Терма жамоада 100 фоиз боримни бериб ўйнашга ваъда бераман, фақат мухлислар учун ёхуд Сардор Рашидов

Тажрибали футболчи Сардор Рашидов жорий йилни “Пахтакор”да бошлади. Унинг “Шерлар” сафига қўшилиши клубнинг муҳим трансферларидан бири бўлди. У sports.uz учун интервью беришга қарор қилди.

- “Пахтакор”га ўтишингиз аслида қандай юз берди? Бу олдиндан ўйланганмиди ёки ҳаммаси кутилмаганда содир бўлдими?

- “Пахтакор” жамоасига қўшилганимдан хурсандман. Бу ўз номига ва мавқеига эга клуб. Осиёда ҳам “Пахтакор”ни ҳамма билади, юқори даражага эга. Мени “Пахтакор”га қўшилишимга жиддий қизиқтирган жиҳат шу бўлдики, жамоа Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этади. Мен эса охирги икки йил ичида ушбу нуфузли мусобақада ўйнай олмадим. Биласизми, айнан Осиё Чемпионлар лигасини соғинган ҳолда “Пахтакор”га келдим. Албатта, чемпионатда қатнашиш ҳам ўзига яраша мароқли. Лекин асосий қизиқишим клуб билан чемпионлар лигасида муваффақиятли иштирок этиш ва Кубокни қўлга киритиш.

- Ниятингизга эришишни бошладингиз, чунки “Пахтакор”даги илк дебютингиздаёқ Суперкубокни қўлга киритдингиз...

- Албатта, Суперкубокни ютганимиз бизга катта куч берди. Ўзбекистон чемпионати бугундан бошланди, биз эртага илк ўйинимизни ўтказамиз. Суперкубокни қўлга киритганимиз бизга катта мотивация беради, деб ўйлайман.

рашидов_7

- Осиёда ўз статусингизга эга бўлган футболчисиз. Яширишнинг кераги йўқ, легионер сифатида тўп суриб нархи баланд ўйинчилардан бирига айлангандингиз. Шуни ҳисобга олсак, “Пахтакор”га ўтишингизда молиявий ҳолат қанчалик роль ўйнади?

- “Пахтакор”га мутлақо пул учун ўтганим йўқ. Ҳозир айтганимдек, Осиё Чемпионлар лигасини соғинганман ва у ерда муносиб тўп суриб, жамоамга ёрдам бериш учун “Пахтакор”га қўшилдим.

- Охирги клубингиз – “Қатар СК” эди. Лекин у ердан кетганингиздан кейин анча вақт жамоасиз юрдингиз. Аслида ўшанда нималар бўлганди?

- Ростини айтсам, ўшанда бир-иккита таклифларни кўриб чиққандим. Яна легионер сифатида четда тўп сурмоқчи эдим. Лекин таклифлар маъқул келмади ва менга “Пахтакор” варианти яхшироқ кўринди. Шунинг учун бу жамоага келиб қўшилдим.

- Умуман айтганда, “Қатар СК”даги фаолиятингиз ўзингизга ёқдими?

- “Қатар СК”га борганимнинг сабаби бор. Илгари “Ал-Жайиш”да ишлаган агентлар ва менежерлар мендан “Қатар СК”га ёрдам беришимни сўрашганди. Уларнинг чорловини қабул қилиб, клубга ёрдам бердим ва биз кучлилар сафида қолдик. “Қатар СК” кўпинча юлдузлар лигасидан тушиб кетарди. Шунинг учун мени чақириб жамоага ёрдам беришимни сўрашганди. Зиммамдаги вазифани бажариб ортга қайтдим.

Рашидов3

- Барибир яна ортга қайтишингизни ҳар ким турлича баҳолаяпти. Ўзингиз учун “Пахтакор”га ўтишингиз ортга ташланган қадамдек туюлмаяптими?

- Эсингизда бўлса, олдин ҳам четда ўйнагач, Тошкентнинг “Локомотив” клубига келиб, ўйнаб кетгандим. Ўшандан кейин яна легионерга айлангандим. “Пахтакор”га ўтишимни ортга қадам, деб ўйламайман. Яна имкон бўлса, легионер бўлиб фаолиятимни давом эттираман.

- Суперлигамизга қайтган футболчи сифатида айтинг-чи, чемпионатимиз қандай кўриняпти?

- Яхши даражада. Кўряпман, янги мавсум учун кўплаб жамоаларда ўсиш бор. Бу йилги чемпионат анча қизиқарли бўлади, деб ўйлайман.

- “Пахтакор”да ҳам анча ўзгаришлар бўлди. Бош мураббий ва клуб етакчилари кетди. Сизни олиб келиш эса, кетганларнинг ўрнини тўлдириш ҳисобланади. Лекин “Пахтакор”нинг кучига шубҳа билан қараётганлар бор...

- “Пахтакор”даги вазият жуда яхши. Клуб олдига яна жиддий мақсадлар қўйилган. Осиё Чемпионлар лигасида бу йилги вазифамиз олий. Кубокни қўлга киритиш ниятимиз бор.

рашидво3_2

- Фаолиятингизда бир қатор хорижлик мураббийлар билан ишладингиз. “Пахтакор”нинг устози ҳам чет эллик. Сизга унинг ҳайрон қолдираётган жиҳатлари кўриняптими?

- Кўриниб турибдики, Питер Хюистра тажрибали мураббий. У ўйинчилардан европача футболни талаб қилади. Тартиб-интизомга жиддий эътибор қаратадиган мураббий.

- Энди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамовнинг кўз ўнгида тўп сурасиз. Мухлисларни эса доим нега Рашидов чақирилмаяпти, деган савол қизиқтирарди...

- Ҳар бир ўйинчининг миллий терма жамоада тўп суриш иштиёқи бўлади. Агар термадан чақирув олсам, албатта миллий жамоа ва мухлислар учун 100 фоиз боримни бериб ўйнашга ваъда бераман ва тайёрман. Фақат мухлислар учун!

рашидов1

- Демак, чемпионатимизга қайтганингиздан кейин Абрамов сиз билан боғланиб ҳолатингиз билан қизиқмадими?

- Йўқ.

- Шу кунгача ўтказган фаолиятингизни таҳлил қилсак, юқори чўққини забт этдим, деб ўйлайсизми ёки ҳали борми?

- Ҳозирча забт этганим йўқ. Ҳали бундан ўзим қониқиш ҳосил қилганим йўқ. Ҳаммаси олдинда.   

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Marufjon
10/03/2021 06:26
Терма жамоага фақат ўзини ўйлайдиган худбин футболчи керак эмас. Тамом!

Минбар

Барча блоглар