Тожикистоннинг CAFAдаги асосий вазифаси нима? Улар Осиё Кубогида "Ўлим гуруҳи"дами? "Андижон" легионери қандай фикрда?

Бир неча кундан кейин CAFA мусобақаси бошланади ва унда миллий терма жамоалар иштирок этаётгани унга бўлган қизиқишни оширмоқда. Шу жумладан, нуфузини ҳам.

Ён қўшнимиз – Тожикистон термаси анча барвақт Тошкентга келиб мусобақа учун тайёргарлик олиб бораётганини билсангиз керак. Бу ҳақида Sports.uz орқали хабарлар ва мақолалар бериб бормоқдамиз.

Биласиз, Тожикистон термаси сафида Ўзбекистон чемпионатида тўп сураётган легионерлар бор. “Андижон” шарафини ҳимоя қилаётган Ахтам Назаров Тожикистон термаси сардори ҳисобланади ва у ҳам айни чоғда жамоа билан бирга мусобақага тайёргарлик кўряпти. Ушбу футболчи турнир олдидан Sports.uz мухбирининг айрим саволларига жавоб бериб ўтди.  

- Тожикистон терма жамоасининг CAFA мусобақасидаги иштироки учун сиз ҳам чақирилдингиз. Бўлажак мусобақадан нима кутяпсиз?

- Барча футболчилар ишқибозларга айтишим керакки, CAFA жуда ҳам қизиқарли мусобақадир. Бу турнир миллий терма жамоалар учун илк бор ўтказиляпти. Турнирдан жуда яхши ўйинларни кутиб қоламиз.

тожик1_3

- Гуруҳда Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Уммон терма жамоалари бор. Ушбу гуруҳ ҳақида фикрингиз қандай ва Тожикистон учун асосий рақиб ким?

- Бизнинг гуруҳимиздаги жамоаларнинг бари жуда кучли ва биз ҳаммамиз бир-биримизга рақиблармиз. Энг асосийси, ҳаммага ёқадиган қизиқарли футбол намойиш этишимиз керак.

- Тожикистоннинг CAFAдаги асосий вазифаси нима?

- Бизнинг вазифа – Осиё Кубогига ҳозирлик кўришдан иборат. Ўз навбатида бу ўйинлар биз учун тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.

назаров2_1

- Шунингдек, Тожикистон Осиё Кубогида “А” гуруҳида Қатар, Хитой ҳамда Ливан термалари билан баҳс олиб боради. Сизнингча, бу “ўлим” гуруҳими? Қуръа сиз кутгандекми ёки...

- Ўйлайманки, Осиё Кубогида ҳар бир гуруҳни “ўлим” гуруҳи деб аташ мумкин. Чунки у мусобақага ўз-ўзидан кириб бўлмайди. Бунинг учун астойдил тер тўкиш керак ва оғир меҳнат эвазига нуфузли турнир иштирокчиларидан бири бўлиш мумкин. Мусобақа учун ташланган қуръа кутилган даражада профессионалларга хос тарзда бўлиб ўтди. Айтиш керакки, гуруҳ босқичида бизга кимлар рақиб бўлишини биз футболчилар ва мураббийларимиз умуман ўйламагандик. Биз шунчаки қуръа маросимини томоша қилиб, шундай мусобақада иштирок этишимизни ўйлаб қувониб ўтирдик холос.

- Бош мураббий Петр Сегрт терма жамоада биринчи навбатда нимани ўзгартирди?

- Петр Сегрт футбол майдонида катта оилани ташкил қила олган.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!