Тимур Кападзе: "Ҳар доим ҳам ўзим истагандек таркиб йиғишни иложи бўлмаяпти..."

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳамда Испания U21 термалари ўртасида халқаро ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди ва ўйин 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. 

Беллашувдан сўнг Ўзбекистон термаси бош мураббийи Тимур Кападзе матбуот анжуманида иштирок этди ва ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

"Ассалому алайкум, ҳаммага. Бугун икки томон учун ҳам манфаатли ўйин бўлди, деб ўйлайман. Бизда ҳам, рақибда ҳам гол уриш учун яхши имкониятлар бўлди. Бироқ гол уриш икки томонга ҳам насиб этмади. Лекин шу учрашув орқали кўриб олдикки, ҳар қандай жамоа билан бемалол ўз ўйинимизни намойиш этсак бўлади. 

Баҳс олдидан ҳар бир футболчига имкон беришга қарор қилгандик. Осиё ўйинларидан сўнг жамоада чарчоқ аломатлари сезилиб турганди. Саидазаматнинг жароҳати у қадар жиддий эмас. Шунчаки, у майдонда ноқулай йиқилди. Умид қиламизки, у тезда сафга қайтади.

Ҳужумда индиувидуал ҳаракатлар бўлмаса, жамоа қийинчиликка дуч келади. Қайсидир футболчи ўйинни ўзига олиши бир томондан яхши нарса. Бугун кўп вазиятда биз ўзимизнинг техникамизга ишониб, ўйин намойиш этдик. Эркинов ва Жалолиддинов ҳужумларни бошлаб беришда жамоа етакчилари ҳисобланади.

Ҳар доим ҳам ўзим истагандек таркиб йиғишни иложи бўлмаяпти. Чунки баъзи лидерларимиз асосий терма жамоага чақирилмоқда. Бир томондан, ёшларимизнинг миллий термага чақирилаётгани бизни қувонтиради. Умумий қилиб айтганда, миллий терма жамоа барчасидан устун бўлиши нормал ҳолат.

Ҳар бир футболчимиз учун Ватан жамоаси муҳим бўлиши керак. Термага чақирув олганда, улар бошқа баҳоналарни йиғиштириши керак, деб ҳисоблайман.

Иккала бўлимда ҳам камчиликлар ва хатолар кўзга ташланди. Нозик томонларимиз ҳақида ҳали яна бош қотирамиз ва ўйинларимизни таҳлил қилиб чиқамиз. Умуман олганда, икки бўлимда ҳам футболчилар яхши ўйин намойиш этди", - деди мутахассис.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
998992832277 Дедашов Икрамжон Исманович
14/10/2023 07:37
Копадзе чинакам аналитик биз ишонамиз 2024 йилги Олимпиадада футболчиларимиз иштирок этишади Бунга барча шароит хам килинади ,у́йинчиларимиз хам тайёр деб хисоблайман Темур эса халкини ишончини оклайди