Тарихга назар! Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатларининг нимчорак финалларида қандай натижа қайд этган?
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси кичик мундиалларнинг 1/8 финал босқичида қандай натижалар қайд этганига тўхталиб ўтамиз.
Қатарда бўлиб ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўзининг қизғин палласига етиб келди. Турнирда иштирокини бошлаган 48 та терма жамоанинг 32 таси мусобақа билан хайрлашиб бўлди. Қолган 16 та жамоа эса мундиал ғолиблиги учун курашни давом эттирмоқда. Улар орасида Ўзбекистон ўсмирлари ҳам бор. Вакилларимиз ушбу турниргача, Жаҳон чемпионатларида 3 бора нимчорак финал учрашувларида иштирок этган эди.
Дастлаб, 2011 йил Мексика яшил майдонлари мезбонлик қилган мусобақанинг 1/8 финал босқичида вакилларимиз, Австралия терма жамоасига қарши майдонга чиқишган эди. Учрашув ўсмирларимизнинг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Ушбу ўйинда, Аббосбек Махсталиев, Темур Ҳакимов ва Давлатбек Ёрбековлар ўз ҳисобларига биттадан гол ёздириб қўйган бўлса, яна бир голни рақиблар ўз дарвозаларига киритиб қўйишган эди. Кейинги босқичда эса Уругвай ўсмирларига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлишганди.
Орадан 2 йил ўтиб, Бирлашган Араб Амирликлари мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатининг нимчорак финалида ўсмирлар терма жамоамиз гондураслик тенгқурларига минимал ҳисобда имкониятни бой бериб мусобақа билан хайрлашган эди.
2023 йилда Индонезияда бўлиб ўтган мундиалнинг нимчорак финалида Ўзбекистон терма жамоаси турнир фаворитларидан бири бўлган Англия терма жамоаси билан баҳс олиб борди. Дастлаб, 4-дақиқада Амирбек Саидов гол уриб, ҳисобни очди. биринчи бўлимнинг 35-дақиқасида эса инглизлар гол уриб ҳисобни тенглаштиради. Иккинчи бўлимда эса жамоамиз сардори Лазизбек Мирзаев жарима зарбасидан чиройли гол уриб, вакилларимизни чорак финалга олиб чиқади. Кейинги босқичда эса Франция вакиллари билан баҳс олиб борган ўсмирларимиз 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўяди.
Қатар мезбонлик қилаётган мундиалнинг нимчорак финалида ўсмирлар терма жамоамиз Италияга қарши майдонга тушади. Учрашув 18 ноябрь куни соат 17:30 да старт олади.



Фикрлар