Тимур Кападзе: "Эртага бор кучимизни майдонга ташлаб, чемпион бўлишга ҳаракат қиламиз!"
19 июнь куни "Бунёдкор" стадионида U-23 Осиё Кубоги финал баҳси ўтказилади. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Саудия Арабистонига қарши майдонга чиқади. Бугун учрашув олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда терма жамоамиз устози Тимур Кападзе ва сардори Жасур Жалолиддинов иштирок этишди.
Темур Кападзе
"Ассалому алайкум. Албатта, финалга чиққанимиздан жуда хурсандмиз. Бу катта ютуқ. Эртага турнирдаги охирги учрашувни ўтказамиз. Унга яхши тайёргарлик кўрганмиз.
Финалгача босиб ўтган ҳар бир қадамимиз оғир бўлди. Энди сўнгги баҳсда ҳам бор кучимизни майдонга ташлаб, чемпион бўлишга ҳаракат қиламиз.
Ҳозир ташқи омилларни ўйлайдиган пайт эмас. Эртага нима бўлишидан қатъи назар, майдонга чиқишимиз керак. Шунинг учун ўзимизни ҳар томонлама тайёрлаяпмиз. Аслида, ташқи омиллар ҳар икки жамоага бирдек таъсир қилади.
Финалгача катта куч сарфладик. Саудия кучли жамоа. Уларни ўрганиб чиқдик. Саралаш босқичида худди шу ёшдаги жамоа билан тўқнаш келгандик. Ҳозир эса, уларда бир неча ўзгаришлар бор. Ҳатто, миллий терма жамоадан ҳам 2 та футболчи жалб этилган.
Ҳар бир рақибнинг камчилиги бўлади. Уларнинг гол ўтказмагани биз учун қўшимча мотивация бўлиб хизмат қилади. Бундан олдинги ўйинлар бизга катта тажриба беради. Менимча, уларга қарши ўтказган 2-3 ўйинимиз бизга қўл келса керак.
Ҳар бир ўйин бизга катта тажрибалар берди. У қайси услубда ўйнаши ҳам у қадар муҳим эмас. Менимча, уларга қарши аввалги баҳслар бизга қўл келишига ишонаман.
Бугунги машғулотдан сўнг шогирдларимнинг ҳолатини ўрганиб, ассосий таркибни танлаб оламан. Чунки кўриб турганингиздек, захирадан ўйинга қўшилаётган ҳам ғалабага катта ҳисса қўшмоқда.
Ҳар бир мусобақа футболчилар учун катта тажриба беради. Боиси, терма жамоалар доим ҳам ўйнамайди. Бу шогирдларимда ўзига бўлган ишончни оширишга ёрдам беради. Айниқса, Осиё Кубогининг ўзимизда бўлаётгани биз учун катта ютуқ ҳисобланади. Бундай мусобақалар ҳеч шубҳасиз мамлакат футболи ривожланишига сабаб бўлади.
Ўйин олдидан режа қилиш мумкин лекин, майдонда нима бўлишини вақт кўрсатади. Чунки гол уришни ҳамма хоҳлайди. Рақибнинг ҳам ўз режаси бор. Лекин мақсад кўп гол эмас, ғалаба бўлиши лозим".
Фикрлар