"Ташкилотчилик юқори даражада, Ғиёсовга таклиф бўлса, буни раҳбарият ҳал қилади" - "Қизилқум" мураббийи халқаро турнир ва илк ғалаба ҳақида
Кеча хабар берганимиздек, Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси Екатеринбургда ташкил қилинган халқаро “Иннопром-2024” турнирининг ярим финалида Сербиянинг “ИМТ Белград” клубига қарши майдонга тушди ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб финалга йўл олди. Ўйиндан сўнг Sports.uz журналисти “Қизилқум” жамоаси мураббийи Обид Худоёров билан боғланди.
- “Қизилқум” клуби Екатеринбургдаги халқаро турнирни ғалаба билан бошлади. Ўйин қандай таассурот қолдирди?
- Турнир ҳақида гапирсам, жуда яхши кутиб олишди. Ташкилотчилик юқори даражада. Ўйинга келсак, биринчи бўлимда голгача 2-3 та имкониятимиз бўлди, уролмадик. Кейин рақиб ўйинчисини қўлига тўп теккани боис ҳакам пенальти белгилади. Шундан сўнг ўйин бизнинг томонга ўтиб кетди. Худога шукр, йигитлар кўрсатмаларимизни бажаришга ҳаракат қилишди. Яхши натижага эришдик. Аммо сербларни жамоаси ҳам яхши экан. Ёш ва курашувчан, жуссалари катта. Бизнинг футболчилар ақллироқ. “Машъал”га қарши Кубок баҳсида тўртта тайм ўйнаганимиз учун жамоамизда чарчоқ кўриниб турибди. Муҳими, ютдик.
- “Қизилқум” тўлиқ таркиб билан келгани йўқ. Нега грузиялик легионерлар хизматидан фойдаланмаяпсизлар?
- Легионерларга биринчи даврада кўп “нагрузка”лар бўлди. Шунинг эвазига уларга дам олиш учун олдинроқ жавоб берилди. Уйда дам олиб қайтишади.
- Бош мураббий Жамшид Саидов илк баҳсда иштирок эта олмади. Натижадан келиб чиқсак, унинг йўқлиги сезилмади, шундайми?
- Жамшид Саидовнинг йўқлигини билинтирмасликка ҳаракат қилдик. У ҳозир селекция ишлари билан банд. Бир-иккита жойга бориб футболчиларни гаплашмоқчи эди. Жамшид билан ўтган йилдан бери бирга ишлаяпмиз. Бизда тизим яратиляпти ва шу тизим бўйича ишлаяпмиз. Шунинг учун унчалик қийинчилиги йўқ.
- Россиядаги мусобақага “Қизилқум” дам олмасдан йўл олди. Табиийки, бу иккинчи даврага тайёргарлик жараёни. Хордиқ чиқармасдан турнирда қатнашиш футболчиларга қўшимча “нагрузка” эмасми?
- Йўқ, мен ундай демаган бўлардим. Бу ўйин амалиёти кам бўлган футболчиларга қўшимча ўйин амалиёти бериляпти. Кейин иккита янги ўйинчи кўрикдан ўтяпти. Уларни ҳам турнир мобайнида кўриб олиш ниятимиз бор. Россиядаги турнирга келишимиз йилнинг бошида аниқ бўлганди. Ёшларга ўзини кўрсатиш учун яхши имконият.
- Ғиёсов ўзини кўрсатяпти. Агар унга ушбу турнир орқали янги таклиф тушса, бунга қандай қарайсизлар?
- Ғиёсовга таклиф тушадиган бўлса, буни раҳбарият ҳал қилади. Ҳар бир футболчига халқаро турнирларда ўзини яхши томондан кўрсатиши қўшимча мотивация бўлади. Бу зўр турнир. Бунда битта биз эмас, бошқа жамоалар ҳам қатнашишса ажойиб бўларди.
- Финал қачон бўлади?
- Финал 11 июль куни “Урал”га қарши бўлади. Улар ярим финалда Тожикистоннинг “Равшан” жамоасини 5:0 ҳисобида ютди. Тўртта клуб турнирда иштирок этяпти. Бу мусобақани “Урал” жамоаси ташкиллаштирган. Мақсад келажакда шундай турнирларни кўпайтириш. Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон жамоаларини ҳам турнирда кўпайтиришмоқчи.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар