Тимур Кападзенинг карантинни қандай ўтказаётгани ва нимадан хавотир олаётгани хусусида

Ўзбек футболида ўзига яраша из қолдирган ҳамда терма жамоамиз сафида энг кўп ўйин ўтказган ўйинчи сифатида ҳам ҳурмат ва эътибор қозонган Тимур Кападзенинг мухлислари кўп. Футбол орқали катта тажриба қозонган Кападзе эндиликда ўзини мураббийликка бағишлаганидан яхши хабардорсиз. Бу борада ҳам унинг мақсадлари катта.  

Ҳозирги пайтда эса юртимизда карантин жорий этилгани сабабли ҳамма қатори Кападзе ҳам уйда қолмоқда. Хўш, бундай пайтда вақтини қандай ўтказмоқда? Карантин пайтида нималарга риоя қилиш кераклиги хусусида ҳам Кападзе шундай деди:

- Уйда, оилам билан бирга карантинни ўтказяпмиз. Кундуз куни кўпинча онлайн дарслар билан банд бўляпмиз. Бундан ташқари, ўзимнинг ишларим билан комьпютерда ишлаяпман ва олдинги ўйинларни кўриб таҳлил қиляпман. Китоб ўқияпман, инглиз тилини ҳам ўрганиб боряпман. Умуман олганда, бекор ўтирмасдан ўз билимларимни ҳам ошириб бормоқдаман. Кечки пайт эса уйдаги шароитдан келиб чиқиб машғулот ўтказяпман. Давлатимиз бизларнинг соғлигимиз ва келажагимизни ўйлаб вирусга қарши ҳар томонлама курашмоқда. Биздан талаб қилинаётгани ва давлатимизга кўрсатадиган ёрдамимиз эса уйда, оиламиз билан бирга қолиш ва дуода бўлиш. Шу тариқа, ўйлайманки ва ишонаманки, юртдошларимиз шунга риоя қилишади ҳамда ҳар куни уйда қолиб фойдали, мазмунли ишлар билан банд бўлишмоқда.

У фаолияти давомида кўплаб катта ўйинларни кўрган, бунга шубҳа йўқ. Шу сабабли Тимур Кападзеда терма жамоа таркибидаги ёдида қолган учрашувлар ҳам бўлса керак?

- Албатта, терма жамоа либосида майдонга тушган ҳар бир ўйиннинг аҳамияти юқори бўлади. Шундай экан, терма жамоада ўтказган деярли ҳар бир ўйин менинг ёдимда сақланиб қолган, - деди Кападзе.

Шуни ҳам айтиш керакки, Тимур ҳамма вақт қайноқ футбол ичида вақт ўтказарди. Бироқ тақдир тақозоси билан эндиликда у ҳам футболсиз қолиб кетмоқда. Бундай паллада эса ўзини ноқулай ҳис қилиши ҳам табиий. Ушбу масалада эса унинг ўзи қуйидагича муносабат билдирди:

- Нафақат мен, балки ҳар биримиз, футбол ичида юрган инсонлар ўзини футболсиз тасаввур қила олмайди. Айниқса, ҳозирги пайтда футболсиз ҳаёт биз учун қийин бўлишини янада яхшироқ тушуниб етяпмиз.

Қизиқ, дунё деярли футболсиз қолган бир пайтда у қандай ва қайси ўйинларни кузатяпти? Жавобини эса унинг ўзидан эшитамиз.

- Албатта, эски учрашувларни такроран кўриб чиқяпман. Интернетда “Ютуб” тармоғида терма жамоамизнинг кўплаб ўйинлари бор. Мен эса эски ўйинларимни эндиликда мураббий сифатида кўриб чиқмоқдаман. Тўғриси, ўз ўйинимни мураббий сифатида кўриб чиқиш жуда қизиқ кечмоқда. Бу орқали ўйинларимни таҳлил қилиб, қаерда тўғри ёки нотўғри қилганимни таҳлил қиляпман. Қолаверса, “Спорт” телеканалида ҳар куни олдинги ўйинларимизни эфирга узатишяпти. Ушбу учрашувларни ҳам ўғлим билан бирга кузатиб боряпмиз.

Кападзе мураббийлик билан астойдил шуғулланаётгани албатта қувонарлидир. Айниқса, ёшлар терма жамоамизни бошқаришга киришгани унинг учун янги чақириқ бўлди десак муболаға қилмаймиз. Боз устига кузда юртимизда ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилиши ҳам белгилаб қўйилган. Бироқ коронавирус туфайли режалар ўзгариб кетмоқда. Табиийки, бундай жараёнда бош мураббий сифатида Кападзенинг ҳам режалари ўзи кутмаган тарзда ўзгармоқда.

- Нафақат бизнинг, балки бутун футбол оламининг режалари ўзгариб кетди. Энг хавотирли жиҳати шундаки, бундан буён янги режани қандай кўринишда тузишдир. Чунки қачон машғулотлар ва ўйинлар бошланади, буни ҳозирча ҳеч ким билмайди. Қолаверса, терма жамоаларнинг ҳам ўйинлари қолдирилган. Қачонки, коронавирус тўлиқ бартараф этилиб, машғулотлар ва ўйинлар санаси маълум бўлса, ўшанда янги режаларни тузамиз.

Хўш, терма жамоадаги футболчиларининг бугунги ҳолати мураббийни ташвишга соляптими? Уларга масофадан қандай кўрсатмалар бермоқда? Бу ҳақида унинг ўзи шундай деди:

- Албатта, энг асосий хавотир ҳам мана шунда. Негаки, футболчилар узоқ муддат машғулотсиз қолишяпти ва бу ҳолат ҳали ҳам давом этяпти. Уларнинг жисмоний ҳолати қандай бўлади ва яна шунга ўхшаш хавотирларимиз бор. Лекин қўлимиздан келгунича биз ҳар куни футболчиларимиз билан алоқада бўлиб турибмиз. Бизнинг ижтимоий тармоқда алоҳида гуруҳимиз бор. Ушбу гуруҳ орқали футболчиларга уйдаги шароитда қандай машғулотларни бажариш борасида ҳамда ўзларининг жисмоний ҳолатини бироз бўлса-да, ушлаб туриш учун ўқув қўлланмаларини жўнатамиз. Шунингдек, ҳар бир ўйинчимиз кунлик қилган машғулотларини телефонида видеога олиб гуруҳимизга юборишади. Бундан ташқари, шифокорларимиз ҳам йигитларга ўзларининг тавсияларини бериб туришибди. Шунингдек, диетолог ҳам футболчиларга қандай овқатланиш бўйича ўзининг кўрсатмаларини бермоқда. Йигитларнинг барчаси ўз вазифаларига профессионал тарзда ёндашиб, имкони борича уйдаги шароитида ҳам машғулот қилишмоқда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!