Терма жамоамиз устози ЖЧ қуръасидан сўнг: "Гуруҳимизда Испания номдор ва жарангдор. Лекин фаворитни ҳам, аутсайдерни ҳам кўрмаяпман"

Маълумки, шу йилнинг 10 ноябрь – 2 декабрь кунлари Индонезияда U17 жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бўлажак мундиал учун қуръа ташланди.

Демак, Ўзбекистон терма жамоамиз “В” гуруҳида Испания, Мали ва Канада термалари билан куч синашади.

Қуръадан кейин терма жамоамиз бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

- U17 жаҳон чемпионатига қуръа ташланди ва унга кўра терма жамоамиз “В” гуруҳида Испания, Мали ва Канада билан биргаликда жой олди. Қуръадан олдин қайси терма жамоаларни кутгандингиз? Умуман айтганда, қуръадан розимисиз?

- Қуръага келадиган бўлсак, биламизки, жаҳон чемпионатида кучсиз рақибнинг ўзи бўлмайди. Биз қуръадан аввал учинчи саватчадан жой олгандик. Ҳар қанақасига гуруҳимиздан кучли рақиблар ўрин олиши аниқ эди. Умуман олганда, қуръа натижаларидан қониқиш ҳосил қилдим. Гуруҳимизга келсак, ҳа, Испания терма жамоаси номдор ва жарангдор. Лекин умумий маънода оладиган бўлсак, катта фаворит кўрмаяпман. Шу жумладан аутсайдер жамоани ҳам кўрмаяпман. Худди Осиё чемпионатида жой олган гуруҳимиз каби бунда ҳам ҳамма бир-бирига яқин жамоалардан ташкил топди. Ўйлайманки, гуруҳимиздаги ҳар бир учрашув қимматбаҳо очколарни тақдим этадиган ўйинлар бўлади. Албатта, ҳар бир ўйинда майдонга ғалаба учун тушиб, мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

жамол1

- Жаҳон чемпионатига қуръа ташлангач, барча гуруҳларга эътибор қаратган бўлсангиз керак. Сиз учун “ўлим гуруҳи” қайси?

- Барча гуруҳлар ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, кўпчилик Эронни жуда кучли гуруҳга тушди, деб айтишмоқда. Шуни айтишим мумкинки, учта гуруҳдан учта жамоани кейинги босқичга чиқиш имконияти борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, у ерда аутсайдер жамоани кўришимиз мумкин. Шу сабабли бу “ўлим гуруҳи” бўлди, деб ўйламайман. “D” гуруҳида Япония, Сенегал, Польша ҳамда Аргентина жой олган ва шу гуруҳни алоҳида айтишимиз мумкин. Кучли ва бир-бирига муносиб рақиблар тўпланишди. Шунингдек, бизнинг “B” гуруҳимизда ҳам Испания, Мали, Канада ва Ўзбекистон термалари бир-бирига яқин ва муносиб жамоалар йиғилишди. Буларда кейинги босқичга чиқиш учун имкониятлари яққол катта фарқ билан ажралиб турмайдиган жамоалардан ташкил топгани учун ҳам иккала гуруҳни таъкидлаб ўтишим мумкин.

- Мундиал шу йилнинг ноябрь ойида бошланади ва терма жамоамизнинг ҳал қилувчи паллагача тайёргарлик режаси қандай?

- Яқинда Туркияда ўқув-машғулот йиғинида бўлиб қайтдик. Хабарингиз бўлса керак, у ерда Марокаш термасига қарши иккита ўртоқлик учрашувини ўтказдик. Биринчи учрашувда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлсак, иккинчи беллашувда 2:0 ҳисобида мағлубиятга учрадик. Ҳозирда футболчиларимизга ўз клубларига рухсат берилган. Олдимизда турган режаларимиз шундайки, октябрнинг дастлабки 15 кунлигида Тошкентда машғулотларга киришиб, футболчиларнинг жисмоний ҳолатига эътибор қаратамиз. Октябрнинг иккинчи 15 кунлигида яна Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш режа қилинган. У ерда жаҳон чемпионати иштирокчиларига қарши ўртоқлик учрашувлари ташкиллаштириш келишиб олинган. Расман тасдиқланса, бу жамоаларни билишингиз мумкин. Шундан кейин тайёргарлигимизнинг сўнгги босқичига киришамиз. Индонезия иқлимига яқин бўлган Осиё давлатида мослашув жараёнини ўтказамиз. У ерда битта ўйин ўтказмоқчимиз ва жаҳон чемпионати қуръасидан аввал биринчи саватчадан бўлган жамоа билан мулоқотда бўлиб турибмиз. Шу кунларда аниқ бўлиб қолади. Айтишим мумкинки, ўртоқлик ўйинини Малайзияда ўтказмоқчимиз ва шундан сўнг Индонезияга йўл оламиз.

жамол ю17

- Жаҳон чемпионатида терма жамоамиз олдига қўйилган аниқ вазифа қандай? Шу билан бирга оптимал таркиб тайёр деб ҳисоблайсизми ёки бу борада қанақадир муаммолар борми?

- Аниқки, биз қатнашадиган ҳар бир мусобақада фақат энг юқори ўринлар учун курашамиз. Айниқса, сўнгги йилларда ёшлар футболида терма жамоаларимизнинг натижалари яхшиланиб келяпти. Халқимиз ҳам бунга анча ўрганиб қолган. Шу сабабли забт этиладиган марралар кўтарилган. Масалан, Тошкентда ўтган U20 Осиё чемпионатида терма жамоамиз чемпион бўлди. Куни кеча миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этиб келадиган Мексика билан жанговар дуранг ўйнади. Айтмоқчиманки, биз ҳам халқимизни хурсанд қилиш учун янги тарих яратишимиз керак. Мундиалларда олдинги қайд этилган натижаларни янгилаб, янги тарих ёзмоқчимиз. Бироқ ҳали бу борада раҳбарият билан гаплашмадим. Лекин биламанки, олдимизга энг юқори мақсадлар қўйилади. Футболчиларга ҳам, мураббийлар штабига ҳам ишонаманки, биз албатта мақсадимизга эришамиз.

- Гуруҳимиздаги ҳар бир рақибимизга қандай таъриф бера оласиз?

- Гуруҳдаги рақибларимиз ҳақида гапиришга бироз шошмайман. Бугундан рақибларимиз ўйинларини кузатиб боришни бошладим. Испания футболи ва филасофияси система бўйича ишланади. Болалар ва ёшлар футболининг катта терма жамоаси билан у қадар фарқи сезилмайди. Битта йўналишда ишланади. Айтишим мумкинки, испан футболи тўпни яхши назорат қиладиган, қисқа ва ўрта паслар билан позицион ҳужумларга ёндашган ҳолда ўйин қуради. Уларга қарши баҳс олиб борганда тўпсиз ўйнаш ҳам муҳим. Малига келсак, ҳар доим Африка терма жамоалари ёшлар ўртасидаги мусобақаларда яхши натижаларга эришиб келишган. Албатта, бу терма жамоанинг ҳам ўйинини диққат билан кузатамиз, таҳлил қиламиз. Ушбу рақиб кўпроқ жисмоний кучга таянган ҳолда ўйин қуради. Бунга тайёр бўлиши керак. Канада ҳам жисмоний тарафлама ўз ўйинига ёндашади. Аммо, барибир булар рақиблар ҳақидаги дастлабки фикрлар. Уларни ўрганишда давом этамиз. Шундан кейин ҳар бир жамоа хусусида якуний хулосага келамиз.

Шуҳратбек Жўраев.     

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!