Тарихий натижа! Таэквондочиларимиз Жанубий Корея терма жамоасини ортда қолдиришди
Корея Республикасида таэквондо WT бўйича Осиё чемпионати ўз якунига етди. Бугун -80 кг вазн тоифасида иштирок этган ҳамюртимиз Шуҳрат Салаев қитъа чемпионлигини қўлга киритди.
Таэквондочимиз финалда Токио-2020 кумуш медаль соҳиби иорданиялик Солиҳ Эл Шарабати билан тўқнаш келди. Биринчи раундда Салаевнинг, иккинчи бўлимда рақибнинг ғалабаси қайд этилди. Ҳал қилувчи раундда Салаев 0:5 ҳисобида ортда бораётганига қарамасдан кучли характер кўрсатиб, 8:7 ҳисобида беллашув тақдирини ўз фойдасига ҳал қила олди. Айниқса, сўнгги 2 сонияда 2 очколик зарба билан ғалабани “илиб” кетгани бутун мусобақанинг энг драматик лаҳзаси бўлди, дейиш мумкин.
Шу тариқа, терма жамоамиз мазкур қитъа биринчилигини 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан якунлади. Аҳамиятли томони, эркаклар терма жамоамиз 4 та олтин медаль билан мусобақа мезбонларини ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди. Қайд этиш жоиз, терма жамоамиз қитъа биринчиликларида шу пайтгача 4 та олтин медаль қўлга киритмаган эди.
Эътиборлиси, шу пайтгача биринчиликни ҳеч кимга бермай келган Жанубий Корея терма жамоаси таэквондочилари бу сафар Осиё чемпионлигини ўзбекистонлик спортчиларга топширига мажбур бўлди.
Фикрлар