Терма жамоамизнинг мундиалдаги иштироки бўйича Баҳодир Аҳмедов ва Рустам Умаровнинг хулосалари қандай?

Хабарингиз бор, Литвада тўққизинчи маротаба ташкил этилаётган футзал бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси кучли тўртлик, ҳаттоки кучли саккизликка ҳам кирмади. Лекин бундан фожиа ясамаяпмиз, аксинча, футзалчи йигитларимизга тасаннолар айтяпмиз, улар билан фахрланяпмиз.

Футзал терма жамоамиз мундиалда иккинчи бор иштирок этишди. 2016 йил Колумбияда ўтказилган жаҳон чемпионатида Осиё саралаш мусобақасида иккинчи ўринни қўлга киритиш туфайли йўлланма олган.

Литвадаги мундиалга эса дунёда ҳукм сурган пандемия туфайли Осиё саралаш ўйинлари ташкил этилмади. Йўлланмалар аввалги жаҳон чемпионатидаги иштироки ҳамда қитъада қўлга киритган рейтинг очколари ҳисобига тақдим этилди. Футзалчиларимиз гарчи саралаш ўйинларида қатнашмаган бўлса-да, юртимизда ва кўплаб хориж мамлакатларида ўтказган ўқув-машғулот йиғинларида, қитъамиздан кўра кучли термалар билан уюштирилган ўртоқлик учрашувларида яхшигина тобланди.

Терма жамоамиз вакилларидан мундиал ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

Баҳодир Аҳмедов, Ўзбекистон футзал терма жамоаси бош мураббийи:

- Ўзбекистон футзали тарихининг биринчи кунидан бери унинг таркибида эканлигимдан фахрланаман. Футболчи ва мураббийи сифатида Осиё чемпионатларининг барида қатнашганман, Колумбияда ўтган жаҳон чемпионатида ёрдамчи мураббий, бу гал бош мураббий бўлдим.

аҳмедов

Литвада Гватемалага қарши биринчи ўйин бўлгани учун ҳаяжонланганимиз рост. Лекин вақт ўтиб барчасини унутдик, ташаббус тўлалигича биз томонга ўтди. Учта гол фарқи билан ортда қолиб, тенглаштира олдик. Лекин сўнгги сониялар бизнинг зараримизга ишлади. РФИ билан ҳам шундай бўлди. Рақибимизнинг кимлигини билардик. Бошида ҳаяжон сезилди. Вақт ўтиб йигитларимиз ўзларига келишди, ҳисобни тенглаштиришда ҳам.  Лекин барибир тажриба ўз сўзини айтди. Мисрга қарши эса фақат ғалаба қаноатлантиришини ҳис қилдик. Футзалимиз тарихида биринчи марта гуруҳдан чиқдик. Олдимизда эса доимий, етиб бўлмайдиган рақиб – Эрон. Машғулотларда ҳам, ошхона-ю дам олиш хоналарида ҳам шогирдларим билан дарду хаёлимиз Эрон бўлиб қолди. Бир қатор тактикаларни ишладик, кимнинг нимага қодирлигини, биз улардан кам эмаслигимизни, янги давр бошлашимиз зарурлигини такрор-такрор таъкидладик. Асосий эътиборни руҳиятни кўтаришга қаратдик. Шунда ҳам ўйин бошлагунга қадар йигитларда қўрқув эмас, балки ҳаяжон борлигини сезиб турдим. Бош ҳакам хуштаги чалингандан кейин ҳаммаси унутилди. Фақат ўйнаш, мустаҳкам ҳимояланиш, тезкор қарши ҳужумлар ташкил этиш, имкон қадар қоидани бузмаслик, вазиятга қараб дриблинг қўллаш, имкон туғилиши билан дарвоза томон зарба бериш керак эди. Йигитларим бу кўрсатмаларимни шараф билан бажаришди. Агар яна 4-5 сония вақтимиз бўлганида яна гол уришимиз муқаррар эди. Эронликлар худди финалда рақибларини ютганидек хурсанд бўлишди.

Шогирдларимдан минг бор розиман. Майдонда бирор-бир футзалчимиз улардан кам бўлмади. Аввалги жаҳон чемпионатида испаниялик бош мураббийга ёрдамчи сифатида ишлагандим. Зиммамда масъулият бўлган, лекин бош масъулият менда эмас, унда бўлган. Бу сафар эса... ўзимдан ўтганини ўзим билдим.  Кейинги Осиё ва жаҳон чемпионатларига қандай тайёрланиш, асосий эътиборни нималарга қаратиш зарурлигини хулоса қилдим. Энг муҳими, футзал учун, биз учун зарурий шароитлар яратилиб берилаётганидан мамнунман. Эътибор шу зайин давом этаверадиган бўлса, биз жаҳон чемпионатининг доимий иштирокчисига, қитъамизнинг етакчисига айланамиз, бунга шубҳам йўқ. Чунки бизда футболни, айниқса, футзални севувчилар кўп.

Рустам Умаров, терма жамоа сардори:

- Мамлакат терма жамоамизда ҳар даврнинг ўз авлоди бўлган ва ҳар даврда ҳам тажрибали футзалчилар қаторида маҳоратли, чаққон ёшлар тажриба орттириб боришган. Терма жамоамиз фаолиятида уч авлод таркибни тилга олсак, биринчи авлод таркибида энг ёш дарвозабон сифатида майдонга тушганман, иккинчи авлод билан тўлиқ ўйнадим, айни пайтда эса учинчи авлоднинг энг ёши улуғ ўйинчиларидан бириман. Машғулотларда ёшлар билан тенгма-тенг ишлайман, улардан ғайрат, шижоат оламан, улар эса мендан тажрибаларини оширишади. Колумбиядаги жаҳон чемпионатида бор маҳоратимни сарфлаганман, бу гал ҳам шундай бўлишига ишонгандим. Ҳозир ҳам ёшимни баҳона қилмоқчи эмасман, ҳали яна бир неча йил дарвозани қўриқлашга тайёрман. Лекин барибир қачондир ёшларга жой бериш керак. Гуруҳ босқичи биринчи ўйинида ўзимни йўқотиб қўймадим, ҳаяжонга берилганим ҳам йўқ. Лекин омадим келмади, мен томонга берилган зарбалар голга айланаверди.

умаров_1

Равшан Элибоев тезкор, қўрқмас, чаққон дарвозабонлигини биламан. Нафақат дарвозабон, майдонда ўйнай олиши, ҳимоячи ва бешинчи ўйинчи вазифасини бажара олиш қобилияти билан бошқалардан ажралиб туради. У буни амалда исботлади ҳам. РФИ, Миср ва Эронга қарши баҳсларда Ўзбекистон кучли дарвозабонга эга эканлигини намойиш этиб бера олди. Мен ундан фахрланаман. У ҳали яна кўп йиллар мамлакатимиз спорт шарафини ҳар қандай халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қила олади.

Жаҳон чемпионатидаги иштирокимизга келсак, бизга яратилган шароитларнинг юқори савияда ташкил этилганлиги, хорижий мамлакатларда йиғинлар ўтказилганлиги, дунёнинг гранд терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ташкил этилганлигининг мевасини кўрдик. Бунинг учун ЎФА раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз. Келгуси расмий мусобақаларда, ҳаттоки навбатдаги жаҳон чемпионатларида албатта ижобий натижалар кўрсатишимизга ишонаман.

ПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!