Тарихий натижа: Легионеримиз Премьер-лига чемпиони бўлди!

Қозоғистон Премьер-лигасининг сўнгги туридан ўрин олган учрашувлар якунланди. Бу галги мусобақада чемпионлик кураш охирги тургача давом этди.

Якуний тур учрашувларида қуйидаги натижалар қайд этилди:          

“Актобе” – “Турон” 2:0

“Астана” – “Жетису” 5:0

“Атирау” – “Қайрат” 0:1

“Женис” – “Қизил-Жар” 0:1

“Қайсар” – “Тобол” 2:0

“Ордабаси” – “Елимай” 2:1

Чемпионлик масаласи “Қайрат” ва “Астана” рақобатида аниқ бўлди. “Астана” сўнгги турда ўз мухлислари кўз ўнгида “Жетису” дарвозасига бешта тўп киритди.

Пешқадамликни сақлаб қолиш учун “Қайрат” охирги ўйинда “Атирау”ни сафарда енгиши талаб қилинарди. Бу учрашув тақдирини биргина пенальти ҳал қилди. Мезбонлар 59-дақиқада ўз жарима майдончаси ичида ўйин қоидасини бузди.

11 метрлик нуқтага яқинлашган Георгий Зария бехато зарба берди. Бир гол, уч очко ва “Қайрат” ўз юбилейига чемпионликни совға қилди.

Чемпионлик учрашувида ҳамюртимиз Иброҳимхалил Йўлдошев тўлиқ ўйнади ва ғалабага ўз ҳиссасини қўшди.

Йўлдошев 2019 йили “Пахтакор” таркибида қўлга киритилган Ўзбекистон чемпионлиги унвони ёнига энди Қозоғистон чемпионати олтин медалини ҳам қўшиб қўяди. Иброҳимхалил аслида Россиянинг “Нижний Новгород” жамоаси ўйинчиси ҳисобланади.

Якунланган мавсум олдидан “Қайрат” таркибини кучайтириш ва чемпионлик учун кураш мақсадида ўзбек футболчисини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан бир мавсумга ижарага олганди.

23 ёшли легионеримиз Премьер-лигадаги дебют мавсумида асосий фигуралардан бири бўлди. Чемпионатда 17 маротаба майдонга тушган Йўлдошев ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари, битта гол ва учта ассист қайд этди.

Қизиғи шундаки, Қозоғистон Премьер-лигасининг ўтган мавсумида ҳам ўзбек футболчилари чемпион бўлганди. “Ордабаси” шарафини ҳимоя қилган Шаҳбоз Умаров ва Бобур Абдухолиқов чимкентликларнинг ўз тарихидаги илк чемпионлигига муносиб хизмат қилган эди.

Бу мавсум Чимкент клуби узоқ вақт пешқадамликни сақлаб турди. Бироқ чемпионат охирида кетма-кет очко йўқотишлар жамоани совринлардан узоқлаштириб юборди. Айниқса, жамоада дебют мавсумини ўтказган Жасурбек Яхшибоевнинг ўйини кўпчиликка манзур бўлди. Ҳамюртимиз 17 та учрашувда тўққизта гол урди. Бироқ дисквалификация туфайли чемпионат якунида жамоасига ҳам ёрдам бера олмади, ўзи тўпурарлар пойгасида охиригача курашиш имкониятидан айрилди.

“Ордабаси”даги иккинчи легионеримиз Шаҳбоз Умаров эса, лиганинг 21 та ўйинида қатнашиб, ўз номига иккита гол ёздириб қўйди.

Қозоғистон чемпионатидаги яна бир вакилимиз Шоҳназар Норбеков “Қайсар” жамоаси сафида 22 маротаба майдонга тушди ва бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилди.

 

Бу Файзуллаевнинг Европага кетишига тўсқинлик қилади...

“Рома”: Ким қандай ўйнади, Шомуродовчи?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!