Тожикистонда янги саҳифа очган чемпион! Ёки қўшни юртда омадини излаётган Андрей Сидоров хусусида
Икки йил олдин Ўзбекистон U-23 терма жамоаси билан Осиё чемпиони бўлган иқтидорли футболчиларимиздан бири Андрей Сидоровни мухлислар яхши билишади. Айниқса, унинг финалда Вьетнам дарвозасига қўшимча бўлимларнинг охирги дақиқасида киритган голи якунда Ўзбекистоннинг қитъа чемпионлигининг қўлга киритилишида жуда муҳим туртки бўлганди. Шундан сўнг Сидоров ҳам янада танила бошлаганди.
Ҳозирги пайтда эса ушбу ҳужумчи фаолиятини Тожикистоннинг “Хўжанд” клубида давом эттирмоқда. Ҳозирча ҳамюртимизнинг у ердаги ишлари чакки эмас. Масалан, куни кеча Тожикистон чемпионатининг дастлабки турида “Хўжанд” сафарда 1:3 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди ва голлардан бирига Сидоров муаллифлик қилди. Бунинг устига у энг яхши ўйинчилардан бирига айланган ҳолда турнинг рамзий терма жамоасига ҳам киритилди. Албатта, бундай эътибор футболчимизни янада руҳлантиради. Қизиқ, аслини олганда, унинг “Хўжанд”га бориб қолиши қандай юз берган экан-а? Келинг, яхшиси бунга унинг ўзидан жавобни эшитсак.
- Тожик клубидан таклиф бўлгач, агентим менга бу вариантни кўриб чиқишимни айтди. Аниқроғи, агентим менга шундай вариант бор, агар истасанг улар билан келишиб оламиз деди. “Хўжанд” клубининг ОФК Кубогида иштирок этаётгани мени ўзига тортди, - дейди Сидоров.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу ҳужумчимиз ўзимизнинг бир қатор жамоаларимизда ҳам тўп сурди. Бироқ қандайдир сабаблар туфайли Андрей ўйнаган клубларида ўзини ёрқин томондан кўрсата олгани йўқ. Хўш, Сидоровнинг ўз сўзини айта олмаганига нима сабаб ёки унга етарли даражада ишонч билдирилмаганмиди? Балки энди Тожикистон чемпионатида нималарга қодирлигини кўрсата олар?!
- Ҳа, Ўзбекистонда чиндан ҳам бир нечта клубда ўйнадим, - дея фикрини давом эттирди, ҳужумчи. - Айтиш мумкин бўлса, бирор-бир жамоада ўзимни ёрқин томондан кўрсата олмадим. Нима етишмагани ҳақида эса бир нарса дейишим қийин. Эҳтимол, ўзимга бўлган ишончни яхши ҳис қилмаганим менга панд бериб қўйган бўлиши мумкин. Худо хоҳласа, Тожикистонда ўзимни яхши томондан кўрсата оламан деб умид қиляпман. Ўзимнинг энг яхши жиҳатларимни намойиш этишга ҳаракат қиламан. Бу йил мен учун омадли кечишини истайман.
Барибир уни ишқибозларимиз яхши кўришади. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ўша Осиё чемпионатининг ҳал қилувчи учрашувида ўта қимматли гол муаллифи бўлгани ва бу бизга чемпионликни тақдим этгани ҳаммамизни нақадар қувонтирганини ҳали унутганимиз йўқ. Балки ўша Осиё чемпионатидан сўнг Андрей Сидоровнинг ҳаётида қандайдир ўзгаришлар бўлгандир-а? Бу борада унинг ўзи қуйидагича фикр билдирди.
- Осиё чемпионатидан кейин ҳамма мени таний бошлади. Кўча-кўйда мени таниб қолган ишқибозлар бирга суратга тушишга таклиф қилишга киришиб кетдилар. Бу жуда ҳам ёқимли бўлди. Ҳар бир ишқибознинг таклифини эса рад эта олмасдим. Бунинг учун бизни қўллаб-қувватлаган ҳар бир мухлисга миннатдорлик билдираман. Осиё чемпионатидаги ғалаба фақат бир кишининг эмас, балки жамоадаги барча инсонларнинг сайъ-ҳаракатлари туфайли қўлга киритилган. Айтиш мумкин бўлса, бу бутун Ўзбекистоннинг, Ўзбекистон футболининг ғалабаси. Чунки чемпионатни бутун халқимиз зўр қизиқиш билан кузатган.
