Тўлаган Исоқов: "Яхши ишлаётганлардан иккита мураббий қолибди"

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳозирча бош мураббийсиз турибди. Вадим Абрамовдан бўшаб қолган ушбу лавозим эгаси ким бўлиши ҳаммамизни қизиқтиряпти. Лекин бунинг жавоби ҳозирча топилгани йўқ.

Мухлислар орасида турли гап-сўзлар йўқ эмас. Мисол учун футбол мутахассислари ҳам бош мураббий масаласида фикр билдиришса, иккига бўлинишяпти. Кимдир четдан келгани яхши деса, яна кимдир ўзимизни мутахассисга ишонч билдириш тўғри йўл бўлишини таъкидламоқда.

Тўғриси, биз учун ҳам футболимиздаги мутахассисларнинг мазкур масалада билдираётган фикрлари қизиқ. ЎФА фахрийлар кенгаши раиси Тўлаган Исоқов ҳам терма жамоани ким бошқаришини исташи ва футболимиз ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Хорижлик мураббий келгани билан футболимизга мослашгунча бир йил вақт кетади”

- Тўғри, ҳозир кўпчилик терма жамоамизга чет элдан мураббий олиб келиш керак, деган гапларни айтяптилар. Хориждан мутахассисни олиб келиш учун ҳам катта маблағ талаб қилинади. Айниқса, яхшироғини олиб келиш осон иш эмас. Куперга ўхшаганлари эса кўп. Ҳозир мураббий масаласида ҳар хил фикрлар юрибди, дейишяпти-ю, аммо мен ҳали бу масалада бирор марта гаплашганим йўқ. Бу масалада шахсий фикрим шундай: хориждан мураббий олиб келганимиз билан унинг ўзбек футболини ўрганиб, мослашгунича бир йил вақт кетади. Менталитет деган сўз бор. Ҳозирги футболчиларни ҳам дунёқараши бошқача. Менга қолса, терма жамоа бош мураббийи ўзимиздан бўлгани яхши. Нимагаки, у ўзимизни футболни яхши билади ва тушунади. Бундоқ олиб қарасак, яхши ишлаётганлардан ўзи иккита мураббий қолибди. Бир марта мажлисда айтгандим, Абрамов терма жамоани эплолмадими, уни яна чақириб нима қиласизлар, дегандим. Иккита яхши ишлаётган мураббийлар сифатида Рўзиқул Бердиев билан Улуғбек Бақоев бор. Бўлди, бошқа ҳеч ким йўқ! Тўғри, бошқалар Тимур Кападзени ҳам тилга олишяпти. Аммо Кападзе, Жепаров кабилар футболни кеча тугатишган. Улар ҳозирча футболчиликнинг нони еб кўришган холос. Ҳали мураббийликнинг иши қанчалик оғир эканини билмайдилар. Биз ҳам вақтида ишлаганмиз, ҳокимларни эшигини тагида турганмиз, уларни қачон келишини пойлаб. Ана шунда мураббийлик касби анча оғирлигини тушунадилар. Хуллас, менинг фикрим шунақа. Хориждан мураббий келгани билан ҳаммаси пулга бориб тақалади. Мен бировни чўнтагидаги пулни ҳисоблашни ёмон кўраман. Қайтанга, омадини берсин дейман. Майли, четдан яхши мураббий топишсин, хурсанд бўламиз. Фақат талабга жавоб берсин.

исоков3_1

“Ёшлар араб чемпионатларига кетишяпти, у ерга бориб нима қилишади, билмайман!”

- Ёш, яхши мутахассислар кўпроқ Германиядан чиқяпти. Тухель, Клопп, Нагельсманн ёки бошқалар. Улар аввал ички чемпионатида ўзларини кўрсатишди, кейин катта клубларга кетишяпти. Уларда система яхши. Биз эса биринчи навбатда ўзимизни футболни кўтаришимиз керак. Футболимизда кучли рақобат бўлиши жуда муҳим. Ҳозир ҳамма “Пахтакор” чемпион бўлади, дейди. Кимга кўп пул берилаётган бўлса, ўша жамоа чемпион бўляпти, тўғрими? Собиқ иттифоқ даврида ҳамма жамоа бир хил эди. Ўша пайтда аксарият клубларда ойлик маош ҳамманики бир хил эди. Мукофот пули ҳам бир хил тақсимланарди. Ҳозир-чи? Ойлик маошлар ҳам, мукофот пуллари ҳам турлича, шартномалар ҳам шунақа. Бири кўпроқ, бири камроқ олади. Бу нотўғри. 11 та ўйинчи ўйнагандан кейин бундай бўлмаслиги керак. Дарвозабон бир марта тўп ўтказиб юборса, унинг хатоси, деймиз. Ҳужумчи 10 марта гол ура олмаса ҳам, уни кечириб юборамиз. Мана, “Пахтакор” футболчиларини ойлик маошлари очиқланди. Биласизми, клубларда ўйинчиларнинг олаётган маблағлари тенг бўлса, уларни клубдан-клубга сакраб юришлари ҳам камаяди. “Насаф”дагилар билан ҳам гаплашиб тураман. Энди номи чиқаётган ёшлар дарҳол хорижга кетаман, дейди. Майли, у ерга бориб ўйнаб кетса нур устига нур. Аммо боргандан кейин ўйнаб кета олмаяпти-да! Ёки араб чемпионатларига кетишади, у ерга бориб нима қилишади, билмайман. Бу ерга келганидан кейин уларни ўйини қолмаган бўлади. Ёдингиздами, Сардор Рашидов “Бунёдкор”да қанақа бошлаганди?! Кейин Қатарга кетди...Ҳамма жойнинг ўйинлари ва услублари ҳар хил.

