Тезкор! Шомуродов талаш, Элдорга кутилмаган жойдан иш чиқди
“Рома”даги ҳамюртимиз Элдор Шомуродов фаолиятида яна ўзгариш бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари 2021 йилнинг ёзида Рим клубига кўчиб ўтганидан бери асосий таркибдан муқим ўрин эгаллай олгани йўқ.
“Бўрилар”га устозлик қилган Жозе Моуриньо, Даниэле Де Росси, Иван Юрич ва Клаудио Раньери каби бош мураббийларнинг бирортаси ўзбек футболчисига ўзини кўрсатиш учун етарли даражада имкон бермади. Улар турли даврларда жамоага олиб келинган Тэмми Абрахам ва Артём Довбик сингари қимматбаҳо ўйинчиларга суянишни маъқул кўрмоқда.
Бунинг оқибатида, 29 ёшли ўзбек ҳужумчиси “Специя” ва “Кальяри” сингари жамоаларда ижарада ўйнаб келишига тўғри келди.
“Кальяри”да Шомуродовга қадрдон бўлиб қолган Клаудио Раньери ҳам “Рома”ни қабул қилиб олганидан кейин Элдорга у қадар эътибор қаратаётгани йўқ ва у билан хайрлашишга ҳам тайёр.
Қишки трансферлар арафасида Шомуродовни олмоқчи бўлган клублар сони ортиб боряпти. Аввалроқ, А Серия дебютанти “Комо” ва В Сериядаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган “Салернитана” ўзбек футболчисига қизиқиш билдирганди.
Euro-football нашрининг маълум қилишича Саудия Арабистонининг бир неча клублари Осиё футболи юлдузини ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қиладиган бўлди.
- Саудия Арабистонининг қатор клублари қишки трансферлар даврида “Рома” марказий ҳужумчиси Элдор Шомуродов таклиф қилишга тайёр. Бундан ташқари, Италия чемпионати жадвалининг иккинчи қисмида бораётган бир неча клублар ҳам 29 ёшли форвардга жиддий қизиқиш билдиряпти.
“Рома” ўзбек футболчисини яна ижарага қўйиб юборишга рози. Аввалроқ, бош мураббий Клаудио Раньери Элдор Шомуродовни келажакдаги режаларига киритмагани ва унинг кетишига қарши эмаслиги маълум бўлганди, - деб ёзмоқда Euro-football нашри.
Элдор Шомуродов Италияга 2020 йилнинг октябрь ойида кўчиб ўтган эди. Россия Премьер-лигасидаги муваффақиятли ўйинларидан кейин “Ростов” ўз юлдузини “Женоа”га қўйиб юборган.
Италиянинг энг қадимий жамоасида ҳамюртимизнинг ишлари юришиб кетди. Дебют мавсумида саккизта гол урган ҳужумчини бир неча катта клублар ўз сафига чорлади. 2021 йилнинг ёзида “Рома”га бош мураббий этиб тайинланган Жозе Моуриньо ўшанда Элдорни ўз лойиҳасига жалб қилган ва Римга кўчиб ўтишига сабабчи бўлганди.
Шомуродов португалиялик машҳур мураббий қўл остида Европадаги ҳозирча ягона соврини – УЕФА Конференциялар лигаси кубогига сазовор бўлган.
Шунга қарамай, тажрибали ҳужумчи “бўрилар” асосий таркибидан муқим жой олабилмади.
Жорий мавсум олдидан ҳам Элдор бошқа клубга ижарага берилиши кутилганди. Лекин унинг машғулотлардаги меҳнатини юқори баҳолаган ўша пайтдаги бош мураббий Даниэле Де Росси легионеримизни жамоада олиб қолди.
Трансфер нархи 4 миллион еврога тушиб кетган Шомуродов жорий мавсумда “Рома” сафида барча турнирларда 12 та учрашувда иштирок этиб, майдонда жами 285 дақиқа тўп тепди. Элдор кам ўйнаган бўлса-да, ўз ҳисобига иккита гол ва битта ассист расмийлаштирди.
Фикрлар