Кўплаб футболчилар ўз клубини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. Улар орасида юлдузлар ҳам бор. Шу билан бирга, тез орада эълон қилинадиган трансферлар талайгина. Бугун биз Фабрицио Романо томонидан "Here we go" ибораси ишлатилган трансферларни кўриб чиқамиз. 

Эдсон Альварес - "Вест Хэм"

"Вест ХэмДеклан Райсни 116 миллион еврога "Арсенал"га сотганидан кейин унинг ўрнини "Аякс" вакили Эдсон Альварес билан тўлдиришга қарор қилди. Бу трансфер клубга бонуслари билан 40 миллион еврога тушиши кутиляпти. Футболчи тиббий кўрикдан ўтиш учун Лондонга йўл олган. У "болғачилар" билан 2028 йилнинг ёзига қадар амал қиладиган шартнома имзолаши кутилмоқда. Аввалроқ, Альварес "Боруссия"га ўтишга яқин келганди. Аммо бу трансфер барбод бўлган ва у Премьер-лигада ўйнашни маъқул кўрди. "Челси" ҳам ярим ҳимоячи учун курашда бор эди, лекин "аристократлар" асосий эътиборини Мойзес Кайседога қаратган. 

"Тоттенхэм" трансферлари

"Тоттенхэм" ўз таркибига иккита ёш иқтидор эгасини қўшиб олишга яқин турибди. "Шпорлар" "Вольфсбург"дан Микки ван де Венни 50 миллион евро эвазига сотиб олади ва ҳимоячи билан 5 йиллик шартнома имзолайди. У лондонликларнинг "Шахтёр"га қарши ўйинида стадионда кўриниш берган. Шу билан бирга, тиббий кўрикдан ҳам ўтиб бўлган. Ҳафта охирида "Тоттенхэм" 22 ёшли футболчини ўз вакили сифатида таништиради. Клубнинг иккинчи хариди 2003 йилда туғилган аргентиналик ҳужумчи Алехо ВелисдирПремьер-лига жамоаси страйкерни "Росарио"дан 15 миллион евро эвазига сотиб олади. Бу трансфер ҳафта охирида расман маълум қилинади. 

"Ал-Аҳли" трансферлари

"Ал-Аҳли" ҳам иккита футболчини ўз сафига қўшиб олиш арафасида. "Барселона"ни тарк этиши кутилаётган Франк Кессьенинг кейинги манзили Саудия бўлади. Жиддаликлар испан клубига ярим ҳимоячи учун 15 миллион евро тўлайди. Шартнома борасида ҳаммаси келишиб қўйилган. Фақатгина у тиббий кўрикдан ўтса бўлгани. Франк янги жамоаси билан 2026 йилгача амал қилиши кўзда тутилган битим тузади. Шунингдек, "Ал-Аҳли" "Рома"дан Рожер Ибанесни ҳам сотиб олишга яқин. Ҳимоячи "Ноттингем Форест"га ўтиши мумкин эди. Англия клуби 25 миллион евролик таклиф билан чиқди. Аммо Ибаньес Саудияни танлади. "Ал-Аҳли" римликларга 30 миллион евродан кўпроқ тўлайди. 24 ёшли бразилиялик билан эса 4 йиллик шартнома борасида келишиб олинган.

Дембеле - ПСЖ

Усмон Дембеленинг ПСЖга ўтиши деярли аниқ бўлган. Аввалроқ, вингер тиббий кўрикдан ўтиш учун Францияга йўл олганди. Аммо "Барса" ҳужжатларни ҳали юбормагани учун Испанияга қайтиб, жамоаси билан машғулотларда қатнашмоқда. Парижликлар унинг 50 миллион евролик товон пулини фаоллаштирган. Аммо Каталонияликлар 25 миллион евро олишни истамаяпти, деган миш-мишлар ҳам йўқ эмас. Фабрицио Романо эса сеҳрли "Here we go" иборасини ишлатиб бўлган. Бу шунчаки вақт масаласи, дея таъкидлади италиялик журналист. Хави Усмонни таркибдан ажралиб қолишини истамагани учун қайтиб келишини илтимос қилди. Дембеле эса ПСЖ билан 5 йилга мўлжалланган шартнома бўйича келишиб олган. 

Иньеста - "Эмирейтс

"Барселона" афсонаси Иньеста аввалроқ "Виссел Кобе" билан хайрлашиб, эркин агентга айланганди. Унинг кейинги манзили борасида кўплаб хабарлар тарқалди. 39 ёшли футболчини "Интер Майами"га ўтишга яқин келгани ҳақда Испаниянинг бир қатор нашрлари маълум қилганди. Якунда эса ярим ҳимоячи БААнинг "Эмирайтес" клубига ўтмоқда. У жамоа билан 1+1 кўринишида, яъни бир йиллик шартномани яна 1 йилга узайтириш имкони ҳам бор. Иньеста аллақачон Дубайга етиб келган. Мана шу Андреснинг сўнгги клуби бўлиши ҳам мумкин. 

Тез орада эълон қилинадиган трансферлар шулардан иборат. Албатта, уларнинг сафи яна кенгаяди. Айниқса, сўнгги ой бўлгани учун айрим жамоалар тезликни оширган.

Суҳроб Холбеков

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!