“Европадаги чемпионатларда Шомуродовга ўхшаган ўйинчиларимиз кўпайиши керак”

- Мен бу ҳақда кўп гапирдим, терма жамоамиз кучайиши учун Элдор Шомуродовга ўхшаганлардан Европа чемпионатида битта эмас, 7-8 тача бўлиши керак. Шунда терма жамоа бўлади. Ҳамма муаммо сифатида ҳимоячилар ёки дарвозабонни айтади. Демак, шундай муаммо борми, буни устида ишлаш керак-да! Ўйинчиларни бўйи паст, дейишади. Биз ўйнаган пайтда бўйига қарашмасди, энди нимагадир бўйига қараб қолишибди. Биз ўйнаган пайтдаги тайёргарлик билан ҳозиргисини ўртасида 10 баробар фарқ бор. Ўша уч ойлик тайёргарлик бир йилга етарди. Майдондаги 11 футболчи бир хил бўлмайди, ҳамма ҳар хил. Кимнидир калласи зўр ишлайди, биттасини техникаси, яна бирини тезлиги яхши бўлади. Шуларни йиғиб, яхлит жамоа қиладигани бу мураббийни иши. Футболчиларимизни четга интилиши яхши, фақат шунга яраша ўйнаб кетишларини тарафдориман. Ёшларга маслаҳатим, нима қиласизлар, араб чемпионатларига кетиб?! Европага борса ва у ерда ўйнаб кетса нархи ошиб бораверади. Мана, Европа чемпионатини кўриб маза қиласиз. Бизни жамоалар гол ўтказиб юборса, ўзига кела олмайди. Футбол 90 дақиқа ўйналади.

исоковвввв

“Одил Аҳмедов вақтида тугатди”

- Одил Аҳмедов ҳам қариб қолганди, футболчи қачондир тугатади. Кейинги жаҳон чемпионати қачон бўлади ва унгача Одил неча ёшда бўлади? Италия нега Европа чемпиони бўлди? Чунки уларнинг таркибида иқтидорли ёшлар кўп эди. Футболни албатта вақти келиб тугатади, уни бутун умр ўйнаб бўлмайди. Фақат буни жойида тугатишни ҳам билиш керак. Аҳмедов ҳам вақтида тугатди. Кечирасиз-у, Миржалоллар билан ҳам жаҳон чемпионатига чиқа олмадик.    

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
22/07/2021 17:12
Уйчи ўйини ўйлагунча таваккалчи ишини битирар. Қўрмасдан Карлош Кейрушни олиб келиш керак у исботлади, кўрсатди мураббий қандай бўлиши керак, керак пайтда жамоаси фойдаси учун провакация қилишдан ҳам тап тортмайди, дангалчи аниқ режали шахс. Бизга айнан шунақаси керак. Абрам ва Бабага ўҳшаганлар Эмас...
Akbarali Abdunazarov
21/07/2021 21:20
Туппа тугри чет элдан мураббий керак эмас, бизга четдан 1 киши келса унга кушилиб узимизникилар устини олиб билмасликка олиб юради, М.Косимов хам яхши ишлаяпти, Ш.Арвеладзе билан Э.Дердийук пулларни хаммасини узлари олганлигига ким кафолат беради!
&
Ашуров Бахтийор
22/07/2021 05:46
Чет эллик бўлганда яхши бўлар эди.Фақат бизда танлов яхши эмас.Танлаш учун ҳам,калла керак.Бақоев бухоро ва сўғдиёнада яхши мураббий эканлиги исботлади.Лекин ҳали бир-икки йил борлиги кўриниб турибди. Бердиевни эса ҳали бошқа жамоада ишлаганини кўрмадик.Фақат бир қолибда ишлаган.Бир нарса дийиш қийин.
&
Ашуров Бахтийор
21/07/2021 17:43
Ҳамма гап мураббийда!