 та ассист амалга оширган бўлса, Владимир 3 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилиб, 5 бора шерикларига голли пас берди. Бу дегани улар жами 20 та голда иштирок этишган. "Сўғдиёна"нинг голлар сони бўлса 29 тани ташкил қилади. Таққослаш учун эса Суперлигада "Металлург", "Бунёдкор", "Локомотив", "Динамо", "Қизилқум", "Нефтчи" каби клублар 20 та гол ургани йўқ. 

Мавсум бошида кўп ўйин амалиётига эга бўлиши кутилмаётган Муҳаммадюсуф Собиров сўнгги турлар қаҳрамонига айланиб кетмоқда. У Милан Митровичга ўринбосар сифатида таклиф қилинган бўлса-да, 33 ёшли сербдан асосий таркибни олиб қўйиш деярли имконсиз нарсадек эди. Унинг жамоадаги дебюти эса кубок доирасида бўлиб ўтган "Жиззах"га қарши ўйинга тўғри келганди. Шундан кейин "Навбаҳор" билан бўлиб ўтган чорак финал баҳсида Митрович жароҳат олди ва унинг ўрнига Собиров майдонга тушди. Ушбу беллашув Муҳаммадюсуф учун омадли ўтмади. Аммо ундан кейинги иккита ўйинда эса ўз дарвозасидан умуман тўп олиб чиқмаган посбон "Нефтчи" ва "Олимпик"га қарши учрашувларда энг яхши футболчи, деб топилди. Бу Митровични катта синов кутиб турганидан далолатдир.

Албатта тажрибали футболчиларни ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Жамоани айни пайтда Станислав Андреев сардорлик боғичи билан майдонга бошлаб чиқади. Айнан марказда ҳаракат қилаётган Мустафақулов ва Сойибовларни бошқариб туради. Олег Зотеевни эса нималар қилаётганини ҳамма кўриб турибди. 35 ёшли футболчи чемпионатда 3 та гол урди ва 2 та ассист амалга оширди. Бунақа статистика ҳозир айрим ҳужумчиларимизда ҳам йўқ. 

Суҳроб Холбеков

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!