"Тўғриси, сюрприз бўлди, омадлиманми, бу ҳақида ўйламаганман" ёхуд Ҳаким Фузайлов ва "Хоразм" яна Суперлигада
“Хоразм” клуби 15 йиллик танаффусдан сўнг Суперлигага қайтишга муваффақ бўлди.
Про лигада ўтган йили 6-ўринни банд этган клуб “Металлург”нинг Суперлигада иштирок этмаслиги эвазига Регламентга асосан унинг ўрнини эгаллаш имкониятидан унумли фойдаланиб қолди.
Клуб бош мураббийи Ҳаким Фузайлов жамоани айни пайтда Тошкентда янги мавсум учун тайёрламоқда.
“Хоразм”нинг расман Суперлигада иштирок этиши тасдиқлангач, тожикистонлик Ҳаким Қаюмович Sports.uz сайтига интервью берди.
- Ҳаким Қаюмович, расман “Хоразм” 2025 йилни Суперлигада ўтказадиган бўлди. Сиз вазият шундай тус олишини кутганмидингиз ёки сюрприз бўлдими?
- Ҳа, тўғрисини айтсам, албатта сюрприз бўлди. Умуман, кутмаган эдим. Хурсанд бўлганим, “Хоразм” раҳбарияти бундай имконият пайдо бўлганида жамоани юқори лигада кўришга муваффақ бўлмоқда. Аслида жамоага 2025 йилда Суперлигага олиб чиқишни асосий вазифа қилиб белгилаган эди. Омадимиз келиб қолди, эндиликда вилоят футболи ривожи учун режада бир қатор ишлар қилиняпти. Биринчи навбатда стадиондаги реконструкция тартибга келтирилмоқда. Базани қуриш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хоразм халқи катта футболни соғиниб қолганди. Табиийки, бу албатта сюрприз. Бундан хурсандман, тезкорлик билан жамоани тайёрлаб, таркибни кучайтириб, уни оғир ўтиши кутилаётган мавсумга тайёрлаш қолди.
- Ўтган йили про лигада “Хоразм”га бош мураббий этиб тайинландингиз. Лекин осон кечмади ва омадсиз баҳслар кўп бўлди. Натижада клуб 6-ўринни эгаллади. Нима бўлди?
- Ўтган мавсум таркибимизда яхши футболчилар жамланганди. Мавсум бошланганидан сўнг жамоани қабул қилиб олгандим. Жуда қийинчилик туғдирди. Кимдир ўйинларини яхшилаб борди. Кимдадир ўхшамади. Натижа ёмон бўлди. Аммо жамоада олдингига нисбатан ўзгариш бўлганлиги учун раҳбарият бизга клубда қолиб, янги мавсумда жамоани кучайтириб, Суперлигага чиқиш вазифасини қўйганди. Мавсум ўртасида жамоани кучайтириш учун уриндик. Бироқ бизга лимит қўйилган эди, 5 тадан ортиқ катта ёшдаги футболчиларни қўшиб олишга. Бу нарсалар ҳам натижага таъсирини ўтказди. Бир қанча ўйинларда футболчилар ҳаракатини кўриб, кузатиб олдик. Мухлисларни стадионга қайтара олдик. Энди бизга Суперлига тақдим этилди. Жамоани кучайтириб, жиддий таркиб тузиш устида ишламоқдамиз. Ҳали етарлича вақтимиз бор ва улгурамиз.
- Бунга қадар про лигада “Динамо”, сўнг “Бухоро”ни Суперлигага олиб чиқдингиз. Энди бўлса, “Хоразм” бош мураббийи сифатида элитага чиқдингиз. Ўзингизни омадли мураббийман, деб ҳисоблайсизми?
- Неча йиллардан бери мураббий бўлиб ишлаётган бўлсам, омадлиманми ёки омадли эмасманми, бундай деб ўйламаганман. Мураббийлик юки оғир, албатта. Ҳозир ҳаммага ҳам осон эмас. Менга ўз ишим жуда ёқади. Ҳаракатга яраша ўз жамоаларимда натижа кўрсатганман. “Бухоро”, “Динамо” ва Тошкентнинг “Локомотив” жамоаларида яхши онлар бўлди. Шунинг учун ношукрлик қилсам гунох бўлади.
- “Хоразм” уй ўйинларини “Дўстлик” стадионида ўтказадими?
- Ҳозир жуда кўплаб савол-жавоблар бўляпти. Биз Суперлигада иштирок этишимизни энди билдик. Бу масалада раҳбарият иш олиб бормоқда. Бу борада тўлиқ ҳал бўлмагунча ҳозирча бирон бир аниқ жавоб айта олмайман.
- Жамоани вазифаси лигада ўз ўрнини сақлаб қолиш бўлса керак. Селекция ишлари қандай олиб бориляпти? Таркибда бир қанча янги ўйинчилар бор экан. Масалан, Дилшод Жўраев, Илҳом Алижонов, Даврон Эргашев...
- Даврон Эргашевни биз таклиф қилмаганмиз. У йўқ. Қолган футболчилар олдинги жамоамда тўп сурган. Ўзим билган номлар бор. “Бухоро”, “Динамо” жамоаларида ўйнаган бошқа ўйинчиларни ҳам таклиф этганмиз. Маъқул келганлари билан шартнома тузмоқдамиз. Жамоани кучайтириш кераклигини тушуниб турибмиз. Ўзбекистон Суперлигасини доим кузатиб бораман. Мавқеи жиҳатдан Марказий Осиёдаги энг кучлиги саналади. Умуман, Осиёда ҳам ўз ўрни бор. Осон бўлмайди. 15 йиллик танаффусдан сўнг элитада иштирок этамиз. Юқори лигада вазифамиз энг камида Суперлигада ўз ўрнимизни сақлаб қолиш бўлади.
Фикрлар