Тўланмаган 100 минг доллар, рози бўлмаган Левченко ва Энштейнинг талаби! Петер Сегрт Тожикистон терма жамоасидан нега кетди?
Тожикистон терма жамоаси билан Осиё чемпионатининг чорак финалига қадар етиб бориб, чинакам фурор кўтарган мутахассис - Петр Сегрт кутилмаганда ўз постини топширганидан хабарингиз бор.Шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида, кичик журналистик суриштирув ўтказдик.
Маълум бўлишича, мутахассисга бўлган эътироз Тошкентда бўлиб ўтган "CAFA CUP" мусобақасидан сўнг, кескин ортиб кетган. Тожикистон футбол ишқибозлари Ўзбекистон терма жамоасидан қабул қилиб олинган йирик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг, хорватиялик мураббийнинг истеъфосини талаб қилган. Бундан аввал Афғонистон ва Малдив ороллари терма жамоаларинигина бошқаргани сабабли ҳеч қандай авторитетга эга бўлмаган мутахассисни истеъфога чиқаришни исташган.
Шунга қарамай, мураббий ва федерация ўртасида имзоланган контрактда, агар бу иш содир бўлса Тожикистон федерацияси 100 минг доллар тўлаши керак эди. Қўшниларимиз футбол раҳбарлари 8 феврал санасида ўз якунига етадиган битимни бузишдан кўра, мураббийга уни тўлиқ ишлаб беришини афзал кўрган. Параллел равишда "Нефтчи" клуби бош мураббийи Виталий Левченко билан музокаралар олиб борилган. Режага кўра, "йўлбарслар" устози фарғоналилкар билан шартномани бекор қилган холда, ортга қайтиши керак эди, аммо ундай бўлмади. Левченко қолишни афзал кўрди. Тожикистон терма жамоаси раҳбарияти эса, Осиё кубоги олдидан бошқа муносиб вариант йўқлиги учун Сегртга ишонч билдирди.
Осиё кубогининг чинакам топилмасига айланган Тожикистон терма жамоаси чорак финалда ҳам ажойиб ўйин намойиш этиб, ортга қаҳрамон ўрнида қайтди. Натижада, мураббий ва раҳбарият ўртасидаги музокаранинг кўриниши кескин ўзгаради. Петр Сегрт янги таклиф қилинган контрактдаги маошини икки баробар кўтаришларини талаб этади. Шунингдек, ўзи билан ишлаётган мураббийлар штабига алоҳида маош қилиб беришини сўрайди. Бунга қадар, "Эйнштейн" ўз ёнидан штабига маош тўлаб келган экан.
Кечагина жамоадан кетиши учун 100 минг доллар бадал пулини тўлашни истамаган раҳбарият, мураббийнинг янги шартларини кескин қабул қилди ва у билан контракт имзоланмаслигини эълон қилди. Петр эса, Осиё кубогида яхшигина пиар компаниясини амалга оширгани сабабли, каттароқ маош беришга қодир бошқа клубда фаолият олиб боришни афзал кўрди. Маълумотларга қараганда, айни дамда у билан Эроннинг "Фулад" жамоаси музокаралар олиб борди, аммо клуб бошқа мураббийни танлади.
Тожикистон терма жамоасини бршқариш учун асосий номзодлар Муҳсин Мўйдинов ва Игор Червиченко бўлиб турибди. Шунингдек Қурбон Бердиев варианти хам кўриб чиқилмоқда.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар