Тақдир Шомуродов билан бир ҳазиллашган экан...

“Рома” клуби фаолиятини ёритиб келаётган romaforever.it сайти эксперти Эулио Бенатти А Сериянинг тўртинчи туридан ўрин олган “Женоа”га қарши учрашув олдидан Элдор Шомуродов фаолиятига назар солди ва Генуядаги ўйинда ундан яна қаҳрамонлик кутмоқда.

Sports.uz портали ушбу мақолада келтирилган қизиқарли маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.

Генуядаги ўйин мусобақа жадвали ҳолат бўйича Даниэле Де Росси учун жуда муҳим. Римликлар ҳали ғалаба нашидасини сургани йўқ. “Рома” Генуядан уч очко олиб кетишга уринади.

Бўлажак баҳс “Рома”нинг икки ўйинчиси  –  Стефан Эл-Шаарави ва Элдор Шомуродов учун ҳам  тарихий аҳамиятга эга.

Стефан Эл-Шаарави катта футболга айнан “Женоа”да қадам қўйган. Клуб тарбияланувчиси 2008-2010 йиллар давомида Генуя шаҳри жамоаси шарафини ҳимоя қилган.

Шунингдек, римликларнинг ўзбекистонлик легионери Элдор Шомуродовнинг Италиядаги саргузаштлари ҳам “Женоа”дан бошланган.  Шу боис, Шомуродовнинг бошланғич таркибда майдонга тушишга уринаётганини тўғри тушуниш керак.

Янги мавсумда “Рома”нинг ягона голи муаллифи бўлиб турган 29 ёшли ҳужумчи Ўзбекистон терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатининг саралаш учрашувларида иштирок этиб келди. Шомуродов терма жамоадан қуруқ қайтгани йўқ, расмий учрашувда яна тўп киритишни уддалади. Унинг ўйинини танқид қилиб бўлмайди.

Ҳужумчи Римга яхши кайфият, ўзгача иштиёқ билан қайтди. Даниэле Де Росси ёқтирган ҳужумчи Артём Довбик жароҳат туфайли Украина терма жамоасида кутилган ўйинларни ўтказа олмади. Ўтган мавсум Ла Лигада тўпурар бўлган футболчини мушакларидаги оғриқлар безовта қилгани Элдор Шомуродовни собиқ жамоасига қарши илк дақиқалардан ўйнаш эҳтимолини ошириб юборди.

Шу ўринда, ўзбек футболчисининг пандемиядан олдин – 2020 йили Генуяга келганини эсга олиш лозим. Уни Легурияга Ростовдан олиб келишган эди. “Женоа” сафида Шомуродов дебют мавсумида саккизта гол урди, шундан бештаси генуяликларнинг уй стадиони “Луиджи Феррарис” аренасида киритилди.

Бу голлар Элдорни Римга етаклади. “Рома” қарийб 20 миллион евро эвазига уни таркибига қўшиб олди. Кейинчалик тажрибали ҳужумчи “Специя” ва “Кальяри” жамоаларида ҳам ўйнаб келди.

Шу ёз “Рома” Шомуродовдан тўлиқ воз кечишга уринганди.  Тақдирнинг ҳазилини қарангки, ҳужумчининг “Атланта Юнайтед”га трансфери сўнгги паллада барбод бўлди. “Эмполи”га қарши баҳсда Элдор ўзига берилган 13 дақиқа ичида гол уриб, Даниэле Де Россининг фикрини ўзгартира  олди.

Шомуродов “Луиджи Феррарис” стадионидаги охирги голини 2021 йилнинг 15 майида “Женоа” сафида “Аталанта” дарвозасига киритган эди. Ўшанда Пьерлуижи Голлини қўриқлаган дарвозани ўзбек ҳужумчиси икки марта ишғол қилган.

Энг қизиғи, “Женоа” – “Рома” учрашувида мезбонлар дарвозасини яна ўша посбон Пьерлуижи Голлини қўриқлайди. Мутахассислар жароҳатдан тикланган Артём Довбик ҳали спорт формасини тўлиқ тиклаб олмаганини инобатга олиб, Шомуродовнинг ўйинда қатнашиш эҳтимоли юқори эканини таъкидламоқда. Элдорга майдонда қанча вақт берилишидан қатъи назар, у ўзи учун қадрдон бўлиб қолган аренада яна порлаши кутиляпти...

“Женоа” – “Рома” баҳси бугун Тошкент вақти билан 15:30 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Холмумин Эгамбердиев
15/09/2024 14:08
Бугун гол урсанг хаммаси 360 градусга узгаради . Харакат килиб кол!
expert Umid-informatik
15/09/2024 11:55
Юлдузлик касалига чалиниб қолди холос озгина , Шомуродов кучли хужумчи . Машқ ва ўз устида ишлаш ютуқларни гаровидир
&
Адхамжон Низомов
15/09/2024 09:46
Элдорга омад.Бугун гол кутамиз.