Тимур Кападзе: "Андижон"дан таклиф бўлганини инкор этмайман, аммо...
Терма жамоамизнинг яқин ўтмишдаги энг яхши футболчиларидан бири бўлган Тимур Кападзе айни дамда ўзини мураббийлик соҳасига бағишлаганидан хабарингиз бор.
Айни дамда “Локомотив”нинг ёшлар жамоасида фаолият олиб бораётган Кападзега Суперлига вакили – “Андижон”дан ҳам таклиф бўлгани қанчалик ҳақиқатга яқинлиги ҳақида гапирди.
“Инкор этмайман, менга бу масала бўйича алоқага чиқишди. Мен эса ҳа ёки йўқ демадим. Лекин “Локомотив” ёшлари билан энди иш бошлагандим ва ҳеч бўлмаса у ердаги ишимни биринчи давра охиригача етказиб қўйишим керак эди. Лекин масаланинг яна бир томони шундаки, андижонликлар расмий таклиф билан чиқишмади. Шунчаки, бу вазиятда фикримни билишга қизиқишди. Аммо кимдир ишлаётган бўлса, бировнинг ўрнига бориш ниятим йўқлигини айтдим. Чунки у пайтда Сакаев ишлаётганди. Агар мураббий ишдан кетиб, бўш иш ўрни бўлса, у ҳолда бу масалада гаплашсак бошқа гап эди. Ёшлар жамоасида ишлаб тажрибамни сайқаллаштириб бораётганимни ва у ерда 2-3 йил қолиб кетиш ниятим йўқлигини айтдим. Фақат аниқ ва расмий таклиф бўлса кўриб чиқамиз дедим. Улар эса сизни тушундик дейишди ва кейин бошқа алоқага чиқишмади. Барибир “Андижон” менга бегона эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам водий жамоаларига меҳрим бошқача. Биринчи навбатда у ерда жонкуяр мухлислари бор. Лекин бир томондан қараганда уларга қайғураман. Чунки бундай ашаддий ишқибозларга зўр жамоа керак. Улар бунга тўла муносиблар. Ўйинларни кўрсангиз, стадиондаги муҳит ажойиб бўлади ва ўз жамоасини жонли равишда қўллаб-қувватлашади. Бу борада уларга қойил қолса арзийди. Бунинг устига у ерга борадиган бўлсам, шунчаки келиб кетиш учун бормайман. Менга раҳбарлар ва мухлислар ишонишяптими, унда ўзимдан максимал кучни талаб қиламан. Халқнинг олдида юзим ерга қараб қолишини истамайман. Шунинг учун бутун вужудим билан ишлайман. Ҳаётда ҳам доим максимал натижаларга интилиб яшайман. Ўзим водийлик бўлиб, ўша ерда катта бўлганим учун ҳар қандай ҳолатда ҳам водий футболига қайғураман. У ерда ҳам кучли жамоалар бўлишини хоҳлайман”, - дейди Кападзе.
Тимур Кападзе билан уюштирилган суҳбатнинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиб олишингиз мумкин>>>
Фикрлар