Тимур Копадзе: "Бугунги ўйин ҳар икки мураббий учун ҳам фойдали бўлди"

Cоcа-Cола Суперлига 15-туридан ўрин олган “Олимпик” – “Сўғдиёна” (3:3) учрашувидан сўнг мезбонлар устози Тимур Кападзе ўз фикрларини билдириб ўтди.

Қизиқарли учрашув гувоҳига айландик, бу таблода ҳам ўз аксини топди. Ғалаба қозонишимиз ҳам, мағлуб бўлишимиз ҳам мумкин эди. Ҳар икки жамоа яхши ҳаракат қилди. Рақиб бизнинг ўйин услубимизни синчковлик билан ўргангани сезилди. Машғулотдаги ишланмаларимиз қаердадир ўхшади, қаердадир йўқ. Умуман олганда, шогирдларим майдонда борини берди.

Албатта, ҳаракатларимизда камчиликлар бор. Йигитлар биринчи ва иккинчи голда ёш болаларча хато қилишди. Пенальти белгиланган вазиятда ҳимоячимиз ақллироқ ҳаракат қилиши лозим эди. Иккинчи тўпни ўтказиб юборган вазиятимизда жонли девор кўнгилдагидек ҳаракат қилмади. Ўйин мураббийлар учун фойдали бўлди деб айта оламан. Кўзга ташланган камчиликларни бартараф этамиз, бугун фойда берган тактикани яна қайтаришга уринамиз.

Ёшидан қатъий назар, майдонда барча тенг. Агар ҳакамлар учун кимнинг неча ёшдалиги муҳим бўлса, у аксинча, менинг шогирдларимга ён босиши керак. Менимча, рефериларимиз бундай қилмаяпти. Қоида бор ва улар ўйинни шу асосда бошқармоқда. Ҳакам барчага бир хил муносабатда бўлиши шарт. Агар буни акси бўлса, у нотўғри иш қилаётган бўлади. Ҳакамликни назорат қилувчи ташкилот бор. Улар ҳар бир вазиятни кўриб чиқади. Биз ўз ўйинимизга эътибор қаратамиз.

Жасур Жалолиддиновнинг маҳоратига ҳеч кимда шубҳа бўлмаса керак. Биз ҳужумларни ташкил этишда унинг ижодкорлигидан фойдаланяпмиз. Нафақат Жасур, бошқа шогирдларим ҳам яхшигина техникага эга. Баъзида у, баъзида бошқалар катта саҳнага чиқмоқда”, – деди Кападзе.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!