Темурхўжа Абдухолиқов: Мени "Локомотив"дан кетди дейишга шошилманглар, аммо "Пахтакор" ва "Навбаҳор"дан ҳам таклифлар бор

“Локомотив”нинг асосий ҳужучиларидан бири Темурхўжа Абдухолиқов якунига етган мавсумда 22 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини 6 марта ишғол қилди. Яна 3 марта ассистентлик вазифасини ҳам уддалади.

Хуллас, терма жамоамизга номзод футболчи атрофида ҳам турли хабарлар эшитилиб турибди. У “Локомотив” билан хайрлашадими ёки клубда қолмоқчими? Sports.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Темурхўжа билан алоқага чиқди.

- Темурхўжа, якунланган мавсум ҳақида гап кетганда, жамоангизнинг иштироки кутилгандек чиқмагани рост. Бу хусусида шахсий муносабатингиз қандай?

- Кўрдингиз, бу йил “Локомотив” ўз жойидан орқага кетди. Ўрнимизда ҳам қола олмадик, юқорига ҳам чиқа олмадик, фақат пастроққа тушдик. Футболда бундай вазиятлар учраб туради. Ёшларга кўпроқ эътибор қаратилди. Бу каби ҳолатларда биринчи йили натижа кўнгилдагидек бўлмаслиги табиий. Жамоамиз иштирокини қониқарсиз баҳолаш мумкин.

- Лекин Тимур Кападзе келгач, клуб бироз барқарорликка кўтарилди-а?

- Тимур Кападзе “Локомотив”га келгач, жамоанинг курашувчанлигини оширди. Футболда курашиш биринчи ўринда туради. Кейин ўзининг тактикасини ҳам амалиётга татбиқ этди. У нимани хоҳлаётганини ва ўйин услубини яхши тушунтириб бера олди. Шунга яхши томонга ўзгардик. Тағин ҳам бир қанча очколарни йўқотиб қўйдик.

абдухоликов7

- Кейинги тақдирингиз борасида бир қарорга келдингизми?

- “Локомотив” билан шартномам деярли тугади ҳисоб. Мавсум якунландими, демак битим ҳам шундай. Нима бўлишини кўрамиз, олдимда бир қанча вариантлар турибди. Ҳали қаерга боришимни ўзим ҳам билмайман. Қарор қабул қилишда шошмаяпман.

- Лекин сизни клубдан кетганингиз ҳақидаги хабарлар қулоққа чалиняпти...

- Мени ҳали “Локомотив”дан кетди, дейишга шошилманглар. Чунки олдимда бу жамоанинг ҳам варианти турибди. Шунинг учун ушбу вазиятда клубни тарк этдим ёки қолдим деб айта олмайман. Тўғриси, ўйланиб қолганман. Бир қарорга келиш қийинроқ. Музокаралар кетяпти.

абдухоликов5_1

- Хизматингизга “Пахтакор” ва “Навбаҳор”дан қизиқиш борлиги ростми?

- Тўғри, “Навбаҳор” ва “Пахтакор”дан таклифлар бор, бу борада янглишмабсиз. Кўриб чиқиш бошқа, ҳаммаси келишишимизга боғлиқ. Айни пайтда музокаралар давом этяпти.

- Ҳозирда музокаралар қандай палласида? Якуний босқичга етиб келиндими?

- Музокара ҳеч қандай муаммоли эмас. Бу худди бозорга ўхшайди, келиша олсак бўлди, ҳаммаси ҳал бўлиб, шартнома тузилади ва эълон қилинади. Ҳозирда эса мен айтган шарт-шароитлар клубни ёки улар айтган нарса мени қониқтирмаётган бўлиши мумкин. Олтин ўрталикни топа олсак, ўшанда бир тўхтамга келинади.

абдухоликов6

- Янги мавсумни легионер сифатида хорижда ўтказишингиз ҳам мумкинми?

- Четдан таклифлар? Ҳозир декабрь, кўпроқ январдан бошланади. Чунки пандемия энди тугади. Тўғриси, ҳозирча хориждан пичоққа илинадиган таклифлар йўқ. Ҳаммаси турлича, масалан, моддий томондан яхши таклиф бўлса, ўша чемпионатнинг савияси паст бўлиб чиқади, баъзида эса чемпионат даражаси яхши бўладию, бироқ клубнинг моддий томондан имконияти кўнгилдагидек бўлмайди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Akrom Ruzibaev
26/12/2020 18:13
Хафа булма ку я , сан лучше футболни тухтатавер , сандан кура пахтакорда еш хужумчи уйнагани макул