“The-afc.com”: “Насаф” - “Олой” баҳси учун превью
Хабарингиз бор, эртага Қаршининг “Насаф” клуби ОФК Кубогидаги стартини амалга оширади. Осиё Чемпионлар Лигасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган клубларимиз муваффақиятсизликка учрагани туфайли ҳозирда бутун ўзбек футболи мухлисларининг нигоҳи “аждарлар”га қаратилган. “Насаф” ўз гуруҳида Ўрта Осиё клубларига қарши баҳс олиб боради.
Эртага 1-тур беллашувида Қирғизистоннинг “Олой” клуби бизга рақиблик қилади. Ушбу қизиқарли ўйин олдидан ОФК расмий сайти ҳисобланадиган “the-afc.com” превью тақдим этди. Қуйида ушбу материалнинг таржимасини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Бердиев “Насаф”нинг ёш футболчилари билан “Олой”га қарши илк турни ўтказади
Ёш бўлишига қарамай, юқори амбицияли “Насаф” 2021 йилги ОФК Кубоги очилиш беллашувида Қирғизистоннинг “Олой” клубига қарши баҳс олиб боради.
2011 йилги финалдаги ғалабадан сўнг, биринчи марта турнирга қайтаётган “Насаф”нинг ҳозирги аксарият футболчилари Ботир Қораев мусобақа бош совринини кўтараётган пайтда мактаб болалари бўлган.
Таркиб аъзоларининг 12 таси 21-асрда туғилган болакайлар ва 27 футболчи орасидан 4 тасигина 25 ёшдан катта бўлган йигитлардир. Аммо Бердиев ёш шогирдларининг етарлича тажрибага эга эканига ишонмоқда.
“Насаф”нинг ушбу таркиби Душанбедан яхши натижалар билан кетишига бир қатор омиллар хазмат қилиши мумкин.
Ойбек Бозоров - ушбу таркибдаги энг ишончли футболчилардан бири. 23 ёшли футболчи жамоадошлари Акмал Мозговой, Ҳусниддин Алиқулов ва Абдувоҳид Неъматов билан бирга миллий терма жамоанинг ҳам муҳим вакиллари саналади. Ёш иқтидор эгалари ҳисобланган Шерзод Насруллаев ва Ҳусайн Норчаев эса жорий мавсум Ўзбекистон Суперлигаси стартида юқорида тилга олган футболчиларимизга яхши қўшилиб кета олди. Рўзиқул Бердиев ушбу футболчилари қитъа миқёсидаги мусобақада натижа келтира олишига ишонмоқда.
“Биласизки, жамоамиз Суперлига клублари орасидаги энг ёшларидан бири ҳисобланади. Бу каби типдаги мусобақа уларга яхши тажриба вазифасини ўтаб бериши мумкин.
Мақсадимиз аниқ: яхши даражадаги ўйин кўрсатган ҳолда, келгуси босқичга чиқишимиз лозим”, - деди 10 йил аввалги чемпионликни ёрдамчи мураббий сифатида нишонлаган Бердиев.
“Насаф” 2012 йилдан буён ОФК Кубогида қатнашаётган биринчи жамоа саналади. Клуб ушбу вақт мобайнида Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этиб келди. Бугунги “Насаф” ҳам энг камида ушбу гуруҳдан плей-оффга чиқиши кутилмоқда.
Қирғизистоннинг “Алай” клубида эса мутлақо бошқача сценарий гувоҳига айланамиз. Улар меҳмонда кечган бирорта ОФК Кубоги баҳсида ғалабага эришмаган. Душанбедаги гуруҳ босқичига жамоанинг келишига мамлакат кубогидаги ғалаба сабабчи бўлди. Аслида, ўшликлар миллий лигани 5-поғонада якунлаган эдилар ва бу улар учун тамомила омадсиз мавсум, демакдир.
Аммо лигадаги муваффақиятсизликка қарамай, Бердиевнинг фикрича, рақибдаги тажриба ва маҳорат уларга қарши жиддий ёндашиш кераклигини тақозо этади.
“Бизнинг ҳар қайси рақиб учун тайёргарлигимиз бир хил бўлади ва ҳеч бир рақибни кучлироқ ёки кучсизроқ, дея олмаймиз.
Осиё Чемпионлар Лигасида ҳам кўрдик: деярли барча жамоалар рақобат туғдира олиш имконияти, салоҳиятига эга. Ўйлаймизки, бизнинг рақибларимиз ҳам худди шундай кучли ҳамда уларга бир хил процесс орқали тайёргарлик кўрамиз”, - деди Бердиев.
Ҳа, “Насаф”нинг ўйини жамоа ёшларининг асосига қурилган. Аммо 32 ёшли сербиялик Марко Станоевич бундан мустасно. “Олой” бош мураббийи Нўъмонжон Юсупов эса таркибни терма жамоанинг асосий футболчилари билан тўлдириб олган.
Қирғизистон терма жамоасининг номдор футболчиси Аҳлиддин Исроилов Осиё ва Европанинг бир қатор клубларидаги узоқ йиллик фаолиятидан сўнг, ўз ватанига қайтди. Ганалик ҳужумчи Эммануэль Ягр Грузия чемпионатидан ушбу қишда клубга келиб қўшилди ва у ҳам қирғиз клубининг ишонган вакилларидан биридир.
Юсупов жамоасининг яна бир катта футболчиси Тижани Белаид ҳисобланади. Францияда туғилган Тунис терма жамоаси футболчиси узоқ йиллик фаолияти давомида “Интер”, ПСВ, “Славия” Прага ва “Халл Сити” сингари бир қатор Европа клублари ва Осиёнинг турли жамоаларида ҳаракат қилган.
Жума кунги беллашув қўшнилар ўртасида узоқ муддат кутилган ўйин бўлиши шубҳасиз. Сабаби, 2001-2002 йилги мавсумда “Пахтакор” Кубок эгалари кубогида СКА-ПВО Бишкекни мусобақадан чиқариб юборгандан бери ўзбек-қирғиз дуэлига гувоҳ бўлмагандик.
“The-afc.com” сайтидан Абдулвосид Валихонов таржимаси
Фикрлар