Тўлқин Қиличевни Қудратулло Абдуқаҳҳоров жанги борасида нима ҳавотирга солганди?

  • 19 октябрь, 2019, 16:23
  • 0
  • Бокс

Хабарингиз бор, бугун профессионал боксда мағлубиятсиз одимлаётган ҳамюртимиз, Қудратулло Абдуқаҳҳоров навбатдаги жангини ўтказди. У океан орти вакили Луис Коллазога қарши рейтинг жангида рингга кўтарилиб, уни мағлубиятга учратди ва фаолиятидаги 17-ғалабасини қўлга киритди. Биз мазкур жанг борасида ўз вақтида ушбу боксчимизга устозлик қилган, Ўзбекистон бокс терма жамоаси катта  мураббийи Тўлқин Қиличевга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

- Ўз вақтида Қудратулло ҳам қўл остингизда бокс сир-асрорларини ўрганган. Шу нуқтаи назардан унинг барча жангларини кузатиб борган бўлишингиз табиий. Айтингчи, мазкур жанг унинг фаолиятидаги энг оғири бўлди деб айта оласизми?

- Аслида, ҳар бир жанг боксчи учун оғир бўлиши тайин. Жанг оралиғидаги масофа узоқ бўлиб кетганди. Бу борада Қудратулло ва мураббийига бироз танбеҳ ҳам бергандим. Айнан шу жиҳат мени бироз ҳавотирга солганди. Шукрки, барчаси яхшилик билан тугади.

-Луис Коллазонинг савияси борасида нима дея оласиз, сиз кутганмидингиз унинг бу даражада қаршилик қила олишини?

- Коллазо оғир рақиб бўлишини барча мутахассислар биларди. Жумладан, мен ҳам шундай деб ўйлагандим. Бу таҳминларни у жиддий қаршилиги билан ҳам исботлади. Чунки америкалик боксчи жуда тажрибали эди. Унинг профессионал рингда 39 та жанг ўтказганлиги ҳам бунга яққол мисолдир. Бу миқдорда жанг ўтказиш боксчини маҳоратини сайқаллаштириб боради. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, профессионал боксда мактаб муҳим роль ўйнайди деб айта олмайман. Одатда, ғалаба қозониш учун турли хил муғомбирликлардан тоймайдиган яъни, атайлаб жароҳат етказадиган тоифадаги боксчилар бор. Бу ҳам ўзига ҳос услуб десак бўлади. Луис Коллазони ҳам шу турдагилардан десам янглишмаган бўламан. Бир сўз билан айтганда жуда ноқулай рақиб эди.

- Жангнинг 10 раунд давом этганлиги Қудратулло учун қанчалик фойда бўлди?

- Тўлиқ давом этган раундлар жуда фойдали бўлди. Буёғига оддий, биринчи-иккинчи раундда нокаут билан ютадиган рақиблар тўғри келади деб айта олмайман. Олдинда жуда жиддий жанглар кутиб турибди. Шунинг учун, 10 раунд ишлаб, ўзини ҳар томонлама ҳолатини текшириб олишга, мураббийлар кўпроқ ишлаш керак бўлган камчиликларини билиб олишида муҳим бўлди деб айта оламан. Хуллас, ушбу омил кейинги жангларида асқотади.

- Айни ҳолатда Эррол Спенс билан жанг ўтказиш керак деб ҳисоблайсизми?

- Айни ҳолатда, хоҳламасдим бу жангни. Чунки Спенснинг соғлиғи қандай эканлигидан хабарим йўқ. Чунки, яқинда автоҳалокатга учради. Ҳозирда ҳолати яхши эканлигини айтишмоқда. Демоқчиманки, қачон тайёр бўлса, яхши формада эканлигида унга қарши рингга кўтарилиб, ғалаба қозонса мақсадга мувофиқ бўларди. Унга қадар бизнинг Қудратулло ҳам насиб қилса, яхши жисмоний ҳолатга эга бўлади.

- Умуман олганда, жангга қўйилган тактика қанчалик тўғри бўлди?

- Барчаси режа остида кечди. Тўғри, орада бироз бошқа услубда ҳам ҳаракат қилишга тўғри келди. Лекин, умумий олиб қараганда тактик жиҳатидан яхши жанг қилди. Аслида, Қудратуллонинг жанг олиб бориш услуби ҳам шундай. Яъни рингдаги мехнаткашлиги, ўз ўрнида қиладиган босими орқали рақибларига қийинчилик туғдиради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!