Тимур Кападзе Ўзбекистон U-19 терма жамоаси билан ўқув-машғулот йиғинини ўтказади

Шу йилнинг 14-31 октябрь кунлари юртимизда футбол бўйича U-19 Осиё чемпионати мусобақаси бўлиб ўтади. Ҳозирча ОФК томонидан турнир кўчирилиши борасида хабар эълон қилгани йўқ.

Ўзбекистон U-19 терма жамоасига эса Тимур Кападзе бош мураббий этиб тайинланганидан хабардорсиз. Аста-секин у ҳам терма жамоа билан янги режаларни ишлаб чиқмоқда.

Бош мураббийнинг Sports.uz сайтига маълум қилишича, 5 июндан машғулотлар бошланади. Ушбу йиғинда кўпроқ про-лига клубларида тўп сураётган иқтидорли ёшлар синовдан ўтказилади.

Айтиш лозимки, дастлабки йиғин 10 кун давом этади. Шундан сўнг машғулотларнинг навбатдаги қисми бошланади. Бош мураббий эса йиғинлар давомида кўплаб ўйинчиларни кўздан кечиришни мақсад қилган. 5 июндан бошланадиган тайёргарлик босқичида эса назорат учрашувини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионати ўйинларини ўтказиш учун "Бунёдкор", "Локомотив", АГМК ҳамда "Навбаҳор" стадионлари танлаб олинди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!