Терма жамоалар бўлими бошлиғи - Усмон Тошев билан интервью
Хабарингиз бор, бугун УФА расман Азиз Ҳайдаровнинг ўрнини Усмон Тошев эгаллаганини тасдиқлади. Таниқли футбол мутахассисининг янги лавозимга тайинланганини эшитгач, у билан алоқага чиқдик ва ўзимизни қизиқтирган турли саволларга жавоб олдик.
– Авваламбор, янги лавозимга тайинланганингиз билан табриклайман. Шу ўринда, саволим бор: бу лавозимга сизни ким таклиф этди?
– Табрик учун раҳмат. Бу лавозим менга узоқ музокаралардан сўнг, федерация раҳбарияти томонидан таклиф қилинди.
– “Нурафшон” жамоасининг бошқаруви кимнинг қўлига ўтади? Клубни ўзингиз бошқарасизми ёки бошқа биров бу лавозимни эгаллайдими?
– Мен фаолиятимни фақатгина федерацияда давом эттираман. “Нурафшон” клубида анча қийин вазифаларни бажардик, кўп ишлар қилдик. Бошқарув бошқалар қўлига ўтади.
– Федерация томонидан олдингизга биринчи бўлиб қандай вазифа қўйилди?
– Федерация томонидан менга энг яхши анъаналарни давом эттириш, барча ёшдаги терма жамоаларни бир мақсад йўлида дўстона ишлаш учун бирлаштириш, мураббийларга ўз кўзлаган мақсадлари йўлида ёрдам бериш, уларни қўллаб-қуввталаш, уларнинг фаолиятида енгиллик яратиш мақсадида дастур тузиш каби вазифалар юклатилди. Ушбу лавозимни менга ишонишди ва номзодимни маъқул кўришди. Мен ишончни оқлашим керак.
– Лавозим юзасидан федерация билан орангизда шартнома тузилдими? Умуман олганда, иш фаолиятингиз қандай тартибда кечади? Бу шартномали келишувми ёки муддатли вазифа ўташми?
–Мен федерация ходими вазифасида штатли ишлайман.
–Ёшлар терма жамоасига бош мураббийларни тайинлаш сизнинг ваколатингизга кирадими?
–Албатта.
–Бундан аввалги нутқингизда “барча ёшдаги терма жамоаларини бир мақсад йўлида бирлаштирамиз”, дедингиз. Айтингчи, энди барча ёшдаги терма жамоалар тизимли ҳаракат қиладими? Масалан, ҳар бир мураббий ўз услубига монанд тактик схемалар тузган: кимдир ҳимоявий, яна кимдир ҳужумкор услубда. Эндиликда барча мураббийлар бир тизим ва услубга риоя қиладими?
–Йўқ. Жамоа тактикаси рақиб потенциалига мос равишда тузилади. Мақсадимиз — бош жамоага футболчиларни етказиб беришда самарали ишлаш. Терма жамоа тактик структураси билан таниш эмасман. Улар билан кўришамиз, уларни ўрганамиз ва шундан сўнг маълум схемалар тузамиз.
–Сизнинг зиммангизга терма жамоамизнинг ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш вазифаси ҳам кирадими?
–Ҳа, албатта. Халқаро бўлим билан биз бу борада ишларни амалга оширишимиз керак. Яхши ўйинлар, яхши спаринг бўлиши керак. Лекин бунда ҳам мураббийлар билан маслаҳатлашилади. Қандай темпдаги жамоа керак? Қайси жамоа билан ўйнаш керак — ўртоқлик ўйинларини ташкил қилиш ҳам онсон вазифа эмас. Терма жамоалар ўртоқлик ўйинлари учун 1–1,5 йил олдин келишувга эришади. Биз ҳам бир йил олдин терма жамоаларга таклиф билан чиқишимиз, ФИФА кунларида ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш масалаларига жиддий эътибор қаратамиз.
–Ўзбекистон футбол ассосиасияси нима сабабдан сайловдан кейин дарров номзодингизни эълон қилмади? Орада қандайдир муаммо юзага келдими?
–Йўқ. Ҳеч қаднай муаммо юзага келмади. Бунга сабаб, мен кўп ўйлаганимдан. Бу ҳазилакам лавозим эмас. Шунинг учун таклифни қабул қилишдан аввал ҳар томонлама мушоҳада юритдим.
–Яқин бир йил ичида терма жамоада қандай ўзгаришлар қилишни режалаштиргансиз?
–Бу ҳақда ҳозир ҳеч нарса деёлмайман. Чунки бунинг учун аввал мураббийлар билан кўришиб, гаплашиб олишим керак. Йиллик режа тузиш осон эмас. Айтишим мумкинки, мақсад — барча ёш жамоалари билан бир йўналишда ишлаш.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев суҳбатлашди
Фикрлар