Тўғрисини айтганда, ўша Осиё чемпионатидан сўнг Сидоровнинг фаолиятида янада кўтарилиш бўлишини кутгандик. Аммо ҳар доим ҳам ўйлаган режалар амалга ошавермайди. Шунингдек, Сидоровга жароҳатлар ҳам таъсир кўрсатди. Бу хусусида унинг ўзи шундай деди:
- Ҳа, Осиё чемпионатидан кейин биздан яна яхши натижаларни кутишни бошладилар ва бу табиий эди. Ўз навбатида жамоадошларим каби мен ҳам шундан умид қилгандим. Аммо шахсан ўзимнинг ўйинимда ҳаммаси кўнгилдагидек чиқмай қолди. Осиё чемпионатидан кейин янги мавсум олдидан “Нефтчи” билан шартнома имзоладим. У ердаги фаолиятим дастлаб ёмон кечмади. Лекин қишга бориб елкамдан оғир жароҳат олдим. Шунинг учун анча вақт майдондан ташқарида қолиб кетдим. Олти ой футболсиз қолиш мен учун жуда оғир бўлди. Кейинчалик “Бухоро”даги фаолиятим ҳам ёмон чиққани йўқ. Бироқ оғир жароҳатдан тикланганимдан кейин оптимал формага киришим қийин бўлди. Шу боис асосий таркибдан жой ололмадим. Мана, “Бухоро”дан сўнг энди Тожикистондан яхши таклиф тушди ва бу вариант менга маъқул келди. Бу йилги режаларим эса жуда яхши. Иложи бўлса, Тожикистон чемпионатининг энг яхши тўпурарига айланишга ҳаракат қиламан.
2018 йилги Осиё чемпионлигидан сўнг бу йил январь ойида Таиландда ўтган Осиё чемпионатида ҳам терма жамоамиздан ҳеч бўлмаганда Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишини жуда истагандик. Сидоров билан бирга икки йил олдин чемпион бўлган футболчилар ҳам бу сафарги мусобақада иштирок этганларига қарамай, бу сафар биз учун ўхшамади. Андрей эса жамоадошларининг ўша омадсизлиги ҳақида ўз фикрини билдирди.
- Ҳа, Январь ойида Олимпиада йўлланмаси учун Осиё чемпионати ўтказилди. Ростини айтсам, йигитларимиз майдонда борларини бериб ўйнашди. Фақат сўнгги паллада биздан омад юз ўгирди. Қолаверса, охирги пайтларда ўзимизга бироз ишонч етишмай қолди шекилли, бошимизга қўниб турган бахт қушини қочириб юбордик. Бундан ташқари, йўлланмалардан бирига эга чиқишимиз мумкинлиги борасидаги босим ҳам ўз таъсирини кўрсатди.
Эндиликда фаолиятида янги саҳифа очган ҳамюртимиз бутун эътиборини янги жамоасига қаратган. Ўз навбатида Осиё чемпиони бўлган футболчимиз бугунги ўзбек ва тожик футболи ўртасидаги тафовут ҳақида ҳам гапирди.
- Илгари ўзбек ҳамда тожик футболи ўртасида катта фарқ бор эди. Лекин ҳозир иккала чемпионат ўртасида деярли фарқ қолмади. Тожикистонда ҳам совринли ўринлар учун курашадиган 3-4 та клуб шаклланиб улгурган. Ўша жамоалар таркибида эса маҳоратли футболчилар тўп суришмоқда. Улар ўзбеклар билан тенгма-тенг ўйнай олишларини исботлашга ҳаракат қилишяпти. Масалан, “Истиқлол” Тошкентда “Локомотив”ни ютиб кетди. Тожикистонда ҳам футбол йил сайин кучайиб боряпти. Бунга ўзим ҳам амин бўлиб боряпман. Ўзбекистон чемпионтида яхши иштирок этиш учун шунга мос равишда руҳий ва жисмоний томондан тайёр бўлиш керак. Футбол ўзгариб боряпти, айниқса сўнгги йилларда. Энди ҳамма учун натижа биринчи ўринга чиққан. Агар ким 100 фоиз куч билан ишлар экан, мақсадига эриша олади.
Фикрлар