Тожикистон МТЖ бош мураббийи: Эҳсони Паншанбе бизга катта ёрдам беради!

"Navruz Cup" халқаро турнири олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда биринчи бўлиб Тожикистон МТЖ бош мураббийи Сегрт Петар иштирок этди ва қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

"Авваламбор, ҳаммани кириб келган Наврўз билан табриклайман. Ушбу турнир ташкилотчилари - Ўзбекистон ФАга ҳам миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ташкилотчилик аъло даражада!

Биласизми, бу каби турнирлар кўплаб жамоалар учун катта мусобақалар олдидан тайёргарлик вазифасини ўтиб еради. Мен жамоамиз билан бу мусобақада иштирок этаётганимдан хурсандман. 

Биринчи ўйиндаёқ биз ноқулай ва нотаниш рақибга қарши майдонга тушишимизга тўғри келади. Рақиб ФИФА рейтингида биздан анча юқорида экани ҳам бор гап. Бироқ ўз кучимизга ишонамиз, таркибимиз яхши даражада ва ўйлайманки, натижа кўрсата оламиз. Асосийси, ўйин услубимизни яхшироқ шакллантириб, ёш футболчиларга ўйин фалсафамизни тушунтириш. 

Шубҳасиз, олдимиздаги баҳсларда Эҳсони Паншанбенинг Ўзбек диёрида ўйнаётгани қўл келади. У таркибимизда ўз ўрнига эга. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, Тожикистон МТЖ бошқарувидаги иккинчи машғулотимни ўтказдим. Ҳали жамоага тўлиқ мослашиб кета олганим йўқ. Айни пайтда футболчиларни кузатаяпман. 

Угандага қарши майдонга тушишимиздан хурсандман, уларни ҳурмат қиламиз. Биз ўзимизнинг энг яхши ўйинларимиздан бирини кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Албатта, ҳар бир жамоа майдонга доим ғалабани кўзлаб тушади. 

Ўзбекистон чемпионатида бир неча футболчимиз ҳаракат қилиб келмоқда. Бироқ таркибдаги бошқа футболчиларни ҳам ҳурмат қилишимиз керак. Шахсан мен учун футболчининг қайси чемпионатда ўйнаши катта нарсани ҳал этмайди".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!