Тимур Кападзе: "Мавсум сўнгида керакли ўринда бўлишимизга аминман"
Cоcа-Cоlа Суперлига 5-туридан ўрин олган «Турон» – «Олимпик» (0:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Тимпур Кападзе ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Турон» турнир жадвалидаги вазиятдан келиб чиқиб, бугун бор кучи билан ҳаракат қилишини билар эдик, амалда ҳам шундай бўлиб чиқди. Кичик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсак-да, муҳим ғалабага эришдик, деб айта оламан.
Иккинчи голни киритганимизда, ўйин сўнгида бу даражада қийналмас эдик. 1:0 қалтис ҳисоб саналади. Мезбонлар бугун стандарт вазиятларда кучли босим уюштиришди ва қайсидир вазиятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштириши ҳам мумкин эди. Ҳужумчиларга эътирозлар бор, албатта. Лекин биз ҳам уч турдан буён ғалаба қозона олмаётган эдик ва босим бизда ҳам мавжуд эди. Вазиятлар яратишда оқсаётганимиз ҳужумчиларга ҳам таъсир кўрсатаётганди. Умид қиламанки, бугунги ғалаба уларга ижобий таъсир кўрсатади.
Ўтган уч турда очко йўқотган бўлсак-да, ўйин жиҳатдан ҳеч бирида мағлуб бўлмадик. Фақатгина кичик эпизодлар барчасини ҳал қилиб кетди. Асосий вазифамиз жамоавий ўйинни шакллантириб, тактикаларни синовдан ўтказиб олишдан иборат. Қолаверса, рақиблар ҳам бизга қарши учрашувларга алоҳида тайёргарлик кўрмоқда. «Андижон» ўтган тур қаттиқ ҳимояланди. Бу бизга қийинчилик туғдираётгани рост, аммо бошқа жиҳатдан фойдали ҳам бўлмоқда. Эртага айнан шундай жамоа билан тўқнаш келсак, нисбатан яхшироқ ҳаракат қиламиз. Биз ўйиндан-ўйинга қўшиб борамиз ва мағлубиятлар бўлиб турган бўлса-да, бундан сира ҳавотирда эмасман. Мавсум сўнггида керакли ўринда бўлишимизга аминман.
«Турон»нинг ҳар бир чизиғида яхши футболчилар кўп. Жамоа ичидаги руҳий ҳолатдан хабарим йўқ, аммо бу вазиятдан чиқиб кета олишса, мавсумни 6-8-ўринда якунлай олишига потенциали етади. Албатта, барчасини вақт кўрсатади”, – деди Кападзе.
Фикрлар