Токио-2020. Бугунги кунни битта олтин медаль билан якунладик
Бугун 6 нафар ўзбекистонлик спортчи Токио-2020 Олимпия ўйинларида иштирок этди. Эътиборлиси, оғир атлетикачимиз Акбар Жўраек делегациямиз ҳисобига иккинчи олтин медални ёздириб қўйди.
Қуйида спортчиларимизнинг бугунги иштироки акс этган матнли онлайн трансляция билан танишиб олишингиз мумкн:
Акбар Жўраев икки кураш натижасига кўра 430 кг тошни бўйсундирди ва Олимпиада рекордини қайд этган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди.
Акбар Жўраев даст кўтаришда 193 кг тошни бўйсундирди. Бу ҳозирча 2-натижа бўлиб турибди. Бу борада пешқадам арманистонлик Симон Мартиросян бўлиб турибди. Симон 195 кг натижа қайд этди.
16:00. Оғир атлетика. Эркаклар ўртасида -109 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Акбар Жўраев баҳсларга киришди.
13:15. Бокс. Афсуски Райхона Қодирова тажрибали рақибига қарши жангда мағлуб бўлди ва Олимпиададаги юришини тўхтатди.
13:00. Бокс. Аёллар ўртасида -60 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Райхона Қодирова ҳамда бразилиялик Беатрис Ясмин Феррейра иширокидаги жанг бошланмоқда.
09:25. Юнон-рум кураши. Ҳамюртимиз икки карра жаҳон чемпионати совриндори Рустам Ассакалов (-87 кг) Токио-2020 Олимпиадасида чорак финал баҳсини ўтказди. Унга ушбу босқичда хорватиялик Иван Хуклек рақиблик қилди.
Муросасиз кечган курашда хорватиялик курашчи 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди. Энди Хуклек финалга етиб борган тақдирда Ассакалов бронза медали учун курашиш имконини сақлаб қолади.
08:22. Юнон-рум кураши. Ҳамюртимиз Рустам Ассакалов Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларини ғалаба билан бошлайди. -87 кг вазн тоифасида иштирок этаётган полвонимизга грузиялик курашчи рақиблик қилди.
2019 йил -82 кг вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Лаша Гобадзега қарши кечган беллашувда Ассакалов ҳисобда орқада қолаётганига қарамай ўзида ирода намойиш эта олди ва якунда ғалабани илиб кетди. Энди у кейинги даврани Хорватия ва АҚШ вакиллари ўртасидаги баҳс ғолибига қарши ўтказади.
08:20. Бокс. Афсуски Элнур Абдураимов арманистонлик рақибига деярли қаршилик кўрсата олмади ва мағлуб бўлди.
08:07. Бокс. -63 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимиз Элнур Абдураимов ҳамда арманистонлик Ованес Бачков иштирокидаги жанг бошланмоқда.
07:28. Бокс. Афсус, ҳамюртимиз Шаҳобиддин Зоиров филиппинлик боксчига енгилди. Биринчи раундда ҳакамлар томонидан Паалам бир овоздан ғолиб деб топилди. Иккинчи раундда эса ҳамюртимиз қоши ёрилгани сабаб жанг тўхтатилди ва Зоиров техник мағлубиятга учради.
07:15. Бокс. Енгил вазнли боксчимиз Шаҳобиддин Зоиров иштирокидаги жанг бошланмоқда. Ҳамюртимизнинг чорак финалдаги рақиби филиппинлик Карло Паалам бўлади.
06:50. Енгил атлетика. Эрта тонгдан вакилларимиз орасида Руслан Курбанов енгил атлетиканинг уч ҳатлаб сакраш йўналиши бўйича юртимиз шарафини ҳимоя қилди.
Афсуски, вакилимиз берилган имкониятлардан унумли фойдалана олмади ва мусобақани натижасиз якунлади. Шу тариқа 2019 йил Осиё чемпиони бўлган Курбанов учун жорий Олимпиада муваффақиятсиз ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Курбанов жорий мавсум 17.03 метр натижа билан ўзининг шахсий рекордини янгилашга эришган эди.
05:00. Енгил атлетика. Ҳамюртимиз Руслан Курбанов уч хатлаб сакраш баҳсларида ўз омадини синаб кўриш учун стартга чиқди.
1. Руслан Курбанов (енгил атлетика, эркаклар – уч хатлаб сакраш) – 05:00
2. Шаҳобиддин Зоиров (бокс, эркаклар – 48-52 кг) – 07:15
3.Элнур Абдураимов (бокс, эркаклар – 57-63 кг) – 08:03
4.Рустам Ассакалов (юнон-рум кураши, эркаклар – 87 кг) –
5.Райхона Қодирова (бокс, аёллар – 57-60 кг) – 13:00
6.Акбар Жўраев (оғир атлетика, эркаклар – 109 кг) – 15:50
Фикрлар
Yutqazadimi yutqazmaydimi farqi yoq